Тожикистон маҳкамаси икки ўзбекистонликни узоқ йилга ҳукм этди

Image caption Тожикистон маҳкамаси томонидан узоқ йилллик қамоқ жазоларига ҳукм этилганлардан икки нафарининг Ўзбекистон фуқаролари эканликлари айтилади

Тожикистон маҳкамаси мамлакатда фаолияти тақиқланган "Ҳизбу Таҳрир" диний гуруҳининг ўндан ортиқ аъзосини 3 йилдан 20 йилгача қамоқ жазоларига ҳукм этган. Улардан икки нафарининг Ўзбекистон фуқаролари эканликлари айтилади.

Аён бўлишича, судланувчилардан айримлари бундан аввал ҳам ушбу фирқага аъзолик айби билан жиноий жавобгарликка тортилган бўлишган.

Шимолий Суғд вилояти маҳкамасининг билдиришича, айбланувчилар миллий ва диний нафрат уйғотиш ҳамда Тожикистон ҳукуматини куч билан ағдариш каби айбловларда айбдор деб топилишган.

Тожикистондаги Asia Plus хусусий ахборот агентлигининг вилоят маҳкамасидаги манбага таяниб хабар беришича, Ўзбекистон фуқаролари, бундан ташқари, Тожикистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтишда ҳам айбланишган ва 14 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилишган.

Маҳаллий экспертлар Суғд вилояти "Ҳизбу Таҳрир"нинг Тожикистондаги асосий таянч нуқтаси эканини айтиб келишади.

Суғд вилоят прокуратурасининг ўтган йилги маълумотларига қаралса, бир йилнинг ўзида гуруҳнинг 42 нафар аъзосига қарши жиноий иш очилган.

"Ҳизбу таҳрир" гуруҳининг фаолияти Тожикистонда 2001 йилда тақиқланган. Аммо, кузатувчиларга кўра, фирқа яширин равишда, аввалгига қараганда анча эҳтиёткорлик билан фаолият юритишда давом этмоқда.

Ислом оламида тинч йўлда халифалик ўрнатиш ниятини даъво қиладиган "Ҳизбу Таҳрир" Россия ва Марказий Осиёда террорчи ташкилот сифатида кўрилади.

Аммо халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари айни ташкилот шу пайтга қадар зўравонликка қўл урмаганини айтадилар.

Гуруҳнинг зўравонликларга алоқаси бор ёки йўқлигидан қатъий назар, ташкилот Марказий Осиёнинг дунёвий ҳукуматлари орасида қаттиқ ташвиш уйғотаётганига шубҳа йўқ.

Ўзбекистонда унинг кўплаб тарафдорлари қамоққа ташланган ва Тожикистон ҳамда Қирғизистонда ҳам ҳибсга олишлар сони кўпайган.

Тожикистон ҳукумати, бундан ташқари, ўтган йили беқарор шарқий Рашт водийсида кечган ҳодисалар ортидан мамлакатда исломий радикализмнинг барча кўринишларига барҳам бериш ҳаракатига тушиб қолган.

Аммо, ҳукумат танқидчиларига кўра, уларнинг бу уринишлари демократик эркинликлар ҳисобига тўғри келаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди.