Халқаро Амнистия Қирғизистонни қурбонларга адолатни таъминлашга чақирди

Image caption Халқаро Амнистия қирғиз ҳукумати комиссия хулосаларини эътиборсиз қолдира олмаслигини айтган

Халқаро Амнистия инсон ҳуқуқлари ташкилоти қирғиз ҳукуматини ўтган йил июнидаги зўравонликлар учун масъул шахсларни жавобгарликка тортишга чақирган.

"Қирғизистон расмийлари 2010 йил июнидаги тартибсизликлар чоғида инсон ҳуқуқларининг бузилиши учун маъсул шахсларни зудлик билан текшириши ва таъқиб этиши керaк", - дейилади ташкилот чиқарган баёнотда.

Қирғизистон жанубидаги зўравонликларни текширган мустақил халқаро комиссия ҳисоботини "батафсил ва конструктив" дея баҳолаган Амнистия қирғиз ҳукумати комиссия хулосаларини эътиборсиз қолдира олмаслигини айтган.

"Улар содир этилган жиноятларни халқаро қонунларга мувофиқ рисоладагидек тергов қилишлари ва таъқиб этишлари лозим", - деб айтган Халқаро Амнистия.

Комиссия 11-13 июн кунлари Ўшнинг ўзбек маҳаллаларига уюштирилган ҳужумлар чоғида содир этилган маълум жиноятлар, маҳкамада тўла тасдиғини топгани тақдирда, инсониятга қарши жиноятларга тенг бўлиши мумкинлигини айтган.

Қирғизистон ҳукумати финландиялик дипломат Киммо Килюнен бошчилигидаги халқаро комиссия билан ҳамкорлик қилган, аммо унинг Ўшда инсониятга қарши жиноятлар содир этилган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хулосасини рад этган.

Комиссиянинг якуний ҳисоботида айтилишича, зўравонликларда аксарияти ўзбеклар бўлган 470 га яқин инсон ҳаётдан кўз юмган, юз минглаб одамлар уйларини ташлаб чиқишган.

Комиссия қирғиз армияси ва хавфсизлик кучлари ҳужумларда иштирок этган бўлиши мумкинлигини айтган.

Босим ва дастак

Халқаро Амнистияга кўра, жаҳон ҳамжамияти қирғиз ҳукуматига зўравонликларни текшириш ва масъулларни жавобгарликка тортишда ҳам босим ўтказиши ва ҳам уни қўллаб-қувватлаши керак.

Баёнотда айтилишича, адолатнинг қарор топмаслиги қонун устиворлигига путур етказади ва келажакда нотинчлик ва инсон ҳуқуқларининг поймол этилишига йўл очади.

Халқаро Комиссия зўравонликларда аксарият ўзбекларнинг гумон қилиниб, ҳибсга олинганликлари ва қийноққа тутилганликларини айтган.

Ўз хулосасида комиссия қийноқларнинг ҳануз давом этаётганини таъкидлаб, қирғиз ҳукуматининг қийноқ даъволарига муносабатини "ҳаддан ташқари номутаносиб" дея баҳолаган.

Халқаро Амнистия тўрт кун давом этган зўравонликлар чоғида ҳар икки томон - этник қирғизлар ва этник ўзбеклар томонидан жиддий жиноятлар содир этилгани ҳолда жабр кўрганларнинг аксари ўзбеклар бўлганини айтган.

Ташкилотнинг таъкидлашича, воқеаларнинг расмийлар томонидан қўллаб -қувватланаётган этник нохолис талқини ташкилотчиларда жазодан қочиб қутулиш, қурбонларда эса адолатсизлик ҳиссини пайдо қилган.

"Барча жиноятлар, жумладан, инсониятга қарши жиноятлар адолатли ва самарали тарзда тергов қилиниши ва маҳкамада кўрилиши керак", дейилади Халқаро Амнистиянинг баёнотида.