Москва ҳокими москваликларни ирқчиликдан даволамоқчи

Image caption Москвада ирқчилик руҳи йилдан йилга ошиб бормоқда

Москва ҳокимияти пойтахтда ирқчиликка қарши кураш учун йил охиригача 110 миллион рубл, яъни деярли тўрт миллион доллар сарфлашини эълон қилган.

Шаҳар расмийларига режасига биноан москваликларнинг ирқчи кайфиятларидан халос бўлишлари йўлида бир қатор тадбирлар ўтказилади.

Йилнинг иккинчи ярмида Москва бўйлаб "Расизм билан оғрима!" шиори остида рекламалар лойиҳаси амалга оширилади.

Ундан ташқари, интернетда этник алоқаларни муҳокама этиш учун махсус саҳифа очилади ва Москвада турли миллатлар маданиятини асраш ва ривожлантиришга бағишланган олтита ҳужжатли фильм эфирга узатилади.

Москва ҳокимияти турли дин ва эътиқод вакиллари байрамларини нишонлаш учун диний ташкилотларга молиявий ёрдам беришини билдирган.

Айни дамда, "Известия" газетаси билан суҳбатида Москва ҳокими Сергей Собянин Россия пойтахтида "25 фоиз аҳолиси русча гапирмайдиган туманлар бор, ва у ерда чет эллик ўқувчиларнинг жуда кўплигидан қўшимча рус тили курслари киритилган" деб айтган.

Жаноб Собянин Москвада ишлаётган барча муҳожирларни рўйхатга олишни таклиф қилган ва муҳожирлик муаммосининг бошқа ечимини кўрмаслигини айтган.

Кўп марказий осиёлик муҳожирлар айнан рўйхатга олиш ислоҳотлари уларни полиция томонидан сиқувга олиниши ва порахўрликка етаклашидан шикоят қилиб келишади.

"Комсомольская правда" газетасига кўра эса, Москва мактабларида "А" синфларига кириш учун рақобат жуда катта ва уларга муҳожирлар фарзандлари олинмайди.

"Москваликлар ўз фарзандлари русча ёмон гапирадиган мигрантлар болалари билан ўқишларини исташмайди, шунинг учун "оқ" синфлар туза бошлашган", деб ёзади Twitter микроблогида телебошловчи Владимир Соловьев.

"Миграция ва қонун" маркази раҳбари Гавҳар Жўраеванинг bbcrussian.com сайтига айтишича, ксенофобияни йўқ қилиш учун аввало муҳожирлик оқимини йўлга солиш керак. "Москва кўпгина муҳожирлар учун қўниб ўтиш нуқтасига айланган, ва бу нафақат москваликлар, балки бу ерда яшаётган ҳар қандай одамни жуда ғазаблантиради", дейди у.

"Сова" инсон ҳақларини ҳимоя қилиш марказига кўра, Россияда 2010 йилнинг ўзида "ирқчи ва неонацист руҳдаги зўравонликлар"дан 37 киши ҳалок бўлган, 386 киши жароҳат олган.