Президент Бердимуҳаммедов Ўзбекистонга сафар қилади

Image caption Президент Бердимуҳаммедов Ўзбекистонга Каримов жаноблари таклифи билан сафар қилади

5-6 май кунлари Туркманистон раҳбари Гурбангули Бердимуҳаммедов Президент Каримовнинг таклифи билан Ўзбекистонга бориши кутилмоқда.

Бу Туркманистон мустақиллик тарихида туркман раҳбарининг Ўзбекистонга олтинчи сафаридир. Шарҳловчилар кейинги пайтлар Турманистон ва Ўзбекистон алоқалари қуюқлашаётганини айтишади.

Расмий борди-келдилар жараёнида турли соҳаларда ҳамкорликка оид 150дан ортиқ келишувлар имзолаган. Маълумотларга кўра, икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 2010 йил қарийб 200 миллион долларни ташкил этган.

Айтилишича, Президент Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг сафари давомида ҳам икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга оид масалалар мубоҳаса этилиши, минтақавий ва халқаро доирадаги долзарб мавзулар борасида фикрлар алмашилиши ҳамда иккитомонлама ҳамкорликка оид қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

Туркманистон масалалари бўйича таҳлилчи Мекан Наврўзовга кўра, учрашув чоғи Ўзбекистон ташаббуси билан сув масаласи ҳам мубоҳаса этилиши мумкин.

"Сув масаласи, аниқроғи, Амударё сувини тақсимлаш ва қўшни Тожикистоннинг сув иншоотлари қуриш режалари туфайли сув танқислиги юзага чиқиш эҳтимоллари мубоҳаса этилиши мумкин. Бундан ташқари, ҳар икки мамлакатни боғловчи, қизиқтирувчи масалалар яна юк транзити ва экспорт масалалари ҳам бор", дейди Мекан Наврўзов.

Image caption Чегараоша борди-келди масалалари қачон ҳал этилади?

Улардан бири Ўзбекистоннинг Яқин Шарққа етакловчи транспорт йўлаги барпо этишга оид лойиҳа бўлиб, бу "жаҳон бозорига чиқиш учун улкан имконият" сифатида таърифлаганди. Яъни, Ўзбекистоннинг Яқин Шарқ билан "кўприклар ўрнатиши" учун Туркманистон энг қулай ҳисобланади.

"Шу билан бирга Туркманистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Хитойга газ экспорт қилувчи мамлакатлар. Газ қувури эса, битта. Демак, газ экспорти ҳажмлари ва нархлар масаласи ҳам тилга олиниши тайин. Бундан ташқари, Афғонистондан ноқонуний гиёҳванд савдосига қарши курашда ҳамкорлик ҳам муҳокама этилиши мумкин. Аммо, бетарафлик мавқеъини сақлаб келаётган Туркманистон барча масалаларда ҳам қўшнилари қарашларига қўшилавермайди. Масалан, у МДҲ, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти каби ташкилотларга қўшилмаган. Шу ўринда Туркманистон ташқи алоқаларда фақат иқтисодий манфаатларни кўзлаб ҳаракат қилади дейиш мумкин", дейди таҳлилчи.

Бироқ, икки мамлакат ўртасидаги виза тартиби масаласи ечимини кутиб қолаётган муаммолардан бири бўлиб, айни мавзу раҳбарлар учрашувида тилга олинадими-йўқлиги маълум эмас.

Борди-келди масаласида нафақат Туркманистонда яшайдиган ўзбеклар, балки Хоразмда яшайдиган туркманларнинг ҳам муаммолари ҳал этилмай қолаётир.

Ҳозирда чегара ҳудудларида истиқомад қилувчи фуқаролар бир ойда 3 кунгина бир-бирилариникига сафар қилишлари мумкин.