Қозоғистон: 'Усама бин Лодиннинг ўлими халқаро террорчиликка берилган жиддий зарбадир'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги "Ал-Қоида" тармоғи раҳбари Усама бин Лодиннинг ўлимини халқаро террорчиликка берилган жиддий зарба сифатида қабул қилишларини баён қилган.

Бу ҳақда вазирлик мулозими бугун пойтахт Остонада берган матбуот анжумани чоғида билдирган.

"Қозоғистон халқаро террорчиликка қарши кураш масаласида кескин ва изчил мавқедадир. Биз халқаро террорчилик барча шакл ва кўринишларида буткул барҳам топмагунча, бу кураш давом этиши лозим, деган фикрдамиз," деб айтган Асқар Абдураҳмонов жаноблари.

Қозоғистон "Ал-Қоида" тармоғи раҳбарининг ўлдирилишига расман ўз муносабатини билдирган илк Марказий Осиё давлатидир.

АҚШ Президенти Барак Обама Усама бин Лодиннинг ўлимига оид хабарни кеча эълон қилганди.

Жаноб Обама унинг ўз ҳарбийлари томонидан Покистонда ҳалок этилганлигини айтганди.

Ушбу хабар аксарият Марказий Осиё давлатлари, шу жумладан, Ўзбекистон оммавий-ахборот воситаларида ҳам деярли эътибор топмаган.

Қирғизистон ва Қозоғистон матбуоти эса, фақат қисқача хабар бериш билан чекланган.

Фақат Тожикистон оммавий-ахборот воситалари Усама бин Лодиннинг ўлимига анчайин батафсил тўхталиб, бу хусусда таниқли диний, сиёсий арбоб ва шарҳловчиларнинг фикрларини ҳам беришга ҳаракат қилган.

Жумладан, Asia-Plus хусусий ахборот агентлиги билан суҳбатида Ҳожи Акбар Тўражонзада Усама бин Лодиннинг ўлими билан террорчилик барҳам топмаслигини айтган.

Жаноб Тўражонзодага кўра, "Фаластин муаммоси ечим топмагунча, ҳеч ким янги террорчи гуруҳлар ва Усама бин Лодинга ўхшаган етакчилари пайдо бўлмаслигини кафолатлай олмайди".

Маҳаллий кузатувчилар эса, чуқур илдиз отган қашшоқлик сабаб, сўнгги йилларда қатор Марказий Осиё давлатларида аҳоли орасида исломий радикаллашув ҳоллари кучайганига эътибор қаратишади.