БМТ Марказий Осиё минтақасига чигирткага қарши курашда кўмак бермоқчи

Бирлашган Миллатлар Озиқ-овқат идорасининг айтишича, далаларини чигирткадан ҳимоя этиш учун Марказий Осиё ва Қофқоз минтақасидаги 10 та давлатга қарийб 2 миллион доллар молиявий ёрдам ажратмоқчи.

Агар ўз вақтида олди олинмаса, чигиртка балоси ушбу минтақаларда 20 миллион кишини очлик ёқасида қолдириши мумкинлиги айтилади.

Чунки улар қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат тўкислиги ва кишиларнинг тирикчиликларига жиддий таҳдиддир.

Халқаро ташкилотнинг баёнотида билдирилишича, "чигирткалар Афғонистон шимоли ва Россиянинг жанубий минтақаларига ҳам хавф солишмоқда".

Шу боис, идора Американинг кўмаги билан 25 миллион гектар экин ерларини чигирткалардан ҳимоя этиш учун 5 йиллик махсус дастурга қўл урмоқчи.

Бирлашган Миллатлар идораси чигирткаларни жиловлаш учун янги техникалардан фойдаланишга умид қилмоқда.

Уларнинг сирасига теварак-атрофга зиёни кам бўлган био-пестицидлар ҳам киради.

Чигирткалар 100 чақиримгача учишга қодир ва ҳар қандай об-ҳавога осонлик билан мослашиб кетаверади.

"Чегаралари чигирткаларнинг доимий яшаш ва кўпайиш манзиллари бўйлаб жойлашгани боис, бир давлат ушбу офатдан зиён кўрса, камида битта қўшнисида ҳам худди шундай ҳолат юз бериши эҳтимоли катта," дейди халқаро ташкилот.

Шу сабабдан ҳам, ҳар икки минтақанинг аксарият давлатлари чигиртка балосига қарши курашишда ёрдам беришини сўраб, Бирлашган Миллатларнинг Озиқ-овқат идорасига мурожаат этишгани айтилади.

Чигиртка галалари Марказий Осиёдаги экин далаларига тез-тез ҳужум қилиб туришади.

Ўтган йил май ойида Ўзбекистон ва Тожикистон Қишлоқ Хўжалиги вазирлари чигиртка офатига қарши биргаликда курашиш чораларини ҳам келишиб олишганди.