Қозоғистон пойтахтида портлаш юз берди, қурбонлар бор

Қозоғистон Миллий Хавфсизлик қўмитасининг пойтахт Остонадаги вақтинчалик ҳибсхонаси ташқарисида юз берган портлашда икки киши қурбон бўлган.

Сўнгги хабарлардан аён бўлишича, қизил рангли Audi -100 русумидаги машина олисдан туриб бошқарилувчи ускуна ёрдамида портлатилган.

Ҳалок бўлганларнинг машинада бўлган икки киши экани айтилмоқда. Хабарларга кўра, тинч фуқароларга ҳеч бир зиён етмаган.

Портлаш оқибатида теварак-атрофдаги уй-жой ва биноларнинг деразалари тўкилиб тушган.

Қатор ахборот агентликларининг шоҳидларга таяниб хабар беришларича, ҳодиса маҳаллий вақт билан эрта тонг соат 3:30 лар атрофида юз берган.

Шоҳидлар портлаш сатҳида инсон жасади бўлакларининг сочилиб ётганига ҳам кўзлари тушганлигини айтишган.

Дастлабки хабарларда портлаш - худкушлик ҳужуми экани айтилганди.

Лекин Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбага кўра, террорчилик амали билан бирга бошқа қатор фаразларни ҳам ўрганишмоқда.

Қурбонлар ким бўлишган?

Қозоғистон Ички ишлар вазирининг айтишича, машинада портлаб кетганларнинг экстремистик ёки диний ташкилотларга алоқалари бўлмаган.

Вазир жаноблари уларнинг шахси аниқланаётгани, жорий пайтда оператив қидирув гуруҳи текширув ишларини олиб бораётганини билдирган.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари чиқарган баёнотда айтилишича, машина одамсиз ҳудудга ташлаб кетилган бўлган ва ичидаги одамлар ҳам жиноий қидирувда бўлган шахслар бўлишган.

Масъуллар машинада ташқи кўриниши оврўполик бўлган икки эркак кишининг бўлганини айтишмоқда.

Аён бўлишича, милиция ходимлари воқеа жойидан 48 ёшли асли қирғизистонлик шахс ва 26 яшар Қозоғистон фуқаросига тегишли ҳужжатларни топишган.

Аммо уларнинг исм-шарифларини очиқлашмаган.

Икковлоннинг Қозоғистоннинг шимолий Экибастуз шаҳрида истиқомат қилганликлари ҳам аниқланган.

Қозоғистондан келаётган сўнгги хабарларга кўра, Остона шаҳар Ички ишлар бошқармаси юз берган портлаш юзасидан мамлакат Жиноят Кодексининг 188-моддаси бўйича жиноий иш очган.

Мазкур модда, "Эҳтиётсизлик оқибатида бировнинг мол-мулкини вайрон этиш ёки ўт билан эҳтиётсиз ўйнашиш натижасида бировнинг мол-мулкига зиён етказиш"ни кўзда тутади.

Ўтган ҳафта Ақтўба вилоят Миллий Хавфсизлик қўмитаси биносида худкушлик ҳужуми юз берган ва 25 ёшли Раҳимжан Махатов ўзини портлатиб юборганди.

Ҳужумчининг ўзи воқеа жойида ҳалок бўлган, унинг ёнида бўлган икки киши жароҳатланганди.

Расмийлар худкушлик ҳужуми террорчилик амали эмаслиги, жиноят содир этганликда гумон қилинган шахснинг жавобгарликдан қочиш мақсадида амалга оширган иши эканлигини айтишганди.

Аммо вазият барқарор эканлигини кўрсатиш учун Қозоғистон ҳукумати атайдан тафсилотларни тўлиқ ошкор этмаётганига оид гап-сўзлар ҳам йўқ эмас.

Таҳлилчиларга кўра, юз берган ҳодиса Қозоғистон хавфсизлик кучлари орасида қудрат учун курашнинг кучайиб бораётгани нишонаси бўлиши мумкин.

Улар илгари сураётган бошқа бир тахмин эса, айрим қўшни давлатлардаги зўравонликларнинг Қозоғистонга ҳам сизиб ўтаётганига оиддир.

Остонадаги сўнгги портлаш Беларус Президенти Александр Лукашенконинг Қозоғистонга сафари билан бир пайтга тўғри келмоқда.