Киммо Килюнин матбуотга сизган парчалар ўз ҳисоботидан эмаслигини айтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қирғизистон жанубида ўтган йилнинг июн ойида юз берган миллий низолар юзасидан тергов олиб борган халқаро мустақил ҳайъат раҳбари Киммо Килюнен матбуотга сизиб чиққан парчалар ўз ҳисоботларидан эканини рад этган.

Қирғизистондаги маҳаллий ахборот агентликлари кеча душанба кунидан бошлаб халқаро мустақил ҳайъат ҳисоботидан парчалар эканини айтиб, уларни чоп этишни бошлашганди.

Уларда июн ойидаги зўравонликларда қурбон бўлганларнинг аксарияти этник ўзбеклар экани, уларнинг уйларига атайдан ўт қўйилгани ва талончилар томонидан ҳам мол-мулклари талон-тарож қилингани айтилади.

Бундан ташқари, миллий низолар чоғида қирғиз жамоасининг ҳам жабр чеккани хусусида сўз боради.

Ҳисоботдан матбуотга сизиб чиққани айтилган парчаларда, шунингдек, муваққат қирғиз ҳукумати қонли можаронинг олдини ололмаганликда ҳам айбланади.

Оломон қурол-яроғ ва зирхли ҳарбий уловларини тортиб оларкан, ҳарбийлар томонидан деярли қаршилик кўрсатилмагани ҳам айтилади.

Бугун Қирғизистон расмийлари ҳам 24kg ахборот агентлиги томонидан эълон қилинган парчаларнинг ҳақиқатдан ҳам халқаро комиссияга тегишли эканини рад этиб чиқишган.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент Ассамблеяси президентининг муовини бошчилигидаги халқаро мустақил ҳайъат ўтган йили қирғиз ҳукуматининг сўрови билан июн қирғинини ўрганишга киришганди.

Ҳайъат хулосасининг шу йил январ-феврал ойларида эълон этилиши кутилган, аммо кейин март ойига кечиктирилган, март ойига келиб эса, қирғиз ҳукуматининг ўрганиб чиқиш учун кўпроқ вақт беришга оид сўрови ортидан эса, апрел, май ойига қолиб кетган.

Жаноб Килюненнинг сўнгги баёнотига кўра, халқаро мустақил ҳайъатнинг текширув натижалари келаси ҳафта эълон қилинади.

Қирғизистон жанубида этник ўзбеклар ва қирғизлар орасида юз берган қонли тўқнашувларда минглаб кишиларнинг қурбон бўлганликлари ва минглаб уй-жойу биноларнинг вайрон этилгани айтилади.

Халқаро ва маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари миллий низолар чоғида жабр кўрганларнинг аксарияти ўзбеклар эканини таъкидлашади.

Қирғизистон воқеалари юзасидан халқаро мустақил ҳайъатдан ташқари, Қирғизистон ва Ўзбекистондаги қатор инсон ҳақларини сақлаш ташкилотлари ҳам ўз текширув ишларини олиб боришганди.

Улар томонидан эълон қилинган ҳисоботлар эса, қирғизистонлик сиёсатчилар томонидан бир хилда қарши олинмаган.

Июн ойида йўқолган қурол топилган

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, Ўш минтақаси яшовчисидан июн ойидаги ғалаёнлар чоғида йўқолган "Калашников" русумидаги автомат топилган.

Қирғизистонлик масъулларга кўра, қурол мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитасининг чегара бўлинмасига тегишли бўлган.

Қора Сув туманида яшовчи шахснинг исми шарифи ёки миллати очиқланмаган.

Ҳозир автоматнинг қандай қилиб унинг қўлига тушиб қолганини аниқлаш учун тергов жараёни бошлангани айтилади.

Бундан ташқари, хабарларга кўра, Иссиқ-Кўл вилоятининг Чўлпон-Ота шаҳрида ҳам аввал яширилган қурол-яроғ сақланган жой топилган.

Ички Ишлар вазирлиги матбуот хизматига биноан, газлама тугунчанинг ичида "Калашников" автомати, граната, тахминан юзта ўқ-дори ва иккита қора ниқоб бўлган.

Қурол-яроғни текширганда, АКС-74 автомати 1993 йилнинг 13 июлида Тожикистондаги ҳарбий бўлинмадан ўғирлангани аниқланган.

Шу ҳодиса туфайли жиноий иш қўзғалиб, тергов амаллари юритилмоқда.