Россия халқаро ҳайъатнинг Қирғизистондаги июн низоларига оид ҳисоботини ижобий баҳолади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Расмий Москва ўтган йил июн ойида Қирғизистон жанубида юз берган этник зўравонликлар юзасидан Халқаро мустақил тергов ҳайъати эълон қилган ҳисобот "мувозанатли" эканини айтиб, уни ижобий баҳолади.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги махсус вакили муовини Алексей Сазоновнинг айтишича, халқаро мустақил тергов ҳайъати улкан ва фойдали ишни амалга оширган.

"Қирғизистон жанубида юз берган хунрезликлар бўйича халқаро ҳайъат хулосалари мувозанатли кўринади. Унинг тавсиялари эса, 2010 йилда юз берган миллий низолар такрорланишининг олдини олишга қаратилган," деб айтган Алексей Сазонов.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакили, шунингдек, Қирғизистон раҳбариятининг халқаро мустақил тергов ҳайъатининг тавсияларини бажариш бўйича махсус назорат комиссиясини тузиш қарорини ҳам ижобий ҳолат, дея баҳолаган.

Олдинроқ Қирғизистон ҳукумати терговни олиб бориш жараёнидаги жиддий камчиликлар мамлакатдаги миллатлараро тангликни кучайтириши мумкинлигини даъво қилганди.

Финляндиялик дипломат Киммо Килюнен бошчилигидаги ҳайъат президент Роза Ўтинбоеванинг таклифи билан ўтган йил охирида июн воқеаларини ўрганишга киришган ва уч ой давомида олиб борган текширувлари ортидан шу ой бошида ўз хулосаларини эълон қилганди.

Халқаро мустақил тергов ҳайъати ўз тавсияларида Қирғизистоннинг сиёсий қатламлари мамлакатдаги ўзбеклар дохил барча миллатларни тенг ҳуқуқли, деб қабул қилмас экан, кўп нарса ўзгармаслигини таъкидлаганди. Шунингдек, мамлакат жанубида Ўзбек тилига махсус мақом берилиши кераклигини урғулаганди.

Халқаро ҳайъат Қирғиз ҳукуматини ашаддий миллатчиликка қарши туриш ва Қирғизистонни кўпмиллатли жамият, деб эълон қилишни ҳам тавсия этганди.

Халқаро мустақил тергов ҳайъатининг ҳисоботига ўз муносабатини билдираркан, Қирғиз ҳукумати ундаги кўплаб хулосаларга қўшилмаслигини баён қилганди.

Қирғизистон раҳбарияти ҳайъатнинг , "Ўшда инсониятга қарши жиноятлар содир этилган бўлиши мумкинлиги" ҳақидаги хулосасини рад этганди.

Аммо Киммо Килюнен жанобларининг айтишича, "Қирғиз ҳукумати ўзлари берган тавсияларнинг аксариятини ижобий қабул қилган ва амалга оширишини" билдирган.

Россия эса, бугунги кунда Қирғизистоннинг минтақадаги энг муҳим иттифоқчиси бўлган давлат сифатида кўрилади.