Қозоғистон қамоқхоналарида қандай тартиб амал қилади?

Қозоғистон жазони ўташ муассасаларида собиқ Шўролар давлатларига хос бўлган тартиб амал қилиши айтилади.

Қамоқхоналардаги бундай шароит ва тартибдан қониқмаган маҳбуслар сўнгги вақтларда норозиликнинг турли усулларини қўллашмоқда.

Очликдан тортиб, ўз танасига зарар етказиш усулларини қўллаётган маҳбуслар ўзларига нисбатан куч ишлатишдан тортиб, таҳқирлаш ҳолатлари кўплигини даъво қилишади.

Расмийларнинг эса бу борада қарашлари умуман тескари.

Бахитхан Жумахановнинг 3 йиллик жазони ўтаб чиққанига 5 кундан ошди, аммо у ҳали ҳам қўрқув ҳис қилаётганини айтади. Қозоғистоннинг жанубидан бўлган бу йигит жазони ўташ учун шимолдаги муассасага юборилган.

Айнан жанублик бўлгани учун уни қамоқхона нозирлари камситиб, калтаклашади.

“Мурожаатларим бесамар кетди. Ёзган шикоятларим муассасадан ҳаттоки чиқмасди ҳам. Ушбу таҳқирлашлар тўхташи учун қорнимни кесдим. Шу тахлит норозилигимни билдирдим," дейди собиқ маҳбус Бахитхан Жумаханов.

Бахитхан қамоқдан чиққан куни 30 дан ортиқ маҳбус шароитдан ва муносабатдан нолиб, очлик эълон қилди. Ҳозир ушбу иш бўйича суриштирув ишлари кетмоқда.

Яна бир собиқ маҳбус исми ўзгартирилган Алексейнинг айтишича, жазони ўташ муассасаларидаги бебошлик ҳаддидан ошиб кетган. Бир кунда муттасил икки маротаба калтаклаб туришади. Белгиланган ўлпонни бермаганлар ёки бўйсинмаганларни бесақолбозга айлантириш билан қўрқитишади.

“Менинг ўзимни ҳам бир неча маротаба шимимни ечишиб, жинсий зўрлашмоқчи бўлишган. Сени “фаол” қиламиз деб қўрқитишган. Фаоллар маҳбусни жинсий зўрлашади, нозирлар эса қараб туради, “Фаол” деганда, мана шу назарда тутилади," дейди Алексей.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, жазони ўташ муассасаларидан шикоятларнинг кети кўринмайди.

“Зўравонлик ва таъмагирлик бўйича дараклар тўхтамай келиб турибди. Бугун ҳам менга Атирау колониясидан этап қилинаётган аёллар бир неча бор қўнғироқ қилишди. Улар куч ишлатишдан шикоят қилишди," дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Вадим Курамшин.

Қозоғистон Адлия вазирлигига қарашли Жиноий жазони ижро этиш тизими қўмитаси вакили Самал Гадилбекова жазони ўташ муассасаларидаги норозиликларни провокациядан бошқа нарса эмас, дейди.

“Маҳбуслар томонидан сўнгги вақтларда содир этилаётган норозиликларнинг ҳаммаси провокация. Биринчидан, улар маҳбус, улар жазо уйига оддий йўл билан тушиб қолмаган. Иккинчидан, қамоқхоналарда даҳшатлар содир бўладиган Шўро ёки Сталин даврида яшаётганимиз йўқ. Биз мустақил давлатда яшаяпмиз ва инсон ҳуқуқлари ҳамма жойда ҳимоя қилинмоқда," дейди Самал Гадилбекова.

Кузатувчилар маҳбусларнинг шикоят қилиш учун ўзларига зиён етказишдан бошқа йўллари қолмаётганини айтишади. Уларнинг шикоятларини эшитиб, жазо қўлловчи масъуллар йўқ.

Гарчи 2003 йилда Жиноят Кодексига зўравонлик бўйича алоҳида банд киритилган бўлса-да, ушбу жазо қамоқхона нозирларини чўчита олмаяпти.

“Мен раҳбариятдан зўравонлик учун жавобгарликка тортилганлар борми, дея сўрадим. Ҳеч қандай жавоб бўлмади. Вазифасини суъистемол қилиш ҳоллари бўйича жавобгарликка тортилган бор. Ҳар бир ходимга Жиноят Кодексида зўравонлик учун мана шундай оғир жазо борлиги етказилмаган," дейди Мажлис депутати Ирак Еликеев.

Қозоғистон жазони ўташ муассасаларида 66 мингдан ортиқ маҳбус бор. Маҳбусларнинг кўплиги жиҳатидан Қозоғистон 2010 йил дунёда 13-ўринни эгаллаган.