'ЎИҲ баёноти' Бин Лодиннинг Абботободда ўлдирилганини шубҳа остига олди

Image caption ЎИҲ раҳбари Тоҳир Йўлдош ҳам 2009 йилда Покистонда, америкаликлар томонидан ўлдирилган

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Ал-Қоида раҳбарининг америкаликлар томонидан ўлдирилганини тан олган, аммо унинг Абботободда қатл этилганига шубҳа билдирган.

ЎИҲ нашри деб ишониладиган Furqon.com веб саҳифасидаги баёнотда ҳаракатнинг "расмий нотиғи" Абдул Фаттоҳ Аҳмадий Ал-Қоиданинг Бин Лодин ўлимига доир баёнотини қабул қилишларини айтган.

Аммо шу билан бирга, ҳаракатнинг "расмий нотиғи" Ал-Қоида баёнотида Усама Бин Лодиннинг "Абботободда ва айнан шу кунларда шаҳид этилгани таъкидланмаган"ига эътибор қаратади.

ЎИҲ Ал-Қоида раҳбарининг аввалроқ оламдан ўтган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

"Охирги йилларда Ислом умматида содир бўлган кўплаб муҳим-муҳим воқеаларга ўз муносбатларини билдирмай келганлари ҳам, у кишининг бу фоний ҳаётдан ўтганларини кўрсатади", дейилади ЎИҲ га нисбат берилган баёнотда.

Баёнотга кўра, АҚШ Бин Лодиннинг ўлимидан "ўзи учун энг қулай фурсатда ва энг қулай ўринда фойдаланган кўринади".

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати номидан чиқарилган баёнот, шунингдек, Ал-Қоида раҳбарининг Покистоннинг хабарисиз ўлдирилгани ҳақидаги расмий фаразни савол остига олган.

Баёнотда иддао қилинишича, АҚШ буни Покистон ҳудудида, унинг "ёрдамисиз, келишувисиз ё хабардорлигисиз" амалга ошириши имконсиз эди.

'Сафдош'

Furqon.com сайтидаги баёнотда Ал-Қоида "куфр оламига қарши жиҳодда сафдош" ва Бин Лодин "замонамизнинг энг катта мужоҳиди" деб аталади.

Баёнотда Бин Лодиннинг ўлими учун қасос муқаррар экани таъкидланган.

"Куфр кучлари ўз жиноятларига яраша жазоларини албатта олажакларини таъкидлаймиз", дейилади унда.

Ал-Қоида билан алоқаларга эга, деб кўриладиган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўз раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг 2009 йил августида АҚШнинг дрон ҳужумида ҳалок бўлганини орадан бир йил ўтиб, тасдиқлаган.

Ҳаракатнинг янги раҳбари этиб Усмон Одилнинг тайинлангани хабар қилинган.

АҚШнинг террорчи ташкилотлар рўйхатида бўлган ҳаракатнинг ҳарбий раҳбари Жума Намангоний 2001 йилда Американинг Афғонистондаги ҳаво ҳужуми натижасида ўлдирилган.

АҚШ ва иттифоқчиларининг Афғонистон ва афғон-Покистон чегарасидаги амалиётлари натижасида ЎИҲнинг кўплаб жангарилари ўлдирилган.

Покистон расмийлари чегарадаги қабила ҳудудларида бир неча юз ўзбек жангариларининг амал қилишларини айтишади.

Ўзбеклар, сони бўйича Покистонда паноҳ топган хорижий жангарилар орасида энг кўп, деб ишонилади.