Қозоғистонда яна ярим мингга яқин ўта ноёб оққуйруқ нобуд бўлган

Image caption Оққуйруқлар қирилиб кетиш хавфи остида бўлган ўта ноёб жонзотлар ҳисобланишади

Қозоғистон масъулларга кўра, мамлакат ғарбида 500 га яқин оққуйруқ кийигининг ўлиги топилган.

Мамлакат фавқулодда вазирлигининг Жонибек тумани бошқармаси мулозимларининг айтишларича, дастлабки текширувлари уларнинг юқумли пастерилез (pasteurellosis) хасталигидан нобуд бўлганликларини кўрсатган.

Пастерилиз хасталиги жонзотларнинг ўпкаси ва ичакларини ишдан чиқариб, уларнинг умрларига зомин бўлади.

Ўтган йилнинг худди шу ойида Қозоғистонда пастерилиз эпидемияси сабаб 12 мингга яқин оққуйруқ нобуд бўлганди.

Бу эса, Ер юзида мавжуд бўлган оққуйруқларнинг чорак қисми деганидир.

Оққуйруқлар буткул қирилиб кетиш хавфи остида бўлган ўта ноёб жонзот ҳисобланишади.

Шу сабабдан ҳам, улар "Қизил китоб"га киритилишган.

Оққуйруқ

Оққуйруқлар асосан Марказий Осиёнинг саҳроларида истиқомат қилишади. Уларни яна Мўғулистон ва Россияда ҳам учратиш мумкин.

Юзлаб йиллар мобайнида Оққуйруқ Марказий Осиё дашту-саҳроларининг рамзи бўлиб келган.

Оқуйруқ - бўртиб чиққан катта кўзли, узун тумшуқли жонивор.

Ўта ноёб жонзотларни назорат этувчи IUCN халқаро ташкилотининг айтишича, сўнгги йилларда оққуйруқлар ниҳоятда камайиб кетган.

Халқаро ташкилот ҳисоб-китобларига кўра, 70-йилларда уларнинг сони миллиондан ортган бўлса, ҳозир қарийб 50 мингга тушиб қолган.

Шохлари сабаб тинимсиз ов этилишлари ҳам оққуйруқларга қирон келтираётган асосий омиллардан бири экани айтилади.

Дейлик, Хитой табобатида оққуйруқнинг шохлари шифобахш хусусиятга эга, деб кўрилади.

Хитойда оққуйруқ эркагининг битта шохини 100 долларгача баҳода сотиб олишлари мумкин.

Бу маблағ эса, Ўзбекистон ёки Қозоғистоннинг қашшоқ қишлоқлари аҳли учун катта пул ҳисобланади.

Бунинг оқибатида биргина Қозоғистонда 90-йилларда миллионтача оққуйруқ бўлган бўлса, бугунга келиб улардан атиги бир неча минг нафари қолган, холос.

Шохига бўлган талаб оққуйруқ эркакларининг ҳам камайиб кетишига олиб келган.

Ҳайвонот турларини асраб қолишга ихтисослашган олимларнинг айтишларича, тирик қолган оққуйруқларнинг атиги бир фоизини эркаклари ташкил этади, бу эса оққуйруқлар сонининг кўпайишини деярли имконсиз қилиб қўйган.

Охирги пайтларда оққуйруқларнинг буткул қирилиб кетиши мумкинлигидан хавотирда уларни асраб қолишга қаратилган чоралар кучайтирилмоқда.

Сўнгги хабарлардан аён бўлишича, қозоғистонлик масъуллар оққуйруқларни асраб қолиш учун 2012 йилгача Костанай вилоятида давлат қўриқхонаси ташкил этишмоқчи.

Аммо айрим мутахассислар бунинг учун Ўзбекистон, Қозоғистон ва Хитой ҳукуматларининг ҳамкорлиги ҳам лозим бўлишини айтишади.