Москва жанубида марказий осиёлик лўлилар 'шаҳарчаси' вайрон қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Расмийларга кўра, лўлилар "шаҳарчаси" тасодифан аниқланган.

Тахминан 50 нафардан ортиқроқ лўлилар темир йўл яқинидаги катта жарда ертўлалар қуриб, яширин яшаб келишган. Расмийларга кўра, лўлилар "шаҳарчаси" тасодифан аниқланган.

Лўлилар "шаҳарчаси" Москва жанубидаги "Косино" темир йўл платформасидан 200 чақиримча узоқликдаги жарда жойлашган.

Тўрт томони кўм-кўк дарахт ва буталар билан ўралган10 яқин ертўла булдозерлар билан вайрон қилинди.

Атрофда сочилиб ётган кийим-бошлар, идиш-товоқ, болалар қўғирчоқлари ва ҳатто қуритилган исириқни ҳам кўриш мумкин.

Москва миграция хизмати инспектори Роман Чермашенцевнинг Би-би-сига айтишича, полиция келиши билан лўлилар тўрт тарафга "тум-тарақай" қочишган.

Шу боис уларнинг ҳеч бири қўлга олинмаган.

"Муҳожирлар ёш болалари билан антисанитария шароитида яшашган. Ер тўлада печка билан исинишган ва овқатларини ҳам шу ерда пиширишган. Муҳожирлар яшаган жойда жиноятчиликка боғлиқ бирор нарса топилмади. Бизга аниқ бўлишича ертўлаларда Ўзбекистон ва Тожикистондан келган лўлилар яшашган. Улар одатда, ҳеч ерда ишлашмайди. Фақат вокзал ва бозорларда тиламчилик қилиб кун кечиришади", дейди Роман Чермашенцев.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Тўрт томони кўм-кўк дарахт ва буталар билан ўралган10 яқин ертўла булдозерлар билан вайрон қилинди

Миграция хизмати ходимига кўра, муҳожирлар яшаган жар атрофи назорат остига олинган. Қўлга туширилган тақдирда лўлилар Россиядан депортация қилиниши мумкин.

Москва минтақасидаги "Муҳожирлар ер ости шаҳарчаси" биринчи маротиба топилгани йўқ.

Шу йилнинг март ойида полиция Москва ғарбидаги бомбапаноҳда 150 нафар марказий осиёлик ноқонуний меҳнат муҳожирини қўлга олганди.

Муҳожирлар ушланган корхона яқинида замонавий ракета комплекслари ишлаб чиқарадиган Москва радиотехника заводи жойлашган бўлган.