Марказий Осиёдаги энг баланд Ленин ҳайкали олиб ташланди

Тожикистоннинг Хўжанд шаҳрида Ленин ҳайкали олиб ташланган. Ҳайкални йиқитиш кеча оқшом - қоронғу тушган пайтда амалга оширилган.

Аввалига Ленин ҳайкалини йиқитишга қарши турган коммунистлар кейинроқ бу ҳайкални бошқа жойга кўчиришга рози бўлишган.

Ленин ҳайкали ўрнига Исмоил Сомоний ҳайкали ўрнатилиши мўлжалланган.

Кейинги йилларда Тожикистонда Шўролар ҳокимияти ва Коммунистик фирқа йўлбошчилари, таниқли одамларининг ҳайкалларини олиб ташлаш кўпайган.

Жумладан, икки йил олдин Тоғли Бадахшон маркази Хоруғ шахридаги Ленин ҳайкали шаҳарнинг кўримсиз бир жойига кўчирилган ва унинг ўрнига Сомоний ҳайкали ўрнатилганди.

Айни бир пайтда Тожикистонда миллий қадриятларни тиклаш ва мамлакат тарихида катта из қолдирган кишиларнинг ҳайкалларини ўрнатиб, уларнинг хотирасини абадийлаштириш учун интилиш кучайиб бормоқда.

Ленин ўрнига - Сомоний

Хўжанддаги Ленин ҳайкали шаҳарга қоронғулик чўкканда йиқитилгани учун аксарият кўпчилик, ҳатто, бунга қарши турган коммунистларнинг ўзлари бехабар қолишди.

Фақат ҳайкал ёнидаги кўчадан ўтаётган кишилар ҳайкалнинг олиб ташланишини томоша қилишган ва тасодифан хабар топган айрим журналистлар воқеа жойига етиб келишган.

Лекин атрофни ўраб олган ҳуқуқ-тартибот мулозимлари суратга ва телетасвирга туширишга тўсқинлик қилишган.

"Хўжанддаги Ленин ҳайкали фақат Тожикистонда эмас, балки бутун Марказий Осиёда энг баланд ҳайкал саналарди. Унинг бўйи 12 метр, агар таглик асос билан ҳисобланадиган бўлса, 24 метр эди. Ленин ҳайкали бундан 27 йил муқаддам – Тожикистон республикаси ташкил топганлигининг 50 йиллиги муносабати билан ўрнатилган эди," дейди Тожикистон Компартиясининг Суғд вилояти бўлими раиси Ғуфрон Рустамов.

Рустамовнинг айтишича, ҳайкални қурган кишилардан бир гуруҳи Тожикистоннинг ўша пайтдаги Абу Али ибн Сино номли мукофотига сазовор бўлганди ва улар орасида шу қурилишга раҳбарлик қилган Оқил Оқилов – Тожикистоннинг ҳозирги бош вазири ҳам бўлган.

- Бу ҳайкал ҳеч кимдан ош-нон сўрамасди, янги ҳайкал учун бошқа жой танланса яхши бўларди, дейди ҳеч бир фирқага аъзо эмаслигини, қайтага ўзгача фикрлаши учун Шўролар даврида неча йиллик умри қамоқда ўтганини айтган Бегали Мадашуров.

Ленин ҳайкали ўрнига тожик давлатининг асосчиларидан бири деб эъзозланадиган Исмоил Сомоний ҳайкали ўрнатилади. Ҳайкал атрофи Сомоний хиёбони деб номланиши кутилмоқда. Хиёбонни қайта қуриш ишлари деярли бир йил давомида олиб борилди.

Тожикистон мустақилликка эришганидан сўнг мамлакатнинг турли шаҳарларида тожик тарихида муҳим ўрин тутган шахслар - Исмоил Сомоний, Деваштич, Рудакий, Камоли Хўжандий ҳайкаллари ўрнатилди.

Лекин тарихчи олим Сафарали Эркаев фикрича, ҳали кўпгина улуғ шахслар хотираси ҳайкал кўринишида абадийлаштирилган эмас. Олимнинг айтишича, тожик халқи тарихида ҳамда Марказий Осиё халқлари тарихида ўчмас из қолдирган, ажнабий босқинчиларга қарши курашган жасур аёл Тўмарис, оддий чўпон Широқ, лашкарбоши Спитамен, Хўжанд ҳокими Темурмалик ҳайкалларини аллақачонлар ўрнатиш зарур эди.

"Ленин ҳайкалини олиб ташлашга мен қарши эмасман. Ленин ҳайкали ўрнига буюк адиб Садриддин Айний ё Аҳмади Донишнинг ҳайкалини ўрнатишларини истардим," дейди Ҳўжанддаги олий ўқв юртларидан бирида таҳсил кўраётганини айтган Шаҳноза.

"Ленин –Русия давлатининг ташкилотчиси"

"Биз коммунистлар ҳам миллий қадриятлар тикланиши тарафдоримиз ва бунинг учун интиляпмиз. Лекин бу - бошқа қадриятларни йўқотиш ҳисобига бўлмаслиги зарур. Масалан, Хўжанд шаҳрида "Ўроқ ва болға" ёдгорлиги бор эди. Уни олиб ташлашаётганда Шўролар рамзи дея изоҳлашди. Биз бу ёдгорликнинг ишчи ва деҳқон дўстлигини билдиришини тушунтиришга қанча уринсак ҳам бўлмади. Ҳозир бу ёдгорлик Оржоникидзе, Киров ҳайкаллари каби шаҳар ташкилотларидан бирининг омборида ётибди. Ленин ҳайкалини ҳам ўша ерга олиб бориб ташлашса керак. Чунки ҳайкал кўчириб ўрнатилади, деб айтилаётган Ғалаба боғида ҳали ҳайкал учун асос-таглик тайёрланган эмас," дейди Ғуфрон Рустамов.

Кузатувчилар фикрича, мустақиллик даврида ўсиб-улғаяётган ёшлар Ленин шахсидан унчалик хабардор эмас ё у ҳақида умуман билишмайди. Ҳозир тарих дарсларида кўпроқ тожик халқи қаҳрамонлари ҳаёти ўрганилади.

Йигирма ёшли Далер Ленинни яхши билишини айтди:

"Ленин асосан Русия давлатини ташкил этган одам, халқ йўлбошчиси эди. Рус халқининг қаҳрамони ўрнига тожик халқи қаҳрамонининг қўйилиши, бу яхши. Исмоил Сомоний ҳайкалининг қўйилиши тожик миллатига нисбатан бир ҳурмат. Ҳамма Исмоил Сомонийнинг сомонийлар даврида тожик давлатининг подшоси эканлигини билади. У тожиклар номини улуғлаган, тожикларни жамлаб, асраб қолган," дейди Далер.

Кузатувчилар фикрича, гарчи Тожикистондаги энг баланд Ленин ҳайкали олиб ташланган бўлса-да, лекин ҳали мамлакатда коммунистлар доҳийсининг ўнлаб ҳайкаллари бор. Ленин билан бир қаторда Карл Маркс ҳайкалини ҳам учратиш мумкин. Ҳатто, ўтган асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб, СССРнинг ҳамма ерлари бутунлай олиб ташланган Сталин ҳайкаллари ҳам Тожикистоннинг айрим қишлоқларида қайтадан қад ростлаган.