Россия меҳнат муҳожирларига рус тилини ўргатмоқда

Image caption Россия ҳукумати рус тилини ўрганиш муҳожирлар орасидаги жиноятчиликни камайтиради, деб умид қилмоқда

Москва шаҳар ҳукумати муҳожирларнинг жамиятга интеграция бўлишларига қаратилган лойиҳалар учун миллиардлаб рубл маблағ ажратишини маълум қилган. Асосий урғу рус тилига берилади.

Россия матбуотининг Москва шаҳар ҳокими Сергей Собяниндан иқтибос келтиришича, пойтахт мактабларидаги кўпчилик муҳожирларнинг фарзандлари рус тилини умуман билмайди.

Жаноб Собянин муҳожирларга рус тилини ўргатиш учун қўшимча курслар ташкил этишни таклиф қилган.

Москва ҳокимияти ҳузуридаги Муҳожирлик кенгаши пойтахт мактабларида ўқийдиган муҳожирларнинг аниқ сонини ўрганиш мақсадида текширув ўтказишини маълум қилган.

Расмийларга кўра, айрим мактабларда ўқувчиларнинг ярмидан кўпи рус тилида гапирмайдиган синфлар бор.

Москвадаги "Муҳожирлик ва Қонун" ҳуқуқий маркази директорининг ўринбосари Сулаймон Шоҳизода муҳожирларга рус тилини ўрганишларида кўмак бериш истагини олқишлайди, аммо махсус курслар ташкил этиш ғоясига эҳтиёткорлик билан ёндошиш кераклигини айтади.

"Қандайдир махсус мактаб ёки курсларни ташкил этиш қанчалик самарали бўлади, билмайман. Аммо ҳозирнинг ўзида, муҳожирларнинг фарзандларига рус тилини ўрганишларида кўпроқ ёрдам бериш ҳаракатлари бор. Хусусан, бошланғич синфларда. Менга яқинда Москва бу ва муҳожирларнинг интеграция бўлишларига ёрдам бериш мақсадларига 12 миллиард рубл маблағ ажратганини айтишди. Менимча, бу маблағ ҳозирнинг ўзида муҳожирларнинг фарзандларига рус тилини ўргатаётган ўқитувчиларни қўллаб-қувватлашга сарфланса, мақсадга мувофиқ бўлади, " - дейди Сулаймон Шоҳизода.

Муҳожирларнинг рус тилини ўрганишига қаратилган лойиҳалар Россиянинг меҳнат муҳожирлари тўпланган бошқа минтақаларида ҳам йўлга қўйила бошлаган.

Санкт - Петербургда "Бағрикенглик" деб аталган иккита лойиҳа йўлга қўйилган ва ҳозирнинг ўзида 60 нафар муҳожир ушбу лойиҳа доирасидаги рус тили курсларини битириб чиққан.

Россия расмийлари муҳожирларга рус тилини ўргатиш билан улар орасидаги жиноятчилик даражасини пасайтиришга умид қилаётганликлари айтилади.

Санкт-Петербургда ўзбекистонлик муҳожирлар учун яқиндан бошлаб чиқа бошлаган "Петербург.уз" номли рўзнома асосчиси Равшан Қурбоновнинг айтишича, муҳожирларнинг рус тилини етарли даражада билмасликлари билан жиноятчилик ўртасида тўғридан-тўғри боғлиқлик бор.

"Бу ерда тўғридан-тўғри боғлиқлик бор. Чунки одамлар келишади, ишга рухсат ёки патентни қаердан олиш, кимга учрашишни билишмайди. Уларнинг кўпчилиги қандайдир воситачиларга мурожаат қиладилар. Бу воситачилар ҳам ўзимизнинг одамлар. Аммо улар тайёрлаб берган ҳужжатлар сохта бўлгани учун полиция қўлига тушса, жаримага тортади. Шундан кейин иш берувчи ҳам муҳожирни кўчага ҳайдаб юборади. Бу одам нима қилади, бир ерда яшаши керак, овқат ейиши керак. Боради-да, биттасининг сумкасини ўғирлайди ёки магазинга бориб, нон ўғирлайди", - дейди Равшан Қурбонов.

