Сўнгги янгиланиш 31 май 2011 - 10:10 GMT

БАШОРАТ: Марказий Осиёни қандай истиқбол кутмоқда?

"Оксфам" халқаро хайрия жамғармасининг озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши билан огоҳлантириб чиққан сўнгги ҳисоботи Жаҳон Банки ва Осиё Тараққиёт Банкининг худди шу мазмундаги чиқишлари ортидан эълон этилмоқда.

Жумладан, сал аввалроқ Жаҳон Банки озиқ-овқат ва энергия маҳсулотлари нархининг ортиб бораётгани ривожланаётган Оврўпо ва Марказий Осиё давлатларида 5 миллиондан ортиқ инсонни қашшоқлик гирдобига ташлаши мумкинлиги билан огоҳлантирганди.

Банкка кўра, ушбу минтақалардаги аҳолининг камбағаллик даражаси кескин ошиб кетиши хавфи остида бўлган давлатларда ўтган 2010 йилда озиқ-овқат нархлари 17 фоизга сакраб кетган.

Жаҳон Банки озиқ-овқат ва ёқилғи маҳсулотлари қийматлари минтақа давлатларидан даромади энг кам бўлганларида жадаллик билан ошиб бораётганини ҳам таъкидлаганди.

Бирлашган Миллатларнинг Озиқ-овқат дастури идораси эса, яқинда Марказий, Шарқий Оврўпо ва Марказий Осиё улкан қишлоқ хўжалик потенциалига эга экани ва бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим рол ўйнаши мумкинлигини баён этганди.

Халқаро идора ҳисоб-китобларига кўра, жаҳон бўйлаб ошиб бораётган талабни қондириш учун 2050 йилгача ҳозиргига қараганда 70 фоиз кўп озиқ-овқат ишлаб чиқарилиши лозим.

Аммо аксарият Марказий Осиё давлатларининг қишлоқ хўжалиги энг ислоҳот талаб соҳалигича қолаётгани аён.

Хўш, Марказий Осиёда нарх-навонинг кўтарилиш тенденцияси қандай? Биз ушбу савол билан иқтисодий масалаларда таҳлилчи Алишер Таксановга мурожаат этдик:

Алишер Таксанов: Марказий Осиёда нархнинг кўтарилиши энг аввало қишлоқ хўжалиги ёки озиқ-овқатларни ишлаб чиқариш факторларига қарам бўлади. Ишлаб чиқариш эса, энг аввало сув муаммоларига боғлиқ. Маълумки, Марказий Осиё сув таъминоти муаммоларига эга. Сувнинг асосий қисми дарёнинг юқори қисмидаги мамлакатларда - Тожикистон, Қирғизистон ва қисман Қозоғистонда жам бўлган. Глобал иқлим ўзгариши туфайли Марказий Осиёда сув миқдори тобора камайиб боради. Бу эса, албаттаки, илк навбатда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни пасайтиради. Иқлимнинг ўзгариши дон, сув ва гўшт маҳсулотлари миқёсига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Шундай экан, Марказий Осиёда келажакда кундалик озиқ-овқат маҳсулотларининг қимматлашуви ва бошқа минтақалардан импортнинг кўпайишини кутсак бўлади.

Би-би-си: Нарх-наволарнинг кўтарилиши минтақа давлатларига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?

Алишер Таксанов: Албатта, вазиятдан фойдаланиб, баъзи мамлакатлар нарх-наволарни кўтариб юборишлари мумкин. Шунинг учун маҳсулотлар олди-сотдиси минтақа давлатлари даражасида назорат қилиниши керак. Аммо, минтақа мамлакатларининг бир бирини сиёсий жиҳатдан ёқтирмаслиги инобатга олинса, нархларни назорат қилиш жуда қийин бўлади. Бошқа тарафдан, демографик ўсишни ҳам ҳисобга олиш керак. Марказий Осиёда туғилиш даражаси энг юқори бўлган мамлакатлар бу - Ўзбекистон ва Тожикистондир. Демак, бу мамлакатларнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжи тобора ортиб бораверади. Нарх- наволарнинг кўтарилиши божхона тўловлари ва чегарадан ўтишда тўсиқларни кучайтиради. Бу, ўз навбатида, кичик-кичк жанжалларни келтириб чиқариши ва аҳолини бошқа минтақаларга кўчишга мажбурлаши мумкин. Контрабанда ва соя иқтисоди ҳам кучаяди. Ҳозирнинг ўзидаёқ, мисол учун, Қозоғистон уни Ўзбекистонга контрабанда йўллари билан келтирилмоқда.

Би-би-си: Минтақада нархларнинг кўтарилишини қандай қилиб тўхтатиш ё бўлмаса ушлаб туриш мумкин деб ўйлайсиз?

Алишер Таксанов: Энг аввало сувни тежайдиган ресурслардан фойдаланишга ўтиш зарур. Сувдан кам фойдаланиш ва тежаш керак. Дарё бўйида жойлашган қўшни давлатлар ўртасида сувдан фойдаланиш бўйича битимлар имзоланиши керак. Бунинг учун мамлакатлар бир-бирига ён беришларга боришлари, можародан чекланишлари ва сиёсий амбициялардан воз кечишлари зарур. Бундан ташқари, аҳоли ўсишини назорат қилиш керак. Пахта каби сув кўп талаб қиладиган маҳсулотлардан воз кечиб, озиқ-овқат етиштиришга асосий эътиборни қаратиш зарур. Ана ўшандагина четдан келтириладиган маҳсулотларга эҳтиёж камаяди. Яъни полиз маҳсулотлари, мева-сабзавотларни етиштиришга кўпроқ эътибор қаратиш керак. Уларни четга сотиш ҳисобига бошқа маҳсулотларни келтириш мумкин бўлади. Яна гўшт ва сут маҳсулотларини кўпайтириш ҳақида ҳам жиддий ўйлаб кўриш керак. Хулоса қилиб айтганда қишлоқ хўжалиги кўп тармоқли бўлиши зарур. Бунинг учун нима экишни ва нима ишлаб чиқаришни фермерларнинг ўзига қўйиб бериш лозим. Давлат озиқ-овқат захираси ҳақида ўйлайдиган бўлса, уни фермерларни бирор нарсани етиштиришга мажбурлаш ўрнига солиқ ва кредит тизимларини яхшилаши зарур. Хуллас, маъмурий буйруқбозлик тизимидан воз кечиш ва иқтисодий таъсир воситаларини ишлаб чиқиш зарур.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.