Қозоғистон нефт ширкатлари бўйлаб норозилик ҳисси тарқалмоқда

Image caption "Қаражанбасмунай"даги иш ташлашлар ортидан кўплаб ходимлар ишдан четлатилган

Қозоғистоннинг нефтга бой ғарбий бўлгаларида бир неча ҳафтадан бери норозилик акциялари давом этмоқда. Маошларни кўтариш ва бошқа ижтимоий муаммоларни бартараф этишни талаб қилиб "Қаражанбасмунай" нефт қазиб олувчи компанияси ишчилари томонидан бошланган иш ташлашларга бугунга келиб бошқа компания ишчилари ҳам қўшилган.

Олма-отадан бир неча мухолиф партиялари, жамоат ташкилотлари вакиллари ва жамоат фаоллари норозиликлар давом этаётган Манғистау вилоятида бўлиб қайтишган.

Уларга кўра, давлатга қарашли телеканаллар норозилик акцияларининг тинчиганини айтиб, ёлғон хабар тарқатишмоқда.

"Аслида ишчилар ва уларнинг ота-оналари жуда ҳам аҳиллик билан норозилик акцияларини давом эттиришмоқда. "Ерсай Каспиан контрактор" масъулияти чекланган жамиятнинг 700дан ортиқ ишчилари норозиликни ҳамон давом эттирмоқда. Қирқдан ортиқ нефтчи эса очлик эълон қилган. Уларнинг ўттизтаси тиббий ёрдам сўраб мурожаат этди", - дейди "Азат" партияси вакили Маржан Аспандиярова.

Икки киши ҳукумат томонидан арзлари эшитилмаётгани учун танларига жароҳат етказгани ҳам қайд қилинган.

Ишчилар билан суҳбатда бўлган қозоғистонлик режиссёр Бўлат Атабаевга кўра, гап фақат маошларнинг камлигида эмас, маҳаллий ишчиларга бўлаётган ноинсоний муносабатда.

"Қозоғистонлик ишчилар билан чет эллик ишчилар бир ҳил шароитда ишлаётгани йўқ. Бир ҳил вазифани бажарадиган италиялик, ҳиндистонлик ёки хитойлик ишчилар қозоғистонликлардан нисбатан бир неча баробар кўп маош олади. Спорт заллари чет элликлар учун алоҳида, қозоғистонликлар учун алоҳида қурилган. Ҳаттоки овқат тарқатиладиган идишларга junior (кичик) ва senior (катта) деб тамға босилган. Бу қандай кўргилик бўлди?", - дейди Атабаев.

Режиссёрнинг қўшимча қилишича, бундай икки ҳил муносабатни чет эллардаги фуқаролик жамиятларига етказиш керак. Уларнинг компаниялари бу ерда қандай қилиб одамни камситаётганини билишсин, дейди у.

Талаблар "асоссиз"

Икки ҳафта бурун "Қаражанбасмунай" нефт компанияси ишчилари маошларни кўтаришни талаб қилиб иш ташлаш эълон қилди. Маҳкама уларнинг талаби асоссиз дея ҳукм чиқаргач, компания раҳбарияти иш ташлашда иштирок этган 72 одамни ишдан бўшатганди.

Норозилик акцияси иштирокчилари сони ушбу ҳаракатлардан сўнг камайгани айтилди. Аммо кузатувчиларга кўра ижтимоий муаммолардан норози бўлган бошқа компания ишчилари норозилик ҳаракатларини бошлаб юборган.

"Руҳ билан тил" клуби раҳбари Жонпўлат Мамайга, кўра муаммо ижобий томонга ечилмаса, ишчиларнинг ичида маҳаллий ҳокимиятни босиб олиш кайфиятидагилар ҳаракатга келиши мумкин.

Маҳаллий ҳукмдорларга таҳдид

" Мен ишчилар билан суҳбатлашганимда "ҳукумат бизни гапимизни тингламасдан, норозиликларимизни куч билан бостиришда давом этса, биз ҳокимиятни босиб олишга тайёрмиз дейишди", - дейди Манғистау вилоятида бўлган Жанпўлат Мамай.

Нефтга бой Қозоғистонда нефт конларининг кўпчилиги чет эллик сармоядорларга сотилган. Давлатнинг нефт конларидаги умумий улуши 20 фоиз атрофида эканлиги айтилади.