CPJ: 'Қирғиз журналистларига қарши таъқиблар тўхтатилиши керак'

Халқаро Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон ҳукуматини ЎшТВ телеширкати асосчиси ва директори Халил Худайбердиев ҳамда "Мезон ТВ" телеканали раҳбари Жавлон Мирзахўжаевларга қарши илгари сурилаётган сохта айбловларни бекор қилишга чақирган.

Икковлон ўтган йил июн ойида юз берган этник зўравонликлар чоғида оммавий тартибсизликларни уюштиришдан тортиб, ноқонуний қуролли гуруҳлар тузиш ва сепаратизмда айбланишмоқда.

Ҳар икки шахс ҳам ўзларига қарши айбловларни рад этишади.

Апрел охирларида Жалол-Обод прокурорлари қатор ўзбек миллатига мансуб кишилар, жумладан, Халилжон Худойбердиев ва Жавлон Мирзахўжаевлар томонидан содир этилгани хабар қилинган қатор жиноятлар бўйича текширув ишлари якунлангани ва иш Жалол-Обод шаҳар маҳкамасига жўнатилганини маълум қилишганди. Маҳкама иши 11 майда бошланиши айтилган, бироқ кейин номаълум муддатга қадар кечиктирилгани хабар қилинган.

Ҳозир хорижда бошпана топган Халилжон Худойбердиев барча айбловларни рад этган ва маҳаллий ҳукумат томонидан босим остига олингани учун мамлакатдан чиқиб кетганини изоҳлаб баёнот чиқарганди.

Унга кўра, ўзи ва Мирзахўжаевга қарши айблар заминида уларнинг қўли остида ишлаган телестанциялар тарафидан 2010 йил май ойида Жалол-Ободда кечган намойишларнинг ёритилиши ётади.

Ўшанда намойишчилар ағдарилган президент Қурмонбек Бакиевнинг қудратга қайтишига қарши норозилик билдиришганди. Маҳаллий расмийлар айни ҳодисаларнинг ёритилиши зўравонликларга туртки берганини айтишган.

"Биз Қирғиз ҳукуматини Халил Худайбердиев ҳамда Жавлон Мирзахўжаевларга қарши барча айбловларни бекор қилишга, уларнинг Қирғизистонга қайтишлари ва фаолиятларини тиклашларига изн беришга чақирамиз", дейди Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Оврўпо ва Марказий Осиё бўйича дастур мувофиқлаштирувчиси Нина Огнианова.

Унга кўра, Президент Роза Ўтинбоева матбуот эркинлиги борасидаги ваъдаларига амал қилиши ҳамда журналистлар фаолиятлари учун таъқиб қилинмаслигини таъминлаши шарт.

Апрел ойида мухбирларга гапирган Ўтинбоева хоним Қирғизистонда бирон бир журналист таъқиб қилинмагани ва ё 2010 йил қудратга келганидан бери бирон бир журналист мамлакатни тарк этмаганини айтганди.

"Матбуот эркинлиги республикамизнинг бойлигидир", деганди Ўтинбоева хоним.

Ўтган ҳафта Халил Худайбердиев ўзи устидан сиртдан очилаётган маҳкама ишида адолат сўраб Президент Ўтинбоевага мурожаат қилганди.