Ўзбекистонлик лўлилар тирикчилик учун Қозоғистонга бош уришмоқда

Лўлилар тиклаган "уйлар" Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Қоғоз картон ва эски-туски целофанлардан тикланган чайлалар...

Қозоғистонга Ўзбекистондан тирикчилик қилиш мақсадида лўлиларнинг ҳам келиши кузатилмоқда. Асрлар давомида кўчманчилик қилиб юрган бу қавм Қозоғистоннинг йирик шаҳарларида темир-терсак йиғиб, уларни сотиб ва тиланчилик қилиб кун кечираётганини айтади.

Лўлилар ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч қандай муаммога юз тутмаётганини айтишса-да, маҳаллий полиция уларнинг Қозоғистон ҳудудида ноқонуний юрганларини айтади.

Шундоққина поезд йўл ёқасида қоғоз картон ва эски-туски целофанлардан тикланган 14 чайла марказига йўл оламан.

Чайла марказидан тайёрланган фотолавҳани томоша қилинг

Аёллару болалар ва эркакларгача менга пешвоз чиқишади.

Ёши элликлардан ўтиб қолган одам ўз исмини "Ҳожи бобо" бўлгани учун айтишни истамайди.

"Ўзбекистонда давлат ишларида ишлаганман, полвончилик қилганман. Қозоғистонга келганимизга анча бўлди. Ҳар йили келиб тирикчилик учун баклажка, темир сотиб кун кўрамиз", дейди у.

Улар ушбу чайлаларда фақат ёз кунлари туришларини айтишади. Кунлар совиб, пахталар очилиши билан Ўзбекистонга бориб пахта теришади. Аёллар эса, Ўзбекистонда иш бўлмаганлиги учун Қозоғистонда юришганини айтади.

"Ўзбекистонда иш йўқ. Бўлганда бу ерда юрмасдик".

"Ўзбекистонда 300 киши бўлса, шундан 100 киши Ўзбекистонда қолмаган бўлса керак. 200 киши иш излаб, Россия ва Қозоғистонга чиқиб кетган", - дейди яна бир лўли.

Эркаклар темир ва баклажка каби чиқиндиларни териб сотиш билан кун кўрса, аёллар аждодларининг касби бўлмиш тиланчилик қилишларини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption 'Тиланчиликни то ўлганимизча қиламиз', дейишади лўлилар

"Бу ҳунарни 7 пуштимиз қилиб келаётган иш. Бизлар жаҳонгаштамиз. Тиланчиликни то ўлганимизча қиламиз.Ўлсак қолади. Ўлмасак, тирик юрсак, қаерга борсак қилаверамиз".

Чайла атрофида энди оёғи чиққан боладан тортиб, мактаб ёшидаги ўсмирларгача айланиб юришибди. Нарироқда, афтидан, 11 ёшлар атрофида қизча синглиси билан бирга кир ювмоқда.

Лўлиларнинг айтишича, болалар мактабда ўқийди. Ҳозир ёзги дам олишга оз вақт қолгани учун уларни ҳам ўзлари билан қўшиб олиб келишган. Болаларнинг айримлари яланг оёқ юрибди. Касал бўлиб қолганда, нима қиласизлар деган саволга, ўзлари даволаб олишларини айтишади.

"Ҳаттоки, ҳомиладор аёлларни чайлада ўзимиз туғдириб оламиз", дейишади улар.

Лўлиларнинг айтишича, маҳаллий халқнинг уларга нисбатан муносабати яхши. Шу вақтгача ҳеч қандай келишмовчилик ва уруш-жанжал келиб чиқмаган. Бу гапни маҳаллий аҳоли вакили бўлмиш Элмурат ҳам тасдиқлайди.

"Бу ерда лўлилар туради. Баклажка териб сотади, ахлат териб ейди. Улар билан ҳеч қандай муаммомиз йўқ. Улар ахлатдан бир нарсалар териб кунини кўриб юради", дейди Элмурот.

Лўлилар Қозоғистонда қонуний юришгани айтади. Икки ойлик регистрация муддати битгач, Ўзбекистонга қайтиб кетишларини айтади.

Аммо, Олма ота шаҳар полицияси бошқа меҳнат муҳожирлари каби лўлиларнинг ҳам Қозоғистонда на ишлашга ва на тиланчилик қилишга ҳуқуқлари йўқлигини айтади.

"Шу кунларда шаҳарда ўтказганимиз "нелегал" амалиётларида давомида кўчаларда тиламчилик қилиб юрган ва тентираб юрган фуқаролар ҳам бор эди. Улар оилавий бўлиб жойлашиб олишади. Маҳкама қарори билан ушбу фуқаролар мамлакатдан чиқариб юборилади. Аммо, бир оз вақт ўтиши билан улар яна Олма отада пайдо бўлиб қолишади", дейди шаҳар ички ишлар департаменти матбуот котиби Салтанат Озирбек.