'Қашшоқлик сабаб Нишон туманида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари ортган'

Image caption Айниқса, бугунги кунда рўзғор ўтказиш машаққати ўз зиммасида қолган аёллар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кўп учраши айтилади

Ўзбекистондаги Мустақил Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳига кўра, қашшоқлик сабаб жанубий Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида аҳоли орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари ортиб бормоқда.

Гуруҳ фақат ўзларига маълум бўлган ҳолларнинг ўзиёқ шунга далолат қилаётгани, амалда эса, худкушлик ҳолатлари бундан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини таъкидлайди.

Ташкилотнинг вилоятдаги ходимларига таяниб хабар беришича, жорий йилнинг март-апрел ойларида биргина Нишон туманининг ўзида камида тўрт киши ўзини ўлдирган. Улардан икки нафарининг вояга етмаганлар бўлганликлари айтилади.

Инсон ҳуқуқлари фаолларининг баёнотида тилга олинган энг сўнгги маълумотда Нишон туманининг Оқ олтин қишлоғида 22 апрел куни юз берган худкушлик ҳодисаси тилга олинади.

Аён бўлишича, вояга етмаган уч нафар боланинг отаси 45 ёшли Баҳодир Одинаев ўзини осиб қўяди.

У яшаган маҳалла аҳлининг айтишича, маҳалладошларининг ўлимига оиласидаги оғир иқтисодий аҳвол, ишсизлик ва тирикчилик ўтказишнинг бирор бир чораси йўқлиги сабаб бўлган.

Гуруҳ келтирган маълумотларга қаралса, жаъми беш жондан иборат Одинаевлар оиласи ўтган 15 йил давомида туманнинг ўзида арзимаган ҳаққа мардикорчилик қилиб, рўзғор тебратишган. Аммо сўнгги йилларга келиб, иқтисодий ва ижтимоий аҳволнинг ёмонлашиши оқибатида мардикорчилик қилиб, пул топишнинг имкони ҳам йўққа чиққан.

Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, бунинг оқибатида болалари, ҳатто, қорни тўйиб нон ҳам ейишолмаган. Мева-чева ва сабзавотларнинг ҳали пишиб етилмагани эса, оилани ўта аянчли аҳволда қолдирган.

Ташаббус гуруҳи, айниқса, турли хил сабаблар туфайли оилани боқиш ўз зиммаларига қолган аёллар орасида ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кўп учрашини айтади.

Ва ўз ўрнида, туманда вужудга келган бу каби ҳолатнинг олдини олиш учун маҳаллий масъуллар томонидан деярли ҳеч бир иш қилинмаётганини ҳам урғулайди.

Маҳаллий кузатувчилар 2000 ва 2005 йиллар оралиғида Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларида ҳам ўз жонига қасд қилиш ҳоллари кўп учраганлигини айтишади.

Гуруҳ раҳбари Суръат Икромов сўнгги йилларга келиб ходимлари сонининг камайиб кетгани боис, биргина ўз ташкилоти мисолида ҳам бу каби ҳолатларнинг тўлиғича қайд этишга имконсизликларини таъкидлайди.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Қашқадарё вилоятидан ташқари, яна Ўзбекистоннинг Фарғона водийсида ҳам аҳоли орасида ўзини ўлдириш ҳоллари кенг тарқалганини айтишади.

Аммо, уларга кўра, чўл ҳудудида жойлашганлиги ва шу сабаб тирикчилик қилиш имконларининг камлиги боис, Қашқадарё вилоятидаги аҳвол Фарғона водийси билан солиштирганда, анчайин чорасиздир.