Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистон бирга ҳарбий машғулот олиб боришмоқчи

Уч Марказий Осиё давлати мудофаа вазирлари махсус кучлари иштирокида қўшма ҳарбий машғулотлар олиб боришга келишиб олишган.

Бу ҳақдаги қарор Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган учрашув якунида берилган.

Россия ахборот агентликлари тарқатган хабарларга кўра, томонлар ҳарбий-техникавий ҳамкорлик масаласини ҳам муҳокама этишган. Минтақа хавфсизлиги юзасидан фикр алмашишган.

Бундан ташқари, уч давлат мудофаа вазирлари қай бирларида фавқулодда вазият хавфи пайдо бўлса, ҳамкорликда маслаҳатлашиб иш тутиш масаласини ҳам кўриб чиқишган.

Лозим бўлган тақдирда, бир-бирларига ҳарбий ва техникавий ёрдам кўрсатишга ҳам рози бўлишган.

Афғонистон шимолида жангариларнинг фаоллашаётганини назарда тутиб, мамлакат чегараларидаги вазият сўнгги пайтларда Қирғизистон ва Тожикистон раҳбариятининг доимий хавотирларига сабаб мавзулардан бирига айланган.

Яқинда Қирғизистонда 12 давлат вакиллари иштирокида хавфсизликни таъминлашга қаратилган ўқув-машғулотлари бўлиб ўтгани ҳам хабар берилганди.

Қирғиз-тожик чегараси яқинида эса, кейинги йилларда бир неча бор қуролли гуруҳлар ҳужумлари қайд қилинган.

Ўтган йил охирларида Россия Қирғизистон чегарасидаги вазиятни яхшилаш учун мамлакат жанубига кичик сондаги чегарачиларини юборишга ҳам қарор қилганди.

Бундан ташқари ўтган апрел ойида юз берган қонли тўқнашувлар ва унинг ортидан жанубий минтақаларида келиб чиққан миллий низолар сабаб, Қирғизистонда вазият ҳануз омонатлигича қолмоқда.

Ўша пайтда Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг раиси бўлган Қозоғистон эса, этник зўравонликларни бостиришдаги сусткашлиги учун танқидлар остида қолиб кетганди.

Яқинда қирғиз раҳбари НАТОдан заиф чегаралари ва Афғонистонга яқин ҳудудларидаги қурол-яроғ омборларини ҳимоя этишда ёрдам беришини ҳам сўраганди.

Маҳаллий масъуллар "Минтақада вазиятни издан чиқариб, ўтган йилги ҳодисаларни такрорлаш истагида бўлган ички ва ташқи кучлар бор"лигини айтиб, яқинда Қирғизистон жануби, айниқса, Ўш вилоятида хавфсизлик чораларини янада кучайтиришган.

Уч давлат мудофаа вазирларининг сўнгги келишуви Қирғизистондаги қонли июн низоларининг бир йиллиги санаси арафасида кузатилмоқда.