Сўнгги янгиланиш 19 май 2011 - 11:49 GMT

Қозоғистон Афғонистонга қўшин юбориши мумкин

Қозоқ парламентига кўра, Қозоғистон Афғонистонга ўз аскарларини ярим йиллик муддат билан жўнатиши мумкин.

Парламент қуйи палатаси Қозоғистон билан НАТО ўртасидаги битимни ратификация қилган.

"Битим шартларига кўра, Қозоғистон агар НАТО розилик бериб маъқулласа, Афғонистондаги АЙЭСАФ - Халқаро Хавфсизлик Кўмак кучлари қўшилиш учун 6 ой муддатга ўз контингентини юборади, бу муддат ўзаро келишилган ҳолда яна узайтирилиши мумкин", дейилади парламентнинг Халқаро ишлар, Мудофаа ҳамда Хавфсизлик қўмитаси тарқатган баёнотда.

Аммо, парламент Мудофаа ва Хавфсизлик қўмитаси илк қўшинлар Афғонистонга қачон юборилиши ва жами қанча сондаги қозоқ аскари боришини очиқламаган.

Шу билан бирга Қозоқ ҳарбийларига Афғонистон ҳудудида қандай вазифалар юкланиши мумкинлиги ҳам ҳозирча кўпчиликка маълум эмас.

Шартномага кўра, ўз қўшинлари қурол-яроғлари ва бошқа керакли жиҳозларини Афғонистонга етказиш ҳамда ортга қайтариб олиб келиш масъулиятини Қозоғистон ўз зиммасига олади, яъни, бунинг учун НАТОдан маблағ олмайди.

Қозоғистон шу асно Афғонистонга қўшин жўнатган биринчи Марказий Осиё мамлакати бўлиши мумкин.

Қозоғистоннинг Афғонистонга қўшин юбориш қарори ҳақида илк бор ўтган йил декабрида Қозоғистоннинг Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига раислиги якуни муносабати билан ўтказилган Остона саммитида эълон қилинган эди.

Шу пайтгача Қозоғистон Афғонистонга юборилаётган ҳарбий юклар ҳамда ҳарбийлар транзити учун ўз ҳудудидан фойдаланишга рухсат бериб келмоқда.

Афғонистонга қўшни Ўзбекистон ўз ҳудудидан ноҳарбий юкларни олиб ўтишга рухсат берган, Термиз аэропортида НАТО таркибидаги Олмония қўшинлари базаси жойлаштирилган.

Қирғизистон пойтахти Бишкекнинг "Манас" аэропортидан Пентагон транзит маркази сифатида фойдаланиб келинаяпти.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.