"Жанубда ўзбеклар геноциди бўлмаган" - қирғиз бош вазири

Image caption Расмий Бишкек этник зўравонликлар энг кўп жабр чеккан ўзбек аҳолининг жиноий жавобгарликка тортилишига йўл қўйиб келмоқда

Туркияга расмий сафар билан келган Қирғизистон Бош Вазири Алмазбек Атамбаев ўтган йил июнида Ўш ва Жалол-Ободда юз берган воқеаларни "ўзбеклар геноциди" деб айтиш нотўғри эканини айтган.

Анқарада ўтган матбуот анжуманида гапирар экан, жаноб Атамбаев 2010 йил 7 апрелида Қурманбек Бакиев президентлик курсисидан қувилиши ортидан жанубга йўл олган ва у ерда алоҳида мамлакатни барпо қилишга уринган, жанубдаги милиция ва ҳокимиятлар ҳам унинг қўлида бўлган.

У "учинчи кучлар" бўлганини ҳам такрорлади.

"Осмонга қизил ракеталар отилган, масжидлару миноралардан уруш бўлиши ҳақида эълонлар қилинган. Лекин уч кундан сўнг тўқнашувлар тўхтатилган. Баъзи мамлакатларда ҳатто уч ой ичида ҳам бу каби муаммоларни ҳал эта олишмайди. Мен жанубга сафар қилдим, у ерда одамлар сиёсатчилар қурбонларига айланганларини англаб етишди", - деди Атамбаев.

У Қирғизистон жанубида турли сиёсий ўйинлар давом этаётган бўлиши мумкинлиги, ва уларда наркобаронлар ва бошқа жиноий гуруҳлар аралашганини айтган.

Ўтган ҳафта жаноб Атамбаев қирғиз жануби бўйлаб сафар қилиб, бир қатор маъмурий ва ҳуқуқ-тартибот расмийларини ишдан олганини билдирганди.

Бироқ, кўп таҳлилчилар этник зўравонликлар ортидан миллатчилик руҳида очиқча баёнотлар билан чиқиб келган ва Роза Ўтинбоева ҳукуматини тан олмаслигини айтган Ўш ҳокими Мелис Мирзакматовнинг лавозимда қолаётганини марказий ҳукуматнинг жанубда ожизлиги билан изоҳлашмоқда.

Қирғиз ҳукумати раҳбари жорий йилнинг 10 июнида жанубдаги этник зўравонликларда нобуд бўлганлар хотирасига ёдгорлик очилиши ва бу кун Тинчлик куни деб эълон қилинишини билдирди.