Олма отада 2 мингга яқин одам хусусий ерни босиб олмоқчи бўлган

Олма ота шаҳри четидаги Думан микро туман ёнида 2 мингга яқин одам хусусий ерни босиб олмоқчи бўлган. Полиция уларнинг 200 дан ортиғини маъмурий жавобгарликка тортган. Бир қисм тартиббузарлар эса, тергов мақсадида ҳибсда ушлаб турилибди.

Ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, 1 май куни шаҳардан чиқаверишдаги Олма ота вилоятига қарашли 40 гектарча ерни уйсиз фуқаролар ноқонуний равишда босиб олишган.

Ер хусусийлаштирилган бўлган ва полиция куч ишлатиш йўли билан босқинчиларнинг бир қисмини ҳибсга олган, қолгани тарқатиб юборилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари эса, шаҳардаги уйсиз фуқаролар ҳоким билан тинч мақсадда учрашиш учун йиғилганини айтмоқда.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Вадим Курамшинга кўра, уйсиз одамлар очиқ майдонни ҳукумат билан мулоқот учун танлашган.

"Акция бошланишида у тинч ўтаётганди. Ҳамма вилоят ҳокими билан учрашишни кутаётганди. Ер ажратиш бўйича дастур ишлайди, аммо ерни олишнинг деярли имкони йўқ. Тўпланганлар ушбу масалага ойдинлик киритиб олишни истаганди," дейди Вадим Курамшин.

Воқеа гувоҳи бўлган журналистларнинг айтишларича, тўпланганларнинг ичида спиртли ичимликлар тарқатилган ва айрим кишилар полиция келишидан олдин тошлар тўплаган.

“Кўп одамлар ичиб, маст бўлиб қолганди. Полицияни ҳақорат қилишди. Кейин ҳуқуқ-тартибот органи ходимларига тош отишиб, бебошлик қилишди," дейди Олма ота вилоят Ички ишлар департаменти раҳбар ўринбосари Қуватжан Нугурбеков.

Нугурбеков жанобларига кўра, йиғилганлар калтакланишмаган. Уларни куч билан итариб, ҳудуддан чиқаришган, 200 тача одамни эса ҳибсга олишган. Полиция масъули тарқатилганлар орасида жароҳат олганлар йўқлигини айтди.

Ҳуқуқ ҳимоячиси Вабим Курамшинга кўра эса, куч ишлатиш оқибатида бир неча одам шифохонага ётқизилган.

Айни дамда ер участкаси атрофида намойишчилар йўқ бўлса-да, махсус кучлар жойлаштирилган. Полиция тартиббузарликларнинг қайталанишидан хавотирда. Махсус каска кийган ва резина тўқмоқлар ушлаб олган куч ишлатар тизими ходимлари ҳудудни ўраб турибди.

Отлиқ полициячиларни ҳам кўриш мумкин. Ҳудуд ичкарисида 8 та автобус турибди. Гувоҳларга кўра, автобусларда махсус кучлар келтирилган. Автобусга суяб қўйилган полициянинг махсус қалқонларини кўриш мумкин.

Қозоғистонда ерни ноқонуний равишда босиб олиш ҳоллари учраб туради. Нисбатан қашшоқ бўлган бошқа ҳудудлардан келган қозоғистонликлар бой ҳисобланмиш Олма ота шаҳрига яқинроқ бўлишни исташади.

Аммо Олма ота шаҳри атрофида ерларнинг деярли хусусий қўлларга сотиб юборилгани боис келувчиларга кўп ҳолларда ер берилмайди.

Бунгача Думан, Шанирақ митти туманлари ҳам ерларга ўзбошимчалик билан ўрнашиб олиш натижасида юзага келган.

Жамоатчиликнинг босими ортидан ҳукумат ушбу туманчалардаги ерларни одамларга арзимас пулга қонуний қилиб беришга мажбур бўлганди.

Собиқ пойтахт бўлмиш Олма ота Марказий Осиёнинг энг қиммат шаҳари ҳисобланади. Қозоғистоннинг иқтисодий пойтахти деб аталадиган ушбу шаҳарда жуда ҳам катта капитал айланиши айтилади. Бир квадрат метр уйлар бу ерда 1. 500 АҚШ долларидан бошланади.