Қирғизистонда июн низолари жабрдийдаларига товон пули берилади

Ўтган йил июн ойида жанубий Ўш ва Жалол-Обод вилоятларида келиб чиққан миллий низоларда қурбон бўлган ва бедарак кетганларнинг оилаларига қирғиз ҳукумати 1 миллион сом (қарийб 25.000 АҚШ доллари) миқдорида товон пули беришга қарор қилган.

Россиянинг "Регнум" ахборот агентлиги тарқатган хабарларга кўра, бу ҳақдаги буйруқ Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев томонидан имзоланган.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматининг билдиришича, буйруқ бир маротабалик молиявий ёрдамни кўзда тутади. Товон пули учун мўлжалланган маблағ эса, республика бюджетидан ажратилади.

Июн ойидаги зўравонликлар чоғида жиддий жароҳат олганлар эса, суд-тиббий экспертиза хулосаларини тақдим эта олишса, 100 минг сўм миқдорида товон пули олишади.

Унчалик оғир жабр кўрмаганлар ҳам, агар қўлларида саломатликларига оид лозим ҳужжатлари бўлса, 50 минг сом миқдоридаги товон пулига умид қилишлари мумкин бўлади.

Ҳукумат эълон қилган буйруқда ҳарбийлар, ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва уларнинг оилалари алоҳида тилга олиб ўтилади.

Халқаро мустақил тергов ҳайъатининг яқинда эълон қилган ҳисоботига қаралса, миллий низолар чоғида ҳар икки томондан ҳам жиддий инсоний талофатлар берилган: расман 470 га яқин киши қурбон бўлган ва яна минглаб кишиларга тан жароҳати етган.

Қирғизистонлик расмийлар июн воқеаларидан қисқа вақт ўтмай, қурбонларнинг сони икки мингга яқин эканини ҳам тахмин этишганди.

Зўравонликлар чоғида асосан ўзбекларнинг жабр кўрганликлари айтилади.

Товон пули берилсин!

Шу йилнинг март ойида Бишкекдаги Ҳукумат уйи қаршисида давомий намойишлар уюштирган “Ош шейиттери” бирлашмаси июн ҳодисаларида ўлдирилган яқинларининг ҳар бири учун қирғиз пулига бир миллион сомдан товон пули ажратиб берилишини талаб қилишганди.

"Ош шейиттари" этник низоларда яқинлари қурбон бўлган маҳаллий қирғизлар томонидан ташкил этилган бирлашма ҳисобланади.

Намойишлар чоғида улар билан бир неча бор учрашган ва бу хусусда ҳукумат йиғини ҳам ўтказган Қирғизистон Бош вазири Алмазбек Атамбаев ўшанда давлат бюджетидан 500 миллион сом ажратиб беришни таклиф қилганди. Ҳукумат аъзолари ҳам Бош вазир таклифини қўллаб-қувватлашганди.

Жаноб Атамбаев, ўз ўрнида, ҳукумати, айниқса, июн воқеаларида жабр кўрган оилаларга янада кўпроқ ёрдам бериш истагида эканини ҳам баён қилганди.

Июн ҳодисаларига доир барча ҳисоботларга қаралса ҳам, зўравонликлар сабаб, юз минглаб кишилар ўз турар-жойларини тарк этишга мажбур бўлишган, асосан ўзбекларнинг ҳовлилари ва уларга тегишли тижоратлар вайрон этилган.

Қирғиз Бош вазири намойишчиларнинг талабларига ён босиб, миллий низо қурбонларига махсус расмий мақом берилиши эҳтимолини ҳам назардан соқит этмаганди.

Намойишчилар эса, ҳалок бўлган яқинларига “Қирғизистон қаҳрамони” унвони берилишини талаб этишганди.