Женевадаги мажлис кун тартибига Туркманистондаги қийноқлар масаласи қўйилган

Image caption Туркман қамоқхоналари маҳбуслар учун аянчли шароити билан танилган

Женевадаги БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини муҳокама этмоқда.

Табиий газга бой Марказий Осиёнинг бу мамлакати жаҳондаги инсон ҳуқуқлари энг қўпол поймол этилаётган мамлакат деб кўрилади.

Туркманистондаги вазиятнинг Женевадаги муҳокамаси олдидан қатор халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳисоботлар эълон этдилар, бу ҳисоботларда Туркман ҳукуматининг қийноқлар ҳамда ноинсоний муомалалар учун масъуллиги урғуланган.

Би-би-си мухбири ёзишича, Женевадаги тадбир халқаро инсон ҳақлари ташкилотлари учун Туркманистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти ҳақида бонг уриш учун яратиладиган камдан-кам имкониятдир.

Сешанба кунги муҳокама олдидан БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига бир неча ҳисоботлар йўлланди.

Ушбу ҳужжатларда Туркманистон қамоқхоналаридаги аҳвол, расмийлар томонидан озодликдан маҳрум этилган фаолларнинг тақдири ҳақида сўз боради, мамлакатда сиёсий ислоҳотлар ўтказилмаётгани танқид қилинади.

Женева мажлисига Туркман расмийлари ҳам ўзларининг ҳисоботларини тайёрлаганлар, унда фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинлиги кафолати таъминланган қонунлар ҳақида батафсил ҳикоя қилинади.

Аммо бу қонунлар фақатгина қоғозда мавжуд.

"Economist"нинг демократия рейтинги бўйича тузилган рўйхатда Туркманистон энг қуйи ўринларда, Чад билан Шимолий Корея ёнидан жой олган.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотига кўра, Туркман ҳукумати омма ҳаётини мутлақ назорат қилишга уринади, бу мамлакатда ҳамон Совет замонидан қолган ўзгача фикрдаги инсонларни руҳий шифохонага мажбуран ётқизиш, мамлакатни тарк этишга мажбурлаш амалиётлари қўлланмоқда.

Айни бир пайтда Туркманистон жаҳондаги энг кўп газ заҳиралари бўйича тўртинчи ўринда туради ва у Оврўпо учун газ таъминотчисига айланиши мумкин.

Инсон ҳақлари ташкилотлари энергия ресурсларини қўлга киритиш мақсадини кўзлаётган Оврўпо Иттифоқи Туркманистондаги инсон ҳуқуқларининг абгор аҳволига кўз юммайди деб умид қиладилар.