Қирғизистон адлия тизими ўзбекларга нисбатан адолатсиз деган айбловлар нимага асосланган?

"Амнести Интернейшнл" ўз ҳисоботида адолатсиз ҳибсларни ҳам тилга олади
Image caption "Амнести Интернейшнл" ўз ҳисоботида адолатсиз ҳибсларни ҳам тилга олади

"Амнести Интернейшнл" ўз ҳисоботида қатор адолатсиз маҳкамалар, асосан миллати ўзбек судланувчиларга берилаётган оғир жазолар ва ҳибсхонада гумондорларнинг қийноққа солинганликларига оид бир қанча даъволарни тилга олади. Яқинда халқаро мустақил тергов ҳайъати ҳам жабрдийдаларнинг 75 фоизи ўзбеклар бўлишса-да, очилган жиноий ишларнинг 80 фоизи уларнинг ҳиссасига тўғри келишини айтганди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари эса, Қирғиз маҳкамаларини асосан ўзбекларга қарши жиноий иш очиш билан адолатсиз бўлишда айблаб келишади. Хўш, уларнинг айбловлари нималарга асосланган? Биз ушбу савол билан халқаро ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича эксперти Мейзи Вайхедингга боғландик:

Мейзи Вайхединг: Бунинг учун биргина эълон қилинган расмий маълумотларга кўз ташлашнинг ўзи кифоя: мисол учун, ўтган йилги июн воқеалари билан алоқадорликда 271 киши ҳибсга олинган бўлса, шулардан бор-йўғи 29 нафари қирғиз, қолганлари эса, ўзбеклардир. Бундан ташқари, июн низолари чоғида берилган моддий ва инсоний талофатларнинг аксарияти ҳам ўзбекларнинг ҳиссасига тўғри келади. Бу ҳам мутлақ номувофиқдир. Биз нега бундай эканлигини билиш учун қирғизистонлик масъуллар, жумладан, Ўшдаги вилоят ва маҳаллий прокурорларга, яна мамлакат Бош прокуратура идорасига ҳам мурожаат этдик. Улар бизга, "Июн зўравонликлари чоғида милиция зобитлари ёки хавфсизлик кучлари ходимлари энг кўп жабр чекишгани, уларнинг барчаси қирғизлар бўлишгани ва буни ўзбеклар қилишгани учун, энг аввало уларнинг изидан тушганликларини" айтиб жавоб беришди. Лекин, бу изоҳ билан иш битмайди. Кейин маҳкамалар томонидан чиқарилган ҳукмларга ҳам қарасангиз, июн воқеаларига алоқадорликда бор-йўғи иккита қирғиз ҳукм этилган. Бир умрлик қамоқ жазоларининг барчаси ўзбекларга берилган.

Би-би-си: Ҳали июн зўравонликларига алоқадорликда гумон этилаётган қирғизларнинг ҳам жиноий жавобгарликка тортилишларига сизларни ишонтириш учун қирғизистонлик масъуллар сизларга айнан нималар дейишди? Бу ишнинг ҳақиқатда ҳам амалга ошишининг бирор бир далили борми?

Мейзи Вайхединг: Қирғизистонлик масъуллар ойларки бизга бу ҳақда айтиб келишади. Лекин бу иш ҳалича амалга ошгани йўқ. Тўғри, қирғизларга қарши жионий ишлар очилганини ҳам инкор этиб бўлмайди. Аммо ўзбеклар даражасида эмас. Фақат биз эмас, Қирғизистон жанубидаги ҳибсхоналарда ва омбудсман идорасида бўлиб қайтганлар ҳам ҳозир июн воқеалари билан алоқадорликда қўлга олинганларнинг аксарияти ўзбеклар эканини айтишмоқда. Ҳозир шу хусусда баҳсу мунозаралар ҳам қизиб кетган: "Зўравонликларни содир этган кўплаб қирғизларнинг Ўшдан бўлмаганликлари, июн воқеалари ортидан қишлоқларига қайтиб кетишгани, уларнинг ортидан тушиб, тергов қилиш учун имкониятлари йўқлиги" каби гап-сўзлар...

Би-би-си: Балки масъулларнинг гапларида ҳам жон бордир. Чунки июн низолари билан алоқадорликда минглаб жиноий ишлар очилган. Балки уларнинг ишлари бошларидан ошиб кетгандир. Бундан ташқари, июн воқеалари чоғида чекка қишлоқлардан катта сондаги қирғизларнинг Ўшга оқиб келганликлари ҳам бор гап. Балки, ростдан ҳам улар қораларини кўрсатмай кетишгандир?

Мейзи Вайхединг: Бу - биз ўз ҳисоботларимизда айтиб келадиган масалалардан биридир. Биз прокуратура ва милиция идорасини мутлақ тушуниб турибмиз. Ҳа, уларга лозим имкониятлар ва балки, ҳатто, тажриба ҳам етишмаслиги мумкин. Шунинг учун ҳам, биз ўз тавсияларимизда айнан июн зўравонликлари чоғида ва ундан кейин содир этилган жиноятларни кўриб чиқиши учун қирғизистонлик масъулларни милиция, прокуратура ва адлия тизими иштирокида махсус мутахассислар гуруҳини ташкил этишларига даъват этиб келамиз. Бундан ташқари, халқаро ҳамжамиятдан ҳам ушбу гуруҳларни молиялаш, уларнинг малакасини ошириш ва техник ёрдам беришларини сўраб келамиз. Чунки, шундай бўлган тақдирдагина, улар халқаро меъёрларга мувофиқ мукаммал тергов жараёнлари олиб боришга қодир бўлишади.

Би-би-си: Сиз буни ҳақиқатда ҳам амалга оширса бўладиган иш деб ўйлайсизми? Чунки, мисол учун, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг маслаҳатчи полиция кучларини Қирғизистон жанубига юбориш масаласи ҳануз зиддиятларга сабаб бўлиб ётибди. Бундан ташқари, халқаро мустақил тергов ҳайъатининг июн воқеалари юзасидан яқинда эълон қилинган ҳисоботи ҳам Қирғизистондаги аксарият томонидан нохолис, деб қарши олинди. Шундай экан, маҳаллий терговчиларнинг фаолиятини яхшилаш учун уларга четдан ёрдам кўрсатилиши ғояси муаммоли бўлмасмикан?

Мейзи Вайхединг: Бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам, биз мутахассислар гуруҳи қирғизистонлик терговчилар, прокурорлар, ҳакамлардан иборат бўлиши, уларни тайин этишда миллий ва гендер мувозанат сақланиши лозимлигини уқтириб келамиз. Биз бу гуруҳларнинг қирғиз, ўзбек, рус, татар ва уйғурлардан иборат, ҳақиқатдан ҳам аралаш бўлишини истаймиз. Халқаро ҳамжамиятдан эса, бу каби гуруҳларни тузиш, тайёргарликдан ўтказиш ва техник ёрдам кўрсатиш ишларида молиявий кўмагини аямаслигини сўраймиз. Яъни, биз қанчалар муаммоли бўлишини билган ҳолда Қирғизистонга халқаро мутахассислар юборилсин, деяётганимиз йўқ. Бу - Қирғизистонга ҳавола этилаётган бир ечим. Чунки, гуруҳлар қирғизистонликларнинг ўзларидан ташкил этилса, уларнинг фаолиятлари шундагина иш беради. Бўлмаса, йўқ.