Туркманистон сайлов ҳайъатининг қудратли раисига нима бўлди?

Image caption Мират Гарриев Туркманистон сиёсатида катта қудратга эга сиёсатчилардан бири, деб кўрилади - сурат "Хроника Туркменистана" веб саҳифасидан олинди

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов сайлов ҳайъатининг мамлакат сиёсатида катта қудратга эга бўлган раиси Мират Гарриевнинг мавқеини янада оширди.

Туркманистон сайлов ҳайъатига узоқ йиллардан бери раислик қилиб келган 79 ёшли Мират Гарриев Ёшуллилар Кенгаши раиси ўринбосари лавозимига кўтарилди.

Ушбу кенгашга президент Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг ўзи раислик қилади.

Ёшуллилар Кенгаши эса, мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритишни тавсия этиш қудратига эга ташкилот ҳисобланади.

Мират Гарриев, "Бизга бошқа президентни сайлашнинг нима кераги бор. Яшасин, ҳозирги президент Гурбангули Бердимуҳаммедов!" деган сўзлари билан таниқли.

Жаноб Гарриев Туркманистонни узоқ йиллар бошқарган марҳум Туркманбоши Сапармурот Ниёзов даврида ҳам кучли таъсирга эга бўлган ва айнан Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг президент этиб тайинланишида ҳиссаси катта.

2006 йилнинг декабр ойида Туркманбошининг ўлими ортидан вақтинчалик президентлик вазифасини бажариб туриши учун Гурбангули Бердимуҳаммедовнинг номзодини илгари сурган шахс ҳам Мират Гарриев бўлади.

2007 йил феврал ойида бўлиб ўтган ва кузатувчиларнинг танқидлари остида қолиб кетган президентлик сайловларида жаноб Бердимуҳаммедовнинг 90 фоизлик натижа билан ғолиб чиққанини ҳам айнан Гарриев жаноблари эълон қилган.

Орадан икки йил ўтиб эса, Мират Гарриев президент Гурбангули Бердимуҳаммедовга "Туркманистон қаҳрамони" унвонини бериш таклифи билан ҳам чиққан.

Мират Гарриевдек қудратли шахснинг кутилмаганда бошқа ишга ўтказилиши мамлакат ичкарисида турли муносабатларга сабаб бўлган.

Аммо айрим маҳаллий кузатувчиларга кўра, сўнгги вазифасидан соқит этилиши жаноб Гарриевнинг мамлакат сиёсий ҳаётида янада эркинроқ фаолият юритишига имкон беради.

Мират Гарриевнинг ўрнига муовини Оразмират Ниязлиев сайлов ҳайъатининг янги раиси этиб тайинланган.

Оразмират Ниязлиев сайлов ҳайъатига ишга ўтмасидан аввал Балкан вилояти ҳокими бўлиб ҳам ишлаган.

Туркманистон ўз мустақиллигини эълон қилиши ортидан, мамлакат президентининг ҳар беш йилда ўтказилажак сайловларда халқ томонидан сайланиши кўзда тутилган.

Марҳум Сапармурот Ниёзов 1992 йилги сайловлар ортидан қудратга келган бўлса, аввалига референдум орқали унинг ваколати узайтирилган ва 1999 йилга келиб, мамлакат парламенти у умрбод президент бўлсин, деган қарорга келганди.

Аммо жаноб Ниёзов 2006 йилнинг декабр ойида ҳаётдан кўз юмади ва унинг ўрнига янги президент сайлаш учун 2007 йилнинг 11 феврал ойида сайловлар бўлиб ўтади.

Ўша сайловларда ғолиб чиққан президент Гурбангули Бердимуҳаммедов тўрт йилдирки, Туркманистонни бошқариб келади.