Хитой Туркманистонга яна миллиардлаб доллар қарз беришга рози бўлди

Image caption Туркманистон янги қарзини ҳам ўз экспорт салоҳиятини яхшилашга сарфлашини айтмоқда

Хитой Тараққиёт Банки Туркманистоннинг давлатга қарашли "Туркменгаз" ширкатига тўрт миллиард доллардан ортиқроқ қарз беришга расман рози бўлди.

Бу хусусдаги шартнома томонлар орасида шу ҳафта бошида имзоланган.

Президент Ислом Каримовнинг яқинда Хитойга қилган сафари чоғида расмий Пекин Ўзбекистоннинг ҳам йилига 25 миллиард долларлик газ таъминотига оид ваъдасини қўлга киритганди. Ва Ўзбек томонига 5 миллиард долларга тенг сармоя киритиш таклифи билан ҳам чиққанди.

"Туркменгаз"нинг билдиришича, Хитой бераётган қарз Туркманистоннинг экспорт потенциалини кучайтириш ва улкан Жанубий Йолотан газ конини ўзлаштириш ишларига сарфланади.

Хитой бундан икки йил олдин ҳам Туркманистонга 4 миллиард миқдорида соф кредит берганди.

Туркман томонига кўра, келажакдаги газ таъминоти билан миллиардлаб эканига қарамай, Хитойда олинган қарзларнинг ҳаммаси чиқиб кетади.

Янги битимга мувофиқ эса, Туркманистоннинг сўнгги қарзини келаси 10 йил ичида тўлаб қўйиши кўзда тутилади.

Туркманистон 2009 йилда ишга тушган янги қувур орқали Хитойга илк бор газ экспорт қилишни бошлаганди.

2015 йилга бориб, Туркман томони ушбу қувур орқали Хитойга йилига 40 миллиард кубометр газ етказиб беришни режаламоқда.

Аммо газ таъминотига оид ушбу битимнинг тужжорий шартлари расман ошкор қилинмаган.

Хитой шу йилнинг ўзида Туркманистон раҳбарияти билан газ таъминотини яна 20 миллиард долларга оширишни кўзда тутувчи янги битим ҳам имзоламоқчи.

Агар расмий Пекиннинг нияти амалга ошса, Туркманистон Хитойга етказиб беражак газ миқдори 60 миллиард кубометрга етади. Бу эса, Хитой ўтган йили истеъмол қилган газнинг ярмидан кўпроғи деганидир.

Аммо ушбу режанинг ижроси янги газ қувурларининг қурилишини тақозо этади. Хитой олдидаги масъулиятини бажариши учун эса, Туркманистон Жанубий Йолотан газ конини жадаллик билан ўзлаштириши керак бўлади.

Хорижий ширкатлар иштирокидаги қатор тадқиқотлар ортидан, ушбу конда 6 триллион кубометр газ борлиги ишонилади.

Туркманистон газ таъминоти борасида Россия ва Эрон билан шартномаларга эга, бундан ташқари, Оврўпо, Афғонистон, Покистон ва Ҳиндистонга газ экспорт қилиш орзусида.

Айрим экспертлар эса, Туркманистон бунга қанчалик қодир эканини савол остига олишади.

Аммо Туркман мулозимларининг айтишларича, 2030 йилга бориб йиллик газ ишлаб чиқариш ҳажми Туркманистонда 230 миллиард кубометрга етади.

Саноати шиддат билан ривожланиб бораётган Хитой эса, сўнгги йилларда Марказий Осиё энергия бозорларини эгаллашга жиддий ҳаракат қилмоқда.