'Қозоғистоннинг табиий бойликлари арзон баҳода сотилмасин!'

Олма ота шаҳрида мамлакат табиий бойликларини арзон баҳога сотилишига қарши намойиш бўлиб ўтган.

Ҳокимият томонидан рухсат берилган намойишда бир неча мухолиф партиялари иштирок этишган.

Йиғилганлар Қозоғистондаги чет элликларга сотилган конларнинг қандай шартлар билан сотилганини ошкор қилинишини сўрашган.

Ўз вазифасини бажара олмаяпти дея ҳукумат ва парламент истеъфосини талаб қилишган.

Турли мухолиф партия ва ташкилотларнинг аъзолари бўлмиш мингга яқин қозоғистонликлар Олма ота шаҳридаги улар учун махсус ажратилган жойда ўз норозилик акцияларини ўтказишди.

Кун тартибидаги асосий масала мамлакатнинг ер ости ва усти табиий бойликларини чет эллик компания ҳамда давлатларга сотишга ё-да ижарага беришга қаршилик қилиш.

Намойиш иштирокчиларининг сўзларига кўра, бугунги кунга келиб Қозоғистонда ишлаб чиқариш соҳаси пастга қараб шўнғиган. Бир вақтлар оғир ва енгил саноатда етакчи ўринларда турган Қозоғистон бугунги кунга келиб истеъмол молларининг энг катта импортчисига айланиб қолган. Ҳаттоки, гўшт, картошка маҳсулотлари Покистон ва Австралия сингари давлатлардан олиб келиниши айтилди.

“Бугун халқимизнинг ёлғиз бойлиги бор. У ҳам меҳнатимиз туфайли келмаган, балки Худонинг элимизга берган табиий бойлиги. Ушбу бойлигимизнинг аҳволи қандай? 72 фоиз нефт ва газимиз чет элликларнинг қўлида. Бу нима деган гап бўлди," - дейди “Озод” умуммиллий ижтимоий демократик партияси лидерларидан Жармахан Туяқбай.

Туяқбай жанобларининг илова қилишича, Қозоғистон бюджетининг 80 фоизини ташкил қилувчи мисдан тортиб нефт, кўмиргача бўлган конларнинг 80 фоизидан кўпроғи бошқа давлат фуқароларига тегишли.

Фақатгина Хитой давлатининг Қозоғистон нефтидаги улуши 25 фоизни ташкил қилади. Намойиш иштирокчилари қайси келажагини ўйлаган давлат бошқа бир давлатга 1/4 бойлигини бериб қўяди, дея савол ташлашди.

Боз устига Қозоғистон сўнгги йилларда Хитойдан 19 миллиард доллар қарз олган. Бугунга келиб мамлакатнинг ташқи қарзи 120 миллиардга етди. Бунинг ҳаммаси аҳолиси 16 миллион бўлган қозоғистонликлар учун катта рақам эканлиги айтилди.

“Тунис, Ливия, Сурия, Яманда нима бўлаяпти? Ҳокимиятдагилар шу ҳақда ўйлаб кўрсин. Агар ҳукумат ўйламаса, халқни тепасидан босиб умрбўйи чўктирамиз, қулликда ушлаймиз деса адашади," - дейди намойиш иштирокчиларидан бири.

Намойишда сўзга чиққанлар ҳукумат Хитойга гўёки ижарага берилиши керак бўлган 1 миллион гектар ер ҳақида бирор маълумотни очиқ айтмасликда айблашди. Ушбу масала юзасидан ҳамма келишувларни ошкор қилишни талаб қилишди.

Сўзга чиққанлар орасида табиий бойликларни чет элликларнинг қўлига топширишда президент Назарбоевнинг айби борлигини айтувчилар ҳам бўлди.

“Давлатни талон-тарож бўлишига йўл очиб, уни Машкевич, Ибрагимов, Ким, Шодиевларнинг қўлига топширган ким? Нурсултон Назарбоевнинг режими. Халқнинг бахтли умр кечиришига, иқтисодий аҳволининг яхши бўлишига таъсир қилаётган ва халақит бераётган бир одам бўлса, у ҳокимиятдан нимага кетмайди? Қозоқлар жунғар, хитойни енган, ўрисларни ҳам ютган. Шунинг учун биз бир одамга ютқазмаймиз. Уни енгамиз, ғалаба биз томонда," - дейди “Руҳ билан тил” ёшлар клуби раҳбари Жонпўлат Мамай.

2 соатга руxсат берилган намойиш сўнгида талаблар ёзилган резолюция қабул қилинди ва Оқўрдага юборилиши айтилди.

Талаблар сирасига табиий бойликлар ҳақида чет эллик компаниялар билан тузилган шартномалар халққа ошкор қилиниши. Хитой давлати билан ер тўғрисида бирор келишув бор ёда йўқлиги очиқ айтилиши. Мамлакатни бошқаролмаётгани учун ва халқ манфаатларини ҳимоя қилмаётгани учун ҳукумат истеъфоси ва парламентнинг тарқатиб юборилиши талаб қилинди.