"Америкага ўлим!" ёки Афғонистон шимолида ЎИҲ фаоллашмоқда-ми...

Тахор
Image caption Тахор вилояти Ўзбекистон ва Тожикистон чегараларига яқин минатақада жойлашган

Афғонистон шимолидаги Тахор вилояти маркази Талоқан шаҳрида 2 мингга яқин одам намойиш ўтказиб, чоршанбага ўтар кечаси минтақада қуролли рейд ўтказган НАТО ҳарбийларини жавобгарликка тортишни талаб қилганлар.

Талоқанда юриш қилган намойишчилар "Америкага ўлим!" деб қичқирганлар.

Уларнинг даъво қилишича, НАТО рейдида оддий фуқаролардан икки аёл дохил тўрт одам ҳалок бўлган.

НАТО эса ҳарбий амалиётда тўрт исёнчи ўлдирилгани ва яна икки шахс ҳибсга олинганини айтган.

Намойишчилар Талоқандаги НАТО қароргоҳига ҳамла қилишга уринишлари ортидан улар ва полиция ўртасида тўқнашув келиб чиққан ва натижада камида 12 намойишчи ҳалок бўлган, 80 га яқини жароҳатланган.

Вилоят ҳокими Абдул Жаббор Тақвонинг маълум қилишича, НАТО ҳарбийлари Талоқан атрофидаги Гавмал минтақасидаги бир хонадонга ҳамла қилишар экан икки нафар эркак ва икки нафар аёл ўлдирилган.

Абдул Жаббор Тақво мазкур амалиёт ҳақида НАТО маҳаллий ҳокимиятни хабардор этмаганини айтган.

НАТО тунги рейд ҳақида бир баёнот тарқатиб, тўрт шахс ўлдирилганини тасдиқлаган, бироқ қурбонлар рейдга қуролли қаршилик кўрсатганини айтган.

У амалиёт "афғон ва иттифоқ хавфсизлик кучлари" томонидан иттифоқ сиёсатига мувофиқ уюштирилганини айтган.

НАТО тунги амалиётларнинг барчасини афғон қўшинлари билан биргаликда ўтказишга розилик билдирган.

Минтақадаги мухбирларнинг маълум қилишларича, Афғонистондаги исёнкорлар орасида аёллар бор эса-да, ниҳоятда кам учрайди.

Иттифоқ кучлари баёнотида қўшимча қилинишича, аёллардан бири ўт очар қуролда НАТО аскарларига ҳамла қилишга уринган пайти ҳалок этилган.

Улардан иккинчиси эса тўппонча билан қуролланган бўлган ва уйдан қочаётган маҳали хавфсизлик ходимига қуроли билан ўқталган.

"Америкага ўлим!"

Чоршанба куни эрталаб Талоқан шаҳрининг Гавмал минтақасида юзлаб одам тўпланиб, ҳалок бўлган тўрт шахс тобутлариини кўтарган ҳолда шаҳар маркази томон юра бошлашди, дейди маҳаллий журналистлардан бири.

Улар "Америкага ўлим!", "Карзайга ўлим!" дея ҳайқирганлар.

Вилоят ҳокими Абдул Жаббор Тақво юришда тахминан бир ярим минг одам иштирок этганини айтган.

Аммо оломон орасидан баъзилар дўконларни талай бошлаши ва НАТОнинг Талоқандаги кичик базасига ҳамла қилишга уриниши ортидан юриш зўравонлик тусини олган.

Шаҳар полицияси оломонни тинчлантиришга уринди, деб айтди Абдул Жаббор Тақво.

Талоқаннинг бир неча маҳалласида отишма овозлари эшитилган ва НАТО қароргоҳидаги қўшинлар уларга ҳамла қилишга уринган оломонни тарқатиш учун осмонга қарата ўқ узганлар.

Талоқан шаҳар шифохонаси шифокори Абдул Ҳолиқ Несорий бир шахс бошига теккан ўқдан шаҳар шифохонасида оламдан ўтганини айтган.

Унинг маълум қилишича, шифохонага ўқдан жароҳатланган яна икки одам келтирилган.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаоллашмоқда-ми?!

НАТОга кўра, чоршанбага ўтар кечаси ўтказилган рейддан мақсад Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан ишлаган шахсни тутиш бўлган.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сўнгги пайтларда минтақада ниҳоятда фаоллашган.

НАТОнинг даъво қилишича, ҳадафга олинган шахс қурол-яроқ савдоси ва худкуш ҳужумчилар учун портловчи моддаларни тайёрлаш билан шуғулланган.

Бироқ унинг ҳалок этилгани ёда қўлга олингани маълум эмас.

"Амалиёт жараёнида хавфсизлик кучлари фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга уринди," дейилади НАТО баёнотида.

Афғонистондаги халқаро кучлар сўзчиси, генерал Жосеф Блатз эса Би-би-си билан суҳбатда НАТО ва афғон кучлари томонидан ўтказилган муштарак амалиёт "аниқ истихборот маълумотлари"га асосланганини айтган.

"Хонадон исёнчилар маркази бўлганига шубҳа йўқ," деб айтган генерал Жосеф Блатз.