Қозоғистонда "Закот" деб номланган жамғарма фаолият бошлади

Image caption Қозоғистонда мусулмонлар кўпчиликни ташкил этади

Қозоғистонда "Закот" деб номланган жамғарма ишга тушди. Энди мусулмонлар ўз закотларини ушбу жамғармага топширишлари мумкин.

Жамғармага асос солган Қозоғистон Мусулмонлар диний идораси йиғилган пуллар аввало имомлар ва мадраса толибларининг эҳтиёжини қондиришга ишлатилиши ва муҳтожларга тарқатилишини айтмоқда.

Мамлакат ичида ушбу жамғарма очилиши муносабати билан турли фикрлар янграган. Исломнинг фарзларидан бўлмиш закотнинг марказлашган ҳолда бошқарилишини илиқ кутиб олганлар билан бирга унинг нақадар шаффоф бўлишини савол остига олаётганлар ҳам бор.

"Закот" жамғармаси мусулмонларнинг закоти ва садақаларини йиғиб, уни шариат аҳкомларига мос равишда тарқатишни ўз олдига мақсад қилган. Қозоғистон Мусулмонлар диний идораси матбуот котиби Ўнғар Ўмирбекнинг Би-би-сига айтишича, Қозоғистонда дин ҳукуматдан ажратилгани учун ушбу жамғармани тузишга катта эҳтиёж бўлган.

"Фақатгина шаҳардаги масжидларга хайр-садақадан пул тушади. Қишлоқлардаги масжидларимизга ҳеч қаердан маблағ келмайди. Тушган пул ҳаттоки масжидни ушлаб туришга етмай қолади. Қишда масжидларни иситишга пул тополмай қоламиз. Совуқда одамлар қандай ибодат қилади?", дейди Ўнғар Ўмирбек.

Ўнғар Ўмирбекнинг айтишича, закотдан тушган пуллар илк навбатда қишлоқ жойдаги имомларнинг маошини ва мадрасаларда ўқиётган толибларнинг эҳтиёжи учун ишлатилади. Йиғилган пуллар шариатга мос равишда муҳтожларга берилиши ҳам назарда тутилган. Пулни йиғиш ва тарқатиш механизми шаффоф бўлиши таъкидланаяпти.

Бугунги кунда Қозоғистонда тўққиз мадраса очилган ва 2300 дан ортиқ масжид фаолият юритади.

Қозоғистон Мусулмонлар иттифоқи ушбу ташаббусга шубҳа билан қарашмоқда. Иттифоқ раҳбари Мурат Телибековга кўра, диний идора раҳбарияти коррупцияга ботган ва улар бошлаган иш хайрли бўлмаслиги мумкин.

"Чунки кўп йиллар давомида Мусулмонлар Диний идорасининг ҳозирги раҳбарияти кўплаб танқидларга учради. Уларни бир неча маротаба коррупцияда ва Ислом аҳкомларини бузишда айблашди", дейди Мурат Телибеков.

Телибеков жанобларига кўра, шу вақтгача ҳам Диний идора ҳисоб рақамларига озмунча пул тушмаган. Аммо идора ушбу пулларнинг қаёққа сарфлангани ва имомларнинг маошлари қанчани ташкил қилиши мумкин деган саволларга жавоб бермай келмоқда.

Оддий мусулмонларнинг ҳам ушбу янгиликка муносабатлари турлича бўлди. Мансур исмли муслим йигитнинг айтишича, бундай жамғармаларни очишга эҳтиёж йўқ.

"Мен аҳли сунна уламоларнинг бу борада фикрини эшитган эдим. Уларнинг айтишича, Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳам ўз даврида мана шунақа жамғармалар очиши мумкин эди. Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алилар ҳам очиши мумкин эди. Улар очишмади-ку, демак бизнинг очишимизда маъно йўқ", - дейди Мансур.

Мансурга кўра, закот ё-да садақа бермоқчи бўлган одам муҳтожларни топиб ўзи бераверади.

Улуғбек исмли тадбиркор йигитга кўра, "Закот" жамғармаси тузилганининг ўзи яхши хабар.

"Ушбу ғоянинг яхшилиги шундаки, одам ҳеч бўлмаса умрида бир марта закот бериши керак. Аммо кўплар бу ҳақда билмайди. Ушбу жамғарма сабаб намоз ўқимайдиганлар ва Ислом маданиятини билмайдиганларда Ислом билан танишиш учун ва ўз ҳиссасини қўшиш учун яхши имконият пайдо бўлади", дейди Олма оталик Улуғбек.

Улуғбекка кўра, намоз ўқувчи ва бунинг ҳаммаси ким туфайли бўлаётганини билган одам Аллоҳнинг қаҳридан қўрқади ва маблағни фақат керакли йўлда сарфлайди.