Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

ЎшТВнинг хорижга қочган директори қирғиз президентидан адолат сўрамоқда

ЎшТВ телеширкатининг директори Ҳалилжон Худойбердиев ўзи устидан сиртдан очилаётган маҳкама ишида адолат сўраб Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева мурожаат қилган.

Жалол-Обод шаҳар судида 11 май куни Ҳалилжон Худойбердиев ва яна бир журналист Жавлон Мирзахўжаевларга қарши маҳкама иши очилиши керак эди, бироқ у кечиктирилган.

Икковлон ўтган йил июн ойида юз берган этник зўравонликлар чоғида оммавий тартибсизликларни уюштиришдан тортиб, ноқонуний қуролли гуруҳлар тузиш ва сепаратизм каби жиддий айбловларга юз тутмоқда.

Бугунда хорижда бошпана топган Ҳалилжон Худойбердиев барча айбловларни рад этиб ва маҳаллий ҳукумат томонидан босим остига олингани учун мамлакатдан чиқиб кетганини изоҳлаб баёнот чиқарган.

Би-би-си билан суҳбатда жаноб Худойбердиев касбий фаолиятини амалга оширганини айтди.

"Мен ўйлайман бу айбловлар асоссиз, бу ишларни мен қилмаганман, ўз касбим бўйича иш олиб борганман", дейди у.

Ўш ҳокими таҳдидлари

Жаноб Худойбердиев Ўш ҳокими Мелисбек Мирзакматовнинг очиқ таҳдиди туфайли ўтган йил июлида бошқа давлатга чиқиб кетишга мажбур бўлганини айтади.

Унга кўра, Мирзакматов уни ўз уйига чақириб, ЎшТВ ҳиссаларининг 51 фоизини бошқа киши номига ўтказишни талаб қилган.

"Бу учрашув 1 июлда бўлди. У ўз уйига таклиф қилди. Фрунзе бозорини ёнида уйи бор. Ўз ўғлим билан бирга борганман. Уйига борганимда ўнтами, саккизтами, автоматлари бор фуқаролик формасидаги ёш йигитлар бор эди, ҳовлида учта қора джип бор эди. Кириб айтдим, нимага оиламизни бундай қийнаяпсиз, деб. У ўғилларимга "отангни қамаймиз" деб таҳдид қилган, катта ўғлимга қарши ҳам жиноий иш очилганди. Мақсадинглар нима, десам, у телекомпаниянинг 51% ҳаққини мен айтган одамга ўтказасиз ва телекомпанияни ишлатиб берасиз, деган. Атрофда қуролланган одамлар бўлгани учун, розилик берганман", дейди Ҳалилжон Худойбердиев.

У ўзи бу ҳиссаларни 1,5 миллион доллар дея баҳолагани, бироқ Мирзакматов ҳиссалар қийматини 400 минг доллар деб топганини айтади. Жаноб Худойбердиев мажбуран бу нархга рози бўлганини билдирди.

Бўлгинчига саҳнами?

У қирғиз ҳукуматининг ўзбеклар лидерларидан бири Қодиржон Ботировга саҳна яратиб бергани борасидаги даъволарини ҳам рад этади.

"Қодиржон Ботировда сепаратизм деган айб йўқ. Биз унинг митингда айтган гапларини элга телевидение орқали кўрсатганмиз. Мақсадимиз, ўша пайтда жуда кўп мишмишлар кўпайганди, июн ойи воқеаларига яна бир ой бор эди, Жалол-Ободда зўравонлик чиқади деган мишмишлар. Шунда биз Жалол-Обод губернатори Бектур Асанов ва Ботиржон Қодиров иккови митингда қатнашиб, одамларни тинчлантириш мақсадида айтган гапларини чиқарганмиз. Мақсад одамларни тинчлантириш эди", дейди у.

Ҳалилжон Худойбердиев Президент Ўтинбоевага мурожаатида ўзига қарши очилган жиноят ишини буйруқ билан очилган иш эканини айтади ва ўз этник келиб чиқиши туфайли Ўш ҳокими Мирзакматов томонидан нишонга олинаётганини даъво қилади.