Қорасув милиция бошлиғини ўлдиришда айбланганлар устидан ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди

Июн ойидаги хунрезликлар ортидан кўплаб наримонликлар ҳибсга олинган
Image caption Июн ойидаги хунрезликлар ортидан кўплаб наримонликлар ҳибсга олинган

Қирғизистон Олий маҳкамаси Ўш вилояти Қорасув туман милицияси раҳбари ва унинг ҳайдовчисини ўлдиришда айбланганлар устидан маҳкама ҳукмини ўз кучида қолдирган. Олий маҳкаманинг жиноий ишлар бўйича ҳайъати Қорасув туман Ички ишлар бўлими раҳбари Адилбек Султанов ва унинг ҳайдовчиси Уран Шамурзаевни ўлдиришда айбланиб судланган фуқаролар ҳимоячилари шикоят аризасини кўриб чиққан.

Олий Маҳкама Қорасув туман маҳкамасининг 2010 йил 29 октябри ва Ўш вилояти маҳкамаси коллегияси 2010 йил 27 декабрида чиқарган қарорларини ўзгартирмасдан кучида қолдирган.

Шу билан бирга, Олий маҳкама ҳакамлари аввал судланганлардан бири Дилшодбек Аҳроровга тегишли аввалги маҳкамалар қарорларини бекор қилган ва унга алоқадор жиноий ишни Қорасув тумани маҳкамасига қайта кўриб чиқиш учун юборган.

Ўтган йилнинг 13 июн куни Ўш вилояти Қорасув туман Ички ишлар бўлими раҳбари Адилбек Султанов ва унинг ҳайдовчиси, старшина Уран Шамурзаев Нариман қишлоғига борган пайтда ўлдирилган.

Милиция раҳбарининг боши танасидан жудо қилиниб, икки жасад аввал ёқиб юборилгани ва кейин дарёга оқизиб юборилгани хабар қилинганди.

Қорасув туман маҳкамаси мазкур қотилликда айбланган 10 кишидан 9 нафарини айбдор топган. Улардан 5 нафарига бир умрлик қамоқ жазоси берилган, бир киши 25 йилга, қолганлар саккиз, беш, тўрт ва бир йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Қирғизистон Бош прокуратураси расмий маълумотларига кўра, ўтган йилнинг июн ойида мамлакат жанубида содир этилган қонли миллий низолар ортидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 5 мингдан кўпроқ жиноий ишлар қўзғатилганди.

Аммо, уларнинг аксарияти номаълум сабаблар боис вақтинча тўхтатилган.

Қирғизистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Турсунбек Акун мазкур ишлар қайта кўриб чиқилиши ва айбдорлар миллатидан қатъий назар қонун асосида жавобгарликка тортилишини талаб қилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Амнести Интернэшнл ташкилоти сўнгги ҳисоботида айтилишича, ўтган йил июн ойидаги миллий низолар ортидан, айниқса, Қирғизистон жанубида инсон ҳуқуқлари жиддий бузилиш ҳоллари рўй берган.

Халкаро ташкилотнинг яқинда эълон қилинган ҳисоботида июн зўравонликлари ва унинг ортидан кечган маҳкама жараёнларига батафсил тўхталиб ўтилади.

Амнести Интернэшнл ташкилоти ўз ҳисоботида қатор адолатсиз маҳкамалар, асосан, миллати ўзбек бўлганларга берилаётган оғир жазолар ва ҳибсхонада гумондорларнинг қийноққа солинганликларига оид бир қанча даъволарни тилга олган.