Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қодиржон Ботиров халқаро комиссия ҳисоботидан рози эканини билдирди

Қирғизистондаги ўзбек жамоаси раҳбарларидан бири Қодиржон Ботиров ўтган йил ёзида мамлакат жанубида юз берган этник низолар юзасидан халқаро комиссия ҳисоботини "ижобий ҳол" дея баҳолади.

Бу ҳақда Қодиржон Ботиров Би-би-си билан бўлган суҳбати чоғида айтди.

Халқаро комиссия ҳисоботи билан бу ерда танишиш мумкин

"Халқаро комиссия дунё ҳамжамиятига Қирғизистондаги ҳақиқий аҳволнинг бир қисмини яққол кўрсата билди," деб айтди Қодиржон Ботиров.

У Қирғизистон ҳукуматига комиссия тавсияларини "босқичма-босқич" бажариш муҳимлигини таъкидлади.

Унга кўра, Қирғизистон ҳукуматида комиссия тавсияларини амалга ошириш учун "жуда катта куч ва хоҳиш бўлиши керак".

"Фақат яна ўзининг национал-фашистларини олдинги планга қўйиб қўйиб, қолаверса, бизнинг шу ўзбекларни ичида шу ҳокимиятга яқин бўламан, шулар билан доим бирга бўламан, деб ўзбекни номидан гапирадиган "дежурный" одамларни ишга солиб қўйиб, ўйин қиладиган бўлса, бу нарсалар бўлмайди, бу нарсалар амалга ошмайди," деди Қодиржон Ботиров.

У халқаро комиссия тавсияларининг бажариб-бажарилмаслиги "тез кунларда" ойдинлашишини билдирди.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари ўтган йил ёзида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида миллий низони қўзғашда мамлакатдаги ўзбеклар жамоалари раҳбарлари, жумладан Қодиржон Ботировни айблаган.

Қодиржон Ботиров ушбу айбловларни буткул рад этди.

Унинг даъво қилишича, Қирғизистон мустақил давлат бўлганидан буён "асосий эътибор қирғиз миллатига мансуб одамларга" қаратилиб келмоқда.

"Биз ўзбеклар ҳеч қачон бу масалани кўтармаганмиз. Бу йўқ нарса," деди Қодиржон Ботиров.

У шунингдек Қирғизистон жанубидаги ўзбекларни қуроллантиришга чақирганига оид Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари айбловини ҳам рад этди.

"Мен ўзбек халқини қуроллантириш, ўзбек йигитларига қурол бериш, деган сўзни ҳеч қачон, ҳеч қаерда айтган эмасман!" - деди Қодиржон Ботиров. - "Иккинчидан, йигирма йил давомида ўзбек миллий-маданият маркази раҳбари сифатида ишлаб келаётган бўлсам, мен қонун йўлида ўзимизни ҳақ-ҳуқуқларимизни талаб қилиб, шунинг ичида ўзбек тилини, ўзбек қадриятларини, бугунги ижтимоий-иқтисодий вазиятни ўнглаш бўйича гапирганман!"

Қодиржон Ботиров билан бўлган суҳбатни тингланг.