Тожикистон президентининг маслаҳати британ матбуотининг назаридан ҳам четда қолмади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Бўри ёки уруш сўзидан олинганлари этини жунжиктириб юборишини айтиб, Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон ота-оналарга болаларига қўрқинчли исмлар қўймасликни маслаҳат берди, деб бошланади The Telegraph газетасида чоп этилган мақола.

Муаллиф Ричард Оранж ўз мақоласида давом этаркан, президент Раҳмоннинг, "Мен юқори мартабали ҳукумат мулозимларини тайин этаётганимда, уларнинг исм ва шарифларига алоҳида диққат қиламан. Чунки айрим ҳолларда уларни ўқиб туриб, этинг жунжикиб кетади. Мисол учун Гургаков шарифи "бўри", Жанжолиев эса, "уруш" сўзидан олинган. Сиз қандай қилиб инсон боласини бўри деб аташингиз мумкин?" деган сўзларидан иқтибос келтиради.

Тожикистон раҳбари эса, ота-оналарга бундай маслаҳатни ўтган ҳафта нишонланган Халқаро Болалар куни муносабати билан қилган чиқиши чоғида берганди.

"Тоғли собиқ Шўро республикасини қаттиққўллик билан бошқариб келаётган президент Раҳмон майда-чуйда қонун-қоидаларга анчайин ўч. Дейлик, тожик раҳбари яқинда яна соқол ва ҳижобга ҳам қарши чиқиб қолганди," дея давом этади мақола.

Муаллиф шундан сўнг ҳозир Тожикистон парламенти муҳокамасига ҳавола этилган "Ота-оналарнинг масъулиятлари тўғрисида"ги қонун лойиҳасига ўз эътиборини қаратади.

Чунки ушбу қонун қабул қилинган тақдирда, масъуллар ота-оналар ўз фарзандларига қўяётган исмни тақиқлаш ҳуқуқига эга бўлишади.

"Бу эса, мусулмонча исмлар тақиқ остига тушмасмикан, деган ўйда Исломий мухолифатни хавотирга солмай қўймаган," дейди муаллиф.

Тожикистон раҳбари ўз чиқишида ота-оналарга минг йиллик тарихга эга қадим "Шоҳнома" каби асарлардан фарзандларига исм излашлари маъқулроқ эканини ҳам маслаҳат берган.

"Азиз ота-оналар, агар сиз "Шоҳнома" ёки форс тилида битилган бошқа мумтоз асарларни варақласангиз, фарзандингизга мос, яхши ва гўзал исмларни топасиз," дея ўқтирган жаноб Раҳмон.

"Бу эса, худди президент Раҳмон қилган ишнинг ўзгинаси. Чунки Тожикистон раҳбари ўзининг тўнғич ўғлига Рустам деб ном қўйган. Рустам эса, "Шоҳнома"нинг бош қаҳрамонидир," дея давом этади муаллиф яна.

Президент Имомали Раҳмон бундан тўрт йил бурун мамлакати фуқароларини миллий илдизларга қайтиш ва миллий номлардан фойдаланишга даъват этиб, ўзи ҳам шарифидаги русча русумдаги "-ов" қўшимчасидан воз кечганди.

Айни ўринда мақолага қўшимча ўлароқ шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, жаноб Раҳмон бундан аввал мамлакат зиёлийларини тарихий жой ва ёдгорликларнинг ҳам имкон қадар форсча қадим номларини қайта тиклашга ундаганди.

Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас

Ҳа, бу Тожикистон президентининг ўзига хос биринчи ташаббуси эмас.

Жаноб Раҳмон исм-шарифларни миллийлаштиришдан ташқари, бундан аввал талабаларнинг ўқув юртларига мобил телефон билан ва қимматбаҳо автомобилларда боришлари, фуқароларнинг кўп харажат талаб қиладиган тантанаю маросимлар уюштиришларини ҳам ман этиш даъвати билан чиққанди.

Тожикистонда президент Раҳмон бошқаруви остида яна талаба қизларнинг ҳижоб ўраш ёки калта юбка каби ғарбона русумда кийинишлари тақиқланиб, уларга одми ва миллий либос кийиш ҳам тавсия этилган.

Яқинда Тожикистон ҳукумати ёши 50 га етмаган ўқитувчиларнинг узун соқол қўйиб юришларини ҳам ман этганди.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг калиш, кроссовка, жинси ва рангдор кийимларда, ялтироқ ёки калта либосларда ўқув даргоҳларида пайдо бўлишлари ҳам қатъиян тақиқланган.

Лекин президент Раҳмон биринчи эмас

Шу йил бошида Рим Папаси ҳам янги туғилган чақалоқларни юлдузларнинг исми, мева ёки машиналарнинг номи билан аташга қарши 'уруш' эълон қилганди.

Аммо Бенедикт XVI ҳазратлари ота-оналарга мурожаат билан чиқиб, уларни болаларига "насроний тақвимидаги исмлар"ни беришга даъват қилганди.

Лекин айни мавзуни чуқурроқ ўрганадиган бўлсак, Рим Папасидан аввал ҳам дунёнинг кўплаб давлатларида муайян исмларни қўйиш тақиқланган.

Бунга уларнинг маънисиз, уятсиз ёки тутуриқсиз экани сабаб бўлган.

Дейлик, Янги Зеландияда болаларни кишини ҳақоратловчи мазмундаги исмлар билан аташ қонунан ман этилган.

Чунки Янги Зеландия дунёдаги энг маънисиз исмлар кенг тарқалган давлатлардан биридир.

Швецияда амалда бўлган қонун-қоидаларга кўра эса, янги туғилган чақалоқларнинг исм-шарифлари энг аввало солиқ мулозимлари томонидан маъқулланиши лозим.

Яна Япония, Хитой.., хуллас, сўнггида ўртага чиқаётган савол эса, фарзандини қандай исм билан аташ кимнинг ҳуқуқи бўлиши кераклигига оиддир. Сиз бу борада нима деб ўйлайсиз?

Муштарийларимиз мактублари

Arkon, Dushanbe-Kazan

Энди, маконга қараб қўйилади-да, биз мусулмонлар маконидамиз, исломий исмларни қўйишимиз керак, мен ИншаАллаҳ ўғил кўрсам, исмини Муҳаммад Бобур қўймоқчиман, ҳам мусулмонча ва ҳам ўзбекча. (Заҳириддин Муҳаммад Бобурдақа бўлса ажабмас) Худо хоҳласа!

Farhodjon

Farzandga ism qöyish bu farzand otasining vazifasi, burchidir. Sababi - qiyomatda har bir inson otasining ismi bilan chaqiriladi va söraladi.