Қозоғистонда 'Болалигим осмони' филми турли фикрларга сабаб бўлмоқда

Филмдан олинган сурат Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Қозоғистонда илк маротаба мамлакат президенти Нурсултон Назарбоев ҳақида бадиий фильм ишланган.

Назарбоевнинг болалик чоғларини акс эттирувчи ушбу картинада ёш Султон тенгдошлари орасида энг зўри этиб тасвирланади.

Ҳаммага ёрдам берувчи, ўртоқларини ортидан эргаштирувчи Нурсултон Назароевнинг болаликдаги орзуси - учувчи бўлиш амалга ошмай қолгани кўрсатилган. «Болалигим осмони» фильмига 3 миллион доллар атрофида сарфлангани айтилмоқда.

Фильм томошабинлар томонидан катта қизиқишлар билан кутиб олинмаган эса-да, режиссёр филмнинг иккинчи қисми, Назарбоевнинг сиёсатга кириб келиши ҳақида кино олишни режалаштирмоқда. "Болалигим осмони" филми жорий Президент Нурсултон Назарбоевнинг болалигини рўйи рост кўрсатишга ҳаракат қилган.

Фильм режисёри Рустам Абдрашовнинг айтишича, бу масъулиятни ўз зиммасига олиш ўта қийин бўлган ва тарихни бузмай кўрсатишга уринган.

"Хотиралари ҳақидаги китобни ўқигач, Назарбоевнинг юртдошлари ва синфдошлари билан суҳбатлардан сўнг, ушбу ҳикоя бизга қизиқ туйила бошлади. Яйловдан мактабга тушган ушбу болакай орқали урушдан кейинги оғир дамларни кўрсатиб бера олдик", дейди фильм режиссёри Рустам Абдрашов.

Оддий, ўртаҳол оила фарзанди Султон, ўқишга катта аҳамият берувчи, ҳар доим дарсга тайёр ва илмга чанқоқ бола сифатида тасвирланади.

Фильмни томоша қилган олма оталик талабага бош қаҳрамоннинг айнан шу жиҳатлари ёққан.

"Филм жуда ҳам яхши бўлган. Ёшларимизга ўрнак бўла олади. Ҳозир ғоялар жуда тез ўзгармоқда, кўплаб турли қаҳрамонлар пайдо бўлмоқда. Агар мана шундай филмларни тез - тез қўйиб турса, ёшларимиз шундай яшашга ва Назарбоев каби буюк одам бўлишга интилади", - дейди олма оталик талаба.

Фильмда болаларга хос соддалик ва юмордан фойдаланилган.

Назарбоев болалигини турли ёшдаги учта актёр ўйнаган. Унда биринчи муҳаббатдан тортиб, ҳаёт қийинчиликларини кўрсатишга ҳаракат қилинган.

Мисол учун, Султон ўсмир ёшда бўларкан, ота - онасига лавлаги экишда ёрдамлашиши ва бир мавсум меҳнатларига арзимас 25 кило атрофида шакар олиши кўрсатилган.

Ва ота - бола йиллардан давомида етиштирган боғдаги дарахтларга солиқ солинганда отаси Абиш оғанинг жаҳл аралаш уларни кесиб ташлаши тасвирланади.

Пионер Султон олмон тилида шеър ўқийди. Келишган бу ўспиринни атрофдагилар ҳаммаси ҳурмат қилади ва унга эргашади.

Фильмни кўрган Қуанишнинг айтишича, кинодаги айрим жойлар ҳақиқатдан йироқ бўлиб қолган:

"Менимча озроқ ҳақиқатдан йироқроқ. Аммо, ўзим китобини ўқимаганлигим учун аниқ солиштиролмайман. Бироқ, кўп жойи ҳақиқатга тўғри келмайди, ошириб юборишган", дейди олма оталик Қуаниш.

Кинонинг энг авж нуқтаси

Ёш Султон ўспирин чоғида учувчи бўлишни орзу қилади. Ҳаттоки шаҳардаги учувчилар тайёрлаш ҳарбий билим юртига ўқишга ҳам киради. Аммо, томошабинлар айтганидек, тақдир тақозоси ва овул катталари маслаҳати билан орзуси амалга ошмайди.

"Менга ёққани катталарни ҳурмат қилиши бўлди. Агар уларнинг гапига кирмай кетиб қолганда, ҳозир президент бўлмай, президентимиз бошқа биров бўлармиди. Бу Аллоҳнинг бизга бўлган марҳамати бўлса керак. Худога шукур элимиз тинч, бизда динга ҳам қозоқ тилига ҳам муносабат яхши", дейди филмни кўрган Серикқасим оға.

Фильмни ижтимоий тармоқларда муҳокама қилганлар, президент тирик бўла туриб у ҳақда фильм олиш шахсга сиғиниш аломатлари дея фикр билдиришган. Аммо, режиссёр бундай иддоларни рад этади.

"Ушбу филмда шахсга сиғиниш йўқ. Уни ишлашга ёрдам берганлар ва томоша қилганларда қаҳрамонимизга нисбатан ҳақиқий инсоний муҳаббат ва рағбат кўрдим. Назарбоев бекорга муддатидан олдинги сайловларда ишонч билан ютиб чиққани йўқ", - дейди Рустам Абдрашов.

Абдрашов жанобларининг қўшимча қилишича, Қозоғистонда халққа ўрнак бўладиган замонавий қаҳрамон бор ва уни оламга кўрсатиш керак.

Фильм режиссёри Назарбоевнинг кейинги даври ҳақида ҳикоя қилувчи филмнинг иккинчи қисмини ишламоқчи.

Ҳозирча эса, қозоғистонликлар кинотеатрларида Назарбоевнинг амалга ошмаган орзулари, қийин ва саргузаштларга бой болалик даврини томоша қилишмоқда.