Стивенсон: Роғун масаласида шошиб хулоса чиқариш тўғри эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc
Image caption Жаноб Стивенсон Роғун лойиҳаси хавф туғдирмаслигига ишонишини айтган

Тожикистонга сафар қилган Оврўпо парламентининг иқлим ўзгариши бўйича гуруҳи раиси Струан Стивенсонга кўра, Роғун ГЭСи қурилиши Марказий Осиё, Афғонистон ва Покистонда иқтисодий масалаларни ҳал этиш билан бирга, халқаро террорчиликка қарши курашга хизмат қилиши ҳам мумкин.

- Менинг фикримча, Ўзбекистон томонининг Роғун қурилишига нисбатан манфий муносабатда бўлаётганлиги вақтидан эрта. Мен мазкур мамлакат сиёсатчиларидан Роғун лойиҳаси борасида Жаҳон банки ўтказаётган тадқиқотлар натижасини кутишларини сўрайман. Мен мутахассис сифатида мазкур лойиҳанинг хавф туғдирмаслигига ишонаман. Бунинг устига, Тожикистонда қурилаётган бу иншоот фақат мазкур мамлакатнинг ўзи учунгина эмас, балки бутун минтақа мамлакатлари учун фойдали бўлишига ишонтираман, деган жаноб Стивенсон.

У бу гапларни Тожикистон парламентининг раиси Шукуржон Зуҳуров билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг айтган. Мазкур учрашув ҳақида Тожикистон парламентининг матбуот хизмати хабар берган.

Мулоқотлар чоғида томонлар Тожикистон ва Оврўпо парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари, минтақада сув ва энергетика муаммолари ечими йўлларини муҳокама этишган.

Жаноб Шукуржон Зуҳуров Оврўпо парламентига Роғун лойиҳасини ҳимоя этаётгани учун миннатдорчилик билдирган.

У узоқ ва яқин хориж мамлакатларида мазкур лойиҳани қўллаб-қувватлаётганлар сони тобора ортаётганини таъкидлаган.

Ўз навбатида, жаноб Стивенсон Тожикистон томони таклифига кўра Роғун ГЭСи қурилишини бориб кўришини билдирган.

Икки томонлама учрашувда жаноб Стивенсон Тожикистоннинг Оврўпо Иттифоқи учун минтақада эгаллаган жуғрофий ўрнига кўра яхши шерик эканлигига ишонишини айтган.

Унинг фикрича, Оврўпо мамлакатлари гиёҳванд моддалар ташиш йўлини тўсиш, террорчилик ва экстремизмга қарши курашда президент Имомали Раҳмонни қувватлаши зарур.

Айни пайтда, жаноб Стивенсон Тожикистон қўшни мамлакатларга етарли сув оқиб ўтишини таъминлаши зарурлигини ҳам таъкидлаган.

"Тожикистон Марказий Осиё минтақасида сув-энергетика муаммолари ечимида етакчи ўрин тутаётганлиги боис, Оврўпо парламентининг рағбатига сазовордир," деган Оврўпо парламентининг вакили.

Шунингдек, у Роғун ГЭСи қурилиши Марказий Осиё, Афғонистон ва Покистонда иқтисодий масалаларни ҳал этиш билан бирга, халқаро террорчиликка қарши курашга хизмат қилиши ҳам мумкин, деган.

"Қашшоқлик террорни келтириб чиқаради. Афғонлар, покистонликлар ва Марказий Осиё аҳолиси учун янги иш ўринлари яратиш иқтисодий муаммоларни ҳал этиш билан бирга, террорчилик тегирмонига сув қуяётганлар ишини тўхтата олади. Бу масалада Роғун ГЭСининг фойдаси ўн каррага ортади," деган жаноб Стивенсон.

Жаноб Стивенсон, шунингдек, Тожикистон Парламентининг экология комиссияси аъзолари билан ҳам учрашган.