Қирғизистон жанубида июн низолари жабрдийдалари учун ишонч маркази очилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Қирғизистоннинг жанубий Жалол-Обод шаҳрида ўтган июн ойидаги қонли миллий низолар чоғида руҳан жабр чеккан инсонлар учун ишонч маркази иш бошлади.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш тизими мулозимларига кўра, тез орада худди шунга ўхшаш марказ Ўш шаҳрида ҳам очилади.

Руҳшунос Дарё Жумабоеванинг айтишича, замонавий тиббиёт ускуналари билан мукаммал жиҳозланган марказда беш шифокор фаолият олиб боради.

- Энг аввал руҳшунос ёрдамига муҳтож бўлган бемор марказимизда махсус рўйхатга киритилади. Шундан сўнг, у мутахассис шифокор хонасига киради. Хонада эса, руҳий саломатлиги жабрланган одамни даволаш учун барча шарт-шароитлар бор. Бу борадаЖаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти, Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Россия Федерацияси бизга қўлларидан келган барча имкониятни яратиб беришган, дейди руҳшунос.

Уч қаватли бинода жойлашган ишонч марказига фақат Жалол-Обод шаҳри аҳолиси эмас, бутун вилоят ҳудудидан одамлар мурожаат этишлари мумкин.

Руҳий мададга муҳтож, аммо ишонч марказига келишга имкони бўлмаганлар учун махсус кўчма гуруҳ ҳам тузилган. Гуруҳ вилоят шаҳар ва қишлоқларига бориб, руҳий саломатлиги зиён чеккан инсонларга ўша ернинг ўзида ёрдам беради.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари ҳозир ҳам миллий низо жабрдийдаларига тиббий ва руҳий муолажа кўрсатилаётганини айтади.

Этник тўқнашувлар ортидан турли халқаро ташкилотлар ва маҳаллий мутахассислар ҳам жабрдийдаларга ёрдам беришга ҳаракат қилишганди.

Аммо лозим шарт-шароитлар бўлмагани боис, жабрланган аҳолига эҳтиёжлари даражасида кўмак беришнинг иложи бўлмаган.

Мутахассисларга кўра, бунинг оқибатида ўз вақтида махсус муолажа ололмаган инсонларнинг аҳволлари янада ёмонлашиб кетган.

Энди эса, низолар чоғида мол-мулкларидан айрилиб, уйлари ёқиб юборилган одамлар анча кеч бўлса-да, руҳшуносларга мурожаат этишга мажбур бўлишмоқда.

Шифокорлар уларнинг ҳалиям бўлиб ўтган ҳодисалардан ваҳимада эканликларини айтишади.

Мутахассислар руҳий аҳволи ниҳоятда ёмон бўлса-да, одамларнинг гап-сўздан қўрқиб, иложи бўлса, руҳшуносга мурожаат қилмасликка ҳаракат қилишлари аҳволни янада оғирлаштиришини таъкидлашади.

Қирғизистон жанубида ўтган июн ойида юз берган қонли миллий низоларда расман 470 кишининг қурбон бўлгани, икки мингдан ортиқроғининг яралангани, минглаб уй-жой ва бинолар вайрон этилгани айтилади.