Қозоғистон ўз номзодини Халқаро Валюта Жамғармаси раислигига кўзламоқда

Image caption Жаноб Марченконинг оврўполик нуфузли молиячилар орасида обрўйи баланд

Расмий Остона Халқаро Валюта Жамғармаси раислигига Қозоғистон Марказий банки раҳбари Григорий Марченконинг номзодини илгари сурган.

Қозоғистон Бош вазири Оврўпо Тикланиш ва Тараққиёт банкидан ўз номзодини дастаклашини ҳам сўраган.

Карим Масимов жаноблари МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгашининг 19 май кунги Минск йиғинида ўз қарорларини эълон қилганди.

Кенгаш эса, Қозоғистоннинг таклифини қўллаб-қувватлагани хабар берилганди.

Аммо жаноб Марченко ўзининг имкониятлари борасида анчайин камтарлик қилмоқда.

"Бу ўринда мен ёки менинг хоҳишим ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Одатда Ғарбий Оврўпо давлатлари вакиллари ушбу лавозимни эгаллаб келишади. Аммо дунёда мамлакатларнинг иқтисодий мавқеълари ўзгариб бормоқда. Ривожланаётган давлатлар ҳозир йирикроқ роль ўйнаш истагидалар. Аммо юқори даражадаги консультациялар олиб борилмай туриб, номзодларнинг имкониятлари ҳақида гапиришга эрта," деб айтган Қозоғистон Марказий банки раҳбари.

Жаҳондаги энг нуфузли молиявий ташкилотлардан бирининг раислиги учун бораётган кураш ҳам ҳазилакам эмас.

Чунки АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи ҳам мазкур лавозимга ўз номзодларини илгари суришган.

Ўз вакилининг халқаро ташкилотга раислик қилишини истаётганлар орасида яна Мексика, Туркия, Ҳиндистон, Жанубий Африка, Бразилия ва Хитойнинг ҳам борлиги айтилади.

Устига устак ушбу курашда Франция Молия вазири Кристин Лагарднинг ғолиб чиқиш имкониятлари катта экани башорат қилинмоқда.

Ким қандай фикрда?

БРИКС - Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка эса, бу борада ўз қарашларини бир ёқадан бош чиқариб изҳор этишган.

Уларга кўра, бу гал Халқаро Валюта Жамғармасига оврўполик ёки америкалик эмас, иқтисоди ривожланаётган давлат вакили раислик қилиши лозим.

Агар тарихга назар ташланса, ўтган 65 йил бадалида ушбу лавозимни АҚШ ёки Оврўпо намояндаси эгаллаб келган.

Номзодларни илгари суриш жараёни июн ойининг ўрталаригача давом этади.

Аммо янги раиснинг тақдири ривожланган саккизлик давлатларининг шу ой охирига режаланган йиғинида ҳал қилиниши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Таҳлилчилар Қозоғистон Марказий банки раисининг имкониятлари оз эканини айтишса-да, унинг оврўполик нуфузли молиячилар орасида обрўси қанчалар баланд эканини ҳам рад этишмайди.

Жаноб Марченконинг ўзи эса, агар дунёнинг йирик ва ривожланаётган давлатлари олиймақом даражада келишиб олишса, ушбу лавозимни эгаллаш имкониятига эга бўлишини айтмоқда.

Халқаро Валюта Жамғармаси аъзо давлатларнинг раислик лавозимига таклифларини кеча 23 майдан бошлаб расман қабул қилишга киришганди.

Халқаро ташкилотнинг яқиндагина истеъфо берган раиси, франциялик сиёсатчи ва молиячи Доминик Стросс-Кан эса, 14 май куни Нью Йорк аэропортида қўлга олинганди.

62 ёшли Доминик Стросс-Кан Нью Йоркдаги меҳмонхона ходимасини жинсий зўрлашга уринишда айбланади.

Аммо жаноб Канн ўзига қўйилаётган жиноий айбловларни қатъиян рад этиб келмоқда.