'Ўшда ўзбекнинг ўз бозори, қирғизнинг ўз бозори бор'

Image caption Ҳар бир жамоа ўзига бозор ташкил этгани ишончсизлик нишонаси

Ўш шаҳрида истиқомат қиладиган инсонлар маҳаллий ўзбеклар билан қирғизлар ўртасидаги ишончсизлик ҳамон сақланиб қолаётганини айтадилар.

Буни шаҳарнинг турли мавзеларида янги-янги бозорлар пайдо бўлганида кўриш мумкин.

Ўшликларнинг Би-би-си билан суҳбатларида айтишларича, шаҳарнинг маҳаллий аҳоли "Калинин кўча" деб атайдиган қисмида, "Ўн адир"да 2010 йил июн ойидаги қирғизлар билан ўзбеклар ўртасидаги қонли тўқнашувлардан кейин янги деҳқон ва буюм бозорлари ташкил этилган.

"Ҳозир "Бир адир"нинг ўзининг бозори бор, "Западний"да алоҳида бозор очилган, ОблГАИ томон, Навоий кўчасидаги одамлар ўзлари бозор очиб олишган. Ўзбек алоҳида, қирғиз алоҳида", дейди ўшлик Муаззам опа.

"Лекин ўзбеклар янги ошхона, сомсахоналар очишаяпти. Ўша тамаддихоналарга ҳам бошқа миллат вакиллари овқатланишга кириб туришипти. Бировнинг бировга иши бўлаётгани йўқ", дейди Муаззам опа.

Бозорларда озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари ўтган йилнинг баҳор ойларига солиштирганда қимматлиги кузатилаяпти.

"Бир кило сабзи 35-40 сомга чиқиб кетди. Сабзи ҳам шунча қиммат бўлганми ҳеч замонда?", дейди ўшлик Манзура опа.

Шу кеча-кундузда 1 АҚШ доллари қарийб 47 Қирғизистон соми қийматида баҳоланаяпти.

Бундай шароитда одамлар қандай рўзғор тебратишаяпти, деган саволга, кўпчилик болаларини Россияга чиқариб юборган, дея жавоб қайтаради Манзура опа.

Россияда меҳнат муҳожирига айланганлар кўплаб ўзбек оилаларининг ягона даромад манбаи бўлиб туриптилар.

Қирғизистон расмийлари қонли ҳодисалардан кейин ўн минглаб ўзбекларнинг Россияга чиқиб кетганини айтганлар.

Ўшликлар уйлари куйган, вайрон бўлган кишиларга халқаро ташкилотлар катта ёрдам кўрсатганини айтишади.

Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, Халқаро Қизил Хоч ташкилоти, АҚШнинг USAID, маҳаллий "Меҳр-шафқат" ташкилоти кўмаклари билан хонадонлари вайрон бўлганлар икки хонадан иборат уйлар қуриб олишган.

"Уйни қуриб олиш ҳеч нарса эмас. Тинчлик бўлса, кўчада ухлаб бўлса ҳам кунни ўтказса бўлади. Лекин ўлганларни ким тирилтириб беради", дейди ўшлик онахонлардан бири.

Онахон ўтган йилги даҳшатли ҳодисалар, инсонларнинг ўз кўзлари билан кўрганлари инсонларнинг саломатлигига жиддий путур етказганини айтади.

"Ўша воқеалар туфайли кимдир инфаркт бўлиб оламдан ўтди, маҳалламизда кимнингдир юрак хуружи тутадиган бўлиб қолди, кимнингдир қон босими кўтарилиб кетадиган бўлиб қолди. Бу кунни ҳеч ким унута олмайди. Мана 70 йил олдин Германия фашистлари мамлакатимизга ҳужум қилганлари учун ҳозиргача немис-фашистларини ёмон кўрамиз-ку. Қанча замонлар ўтиб кетган бўлса ҳам бир умр эсимиздан чиқмайди", дейди ўшлик аёл.