Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қирғизистонда 10 июн 'Умумхалқ хотирлаш куни' дея эълон қилинди

Қирғизистон ҳукумати 10 июнни ўтган йил мамлакат жанубидаги юз берган фожеали воқеалар қурбонлари хотирасига "Умумхалқ хотирлаш куни" деб эълон қилган.

Бу ҳақдаги қарор ҳукуматнинг жума куни ўтган мажлисида қабул қилинган.

Айни пайтда юзлаб инсонлар ўлимига сабаб бўлган зўравонликларнинг биринчи санаси яқинлашиб келаркан, Ўш ва Жалолободда хавфсизлик чоралари кучайтирилган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги мамлакат жанубига хавфсизликни таъминлаш учун қўшимча кучлар юборганини маълум қилган.

'Одамлар ваҳимада'

Ўшлик инсон ҳуқуқлари фаоли Равшан Гапиров ҳукумат қарорига муносабат билдираркан, ҳозир "тириклар" учун адолатни қарор топтириш муҳимроқ эканини айтади.

"Биздаги ҳолат ҳалигача тинчигани йўқ. Ҳамма одам ҳадикда. "Ўнинчида яна Ўш бўлармиш", деган бир гаплар юрибдики, ўзбек ҳам ваҳимада, қирғиз ҳам ваҳимада", дейди у.

Унга кўра, ҳукуматнинг мамлакат жанубига қўшимча қўшин юбориши ҳақида эълон қилиши одамларни тинчлантириш ўрнига хавотирларини янада кучайтирган.

"Бишкекдан қўшимча кучлар жўнатилди", деб телевизордан ҳам эълон қилди. Бу ерда БТРларни қўйишди. Кеча мана ваҳима бўлиб кетди ҳамма ёқ, яна бир нарса бўлади, шекилли, деб", дейди у.

Қирғизистон жанубида ўтган йил июн ойида юз берган этник зўравонликларда юзлаб кишилар қурбон бўлган, ўн минглаб кишилар ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишганди.

Ҳодисалардан қарийб бир йил ўтган эса-да, ўзбеклар ва қирғизлар ўртасидаги муносабатлар ҳамон ўта нозик қолаётгани таъкидланади.