Image caption Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Россиядаги муҳожирларни рус тилини ўрганишга даъват қилган

Аммо тирикчилик ташвиши билан овора ва оғир шароитларда ишлаётган меҳнат муҳожирлари рус тилини ўрганишга вақт топа оладиларми? Кўпчиликни ташкил этиши айтиладиган ноқонуний муҳожирларчи?

Равшан Қурбоновнинг айтишича, ҳамма нарса истакка боғлиқ ва ноқонуний муҳожирлар учун тил ўрганишда чеклов йўқ.

"Ким хоҳласа, вақт топаяпти. Бу ерга мослашаман, қонунларни ўрганаман, деган одамлар вақт топишади. Ҳозир хатто ноқонуний муҳожирларга ҳам тил ўрганишлари учун шароит яратиб берилаяпти", - дейди ўзбек тилидаги "Петербург.уз" рўзномаси муҳаррири.

Равшан Қурбоновга кўра, Ўзбекистондан бораётган меҳнат муҳожирларининг тақрибан ярми рус тилида сўзлаша олади.

Аммо мустақиллик йилларида рус тилида таълим берадиган мактаблар сони, айрим маълумотларга кўра, ярмига қисқарган ва миллий мактабларда рус тили хорижий тил сифатида 2 соатдан ўқитилади, холос.

Кузатувчиларнинг фикрларича, мустақиллик йилларида рус тилида гапирмайдиган бутун-бошли авлод етишиб чиққан ва айнан шу авлод бугун Россиядан иш қидиришга мажбур бўлмоқда.

Тошкентлик таҳлилчи Сергей Ежков буни давлат сиёсати эмас, балки русийзабон аҳолининг Ўзбекистондан кўчиши натижаси, деб билади.

"Рус тили Ўзбекистоннинг барча мактабларида ўқитилаяпти. Аммо рус тили ўқитувчилари етишмайди. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда рус тилининг, таъбир жоиз бўлса, илдизлари йўқолди. Бунинг сабаби русийзабон аҳолининг кўчиши билан боғлиқ. Аммо охирги пайтларда тобора кўпроқ ота-оналар фарзандларини рус мактабларига бераётгани кузатилади", дейди Сергей Ежков.

Тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Дилором Исҳоқова ҳам болаларини рус мактабларига беришни хоҳлаётган ота - оналар кўпайиб бораётганини тасдиқлайди.

Аммо унинг фикрича, бу фақат Ўзбекистондаги биргина ишсизлик эмас, балки умумий таълим савиясининг тушиб кетгани билан ҳам боғлиқ.

"Ҳеч қайси ота-она биринчи синфга бораётган ўғли ёки қизини Россияга бориб, мардикорлик қилсин, деб рус мактабга бермайди. Мен ўғлимни шахсан рус мактабига билим олсин, деб берганман. Чунки ўзбек мактабларида билим савияси тушиб кетган. Ўқитувчиларимизнинг ўзлари қул. Эрталабдан-кечгача шанбаликда. Кўча супуртир, у қил, бу қил. Масалан, менинг ўғлим ўқиётган мактабда учта синф рус синфи, бошқаси ўзбек синфлари. Ўзбек синфлари қачон қарасангиз шанбаликда. Аммо рус синфлари ҳеч қачон чиқмайди. Чунки ўғлимнинг ўқитувчиси, рус аёл, "менинг ўқувчиларим мактабга ўқиш учун келади" деб директорнинг юзига айтган. Мана шунақа томмонлари бор-да", - дейди Дилором Исҳоқова.

Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирларининг рус тилини ўрганишлари ҳақидаги чақириқларга яқинда Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси, Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳам қўшилган.

Россиядаги "Собрание" диний-маърифий уюшмасининг анжуманида иштирок этган таниқли уламо муҳожирларнинг интеграцияси масаласида Россия ҳокимиятига ҳар томонлама ёрдам бериш зарурлигини айтган.

Ислом.ру нашрининг Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдан иқтибос келтиришича, дин уламоси айни мақсадда муҳожирларга махсус мурожаат билан чиқиш ниятида.