Тожикистонда қочоқ маҳбуслар устидан ҳукм ўқилган

Тожикистонда ўтган йил ёзида Миллий Хавфсизлик ҳибсхонасидан қочган қочган 9 маҳбус устидан ҳукм ўқилган.

Улардан икки нафари Россия, қолганлари Тожикистон ва Афғонистон фуқаролари экани хабар қилинганди.

Судланувчиларга уюшган жиноятчилик, қамоқдан қочиш, ноқонуний қурол-яроғ сақлаганлик, чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик ва қуролли қаршилик кўрсатиш каби айбловлар қўйилганди.

Тожикистон Олий маҳкамаси ҳукмга оид бошқа тафсилотларини очиқламаган.

Хабарларга кўра, судланувчилардан бири, собиқ дала қўмондони Ғаффор Мирзоевнинг укаси Абдурасул Мирзоев 30 йил озодликдан маҳрум этилган.

Ҳукм ўқилганлар орасида қочиш ташкилотчилари дейилган 36 ёшли "Қори Иброҳим" лақаби билан танилган Иброҳим Насриддинов, Ҳикматилло Азизов ва доғистонлик 32 ёшли Магамет Аҳмедовлар ҳам борлиги айтилади.

Ўтган йилнинг 23 августга ўтар кечаси Душанбе марказидаги Миллий Хавфсизлик Қўмитасининг тергов ҳибсхонасидан 25 маҳбус қочишга муваффақ бўлганди.

Маҳбуслар қочиш чоғида қўриқчилардан бирини ўлдириб, уларнинг қурол-яроғларини қўлга киритганлар.

Шундан сўнг, улар ўша атрофга яқин жойлашган Адлия вазирлигининг тергов изоляторига ҳам ҳужум қилиб, яна тўрт қўриқчини ўлдиришган.

Маҳбуслар исломий жангарилар экани айтилган. Улар терроризм ва гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларини адо этаётган бўлганлар.

Ҳозиргача қочганлардан 14 нафари қўлга олинган. Улар орасидан 3 афғон Афғонистон ҳудудида ушланган ва ўз мамлакатларида маҳкамага тортилади. Қамоқдан қочган маҳбусларнинг 3 нафари уларни тутишга қаратилган махсус амалиётлар чоғи ҳалок этилган. Ҳозирда 8 жиноятчи очиқда қолмоқда.