Президент Раҳмон: 'Жангариларнинг болаларини давлат ўз қарамоғига олади'

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг айтишича, беқарор Рашт водийсида ўлдирилган жангариларнинг болаларини барча лозим ашёлар билан таъминлаш, керак бўлган тақдирда, интернатга жойлаштиришга буйруқ берган.

Жаноб Раҳмонга кўра, "Оталарининг жиноятлари учун фарзандлари жавоб бермасликлари лозим".

"Мен мамлакатдаги масъул тизимлардан бу болаларни озиқ-овқат, кийим-кечак, дори-дармон билан таъминлаш, агар шароити шуни тақозо этса, интернатдан жой беришларини сўрадим," деб айтган тожик раҳбари.

Президентнинг сўзларига кўра, "Раштда ўлдирилган барча террорчиларнинг иккитадан, учтадан хотинлари ва кўплаб вояга етмаган болалари бўлган".

Жаноб Раҳмоннинг таъкидлашича, ўтган яқин ойлар ичида Рашт водийсида кечган воқеалар ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшлар орасида бангиворлик ҳолларининг олдини олиш масаласини эътиборда тутиш лозимлигини кўрсатган.

Тожикистондаги Asia-Plus хусусий ахборот агентлигининг таъкидлашича, тожик раҳбари бу ҳақда Республика Жамоатчилик Кенгаши аъзолари қаршисида қилган чиқиши чоғида билдирган.

Президент Раҳмон яна шу йил апрел ойи ўрталарида ўлдирилган тожик мухолифатининг таниқли собиқ дала қўмондони Мулло Абдуллонинг гуруҳи Тожикистон мустақиллигининг 20 йиллик тантаналари чоғида пойтахт Душанбеда қатор террорчилик ҳужумларини уюштириш режасида бўлганлигига оид маълумотга ҳам эга эканлигини айтган.

Тожикистон ҳукумати Мулло Абдулло ва унинг шериги "Али Бедакий"ларни ўтган йилнинг сентябр ойида Рашт водийсининг Камароб дарасида уюштирилган ва камида ўттиз аскарининг умрига зомин бўлган ҳужумда айблаб келарди.

Аммо ўша ҳодиса ортидан бошланган ва бир неча ой давом этган ҳарбий амалиётлари ортидан Тожикистон ҳукумати ҳар икки қўмондонни ҳам ўлдиришга муваффақ бўлган. Уларнинг гуруҳларига аъзо жангариларнинг ҳам аксарияти ҳалок этилган ёки ҳибсга олинган.

Мулло Абдуллонинг ўлими ортидан куни-кеча махсус баёнот билан чиққан Тожикистондаги исломий жангарилар эса, ҳукумат кучларига қарши ҳужумларини янгитдан кучайтириш билан таҳдид қилиб, тожик халқини президент Имомали Раҳмон бошқарувига қарши чиқишга даъват этишганди.

Раштдаги ҳодисалар ортидан шу йил феврал ойидан бошлаб Тожикистонда масжидлар ва диний таълим устидан назорат кучайтирилган.

Бундан сал аввалроқ эса, хорижий давлатлар диний илмгоҳларида таҳсил олаётган барча тожикистонлик талабалар ортга қайтарилганди.

Расмий маълумотларга кўра эса, ўтган йили Тожикистонда ноқонуний гуруҳларга аъзоликда айбланиб, юздан ортиқ киши қамоқ жазоларига ҳам ҳукм этилишган.

Аммо маҳаллий кузатувчилар Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзоларининг Афғонистондан Тожикистонга ўтишлари фаоллашгани ва Тожикистон шарқидаги мужоҳидлар гуруҳига аллақачон янги раҳбар тайин этилганига оид хабарларга таяниб, мамлакатда жангарилар муаммоси буткул бартараф этилди, деб хулоса чиқаришга ҳали эрта эканини урғулашади.

Шарқий Рашт водийси 90-йиллар бошидаги фуқаролар уруши ортидан собиқ дала қўмондонларининг асосий таянч нуқтаси бўлиб келган.

Ҳарбий амалиётлардан аввал расмий манбаларда Рашт водийсидаги ноқонуний қуролли гуруҳ аъзоларининг сони уч юздан ортиқ экани айтилганди.