Июн низоларини ўрганган халқаро тергов ҳайъати қандай ваколатларга эга бўлган?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

1. Қирғизистон жанубида ўтган июн ойида юз берган воқеаларни ўрганиши кўзда тутилган халқаро мустақил тергов ҳайъати Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоеванинг сўрови асосида ташкил этилганди. Ўтинбоева хоним Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти Парламент Ассамблеясининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Киммо Килюнен жанобларидан ҳайъатни тузишга ҳозирлик кўриш ишларини мувофиқлаштиришини сўраганди. Шундан сўнг БМТ, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Оврўпо Иттифоқи, МДҲ ва Инсон Ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги идораси батафсил маслаҳатлашиб, ҳайъатнинг фаолият юритиш шартларини келишиб олишади ва маъқуллашади. Халқаро мустақил тергов ҳайъати Қирғизистон жанубида 2010 йилнинг июн ойида рўй берган ҳодисаларга алоқадор факт ва шарт-шароитларни текшириш ваколатига эга бўлади. Ҳайъатга ўша пайтда содир этилган зўравонликлар ва жиноятларни халқаро қонунлар меъёрида таснифлаш, масъулларни аниқлаш ва айниқса, ўтган йилги ҳодисаларнинг такрорланмаслигининг олдини олиш, тинчлик, барқарорлик ва сулҳу мадорани қарор топтириш учун айбдорларни жавобгарликка тортиш чоралари ҳақида тавсиялар бериш ҳуқуқи берилади.

2. Ҳисобот халқаро мустақил тергов ҳайъатининг Қирғизистон ва бошқа ерларда олиб борган жадал суҳбатлари ва таҳлилларига таянади. Ҳайъат ўз иш фаолияти давомида 750 нафар гувоҳ, 700 дона ҳужжат, минглаб фотосуратлар ва видеолавҳаларни кўриб чиқади. Халқаро мустақил тергов ҳайъати ўтган июн ойида Ўш ва Жалол-Ободда юз берган воқеаларнинг батафсил ва аниқ силсиласини яратишга муваффақ бўлади. Июн ҳодисалари минтақадаги тарихий ва сиёсий муҳит, айниқса, қирғиз ва ўзбек жамоалари орасидаги муносабатлар манзарасида кўрилиши шартлигини айтади. Худди шу муносабат билан халқаро мустақил тергов ҳайъати ўз ҳисоботида этник Ўзбекларнинг жамият ҳаётида етарлича ўрин тутмаганликлари ва Қирғизистон сиёсатида этно-миллатчилик руҳининг кучайиб бораётганига эътибор қаратади. Бундан ташқари, қудрат бўшлиғи ва бунинг ортидан келиб чиққан сиёсий рақобатни эслатади. Қирғизистон собиқ президенти Қурмонбек Бакиевни қудратдан четлатган 7 апрел ҳодисаларидан кейин мамлакат жанубида давлат ташкилотларининг қанчалар заиф бўлгани ва қонунлари деярли амал қилмаганига диққат қилади.

3. Июн воқеалари жиддий инсоний талофатларга сабаб бўлди. Яна кўплаб кишиларнинг тан жароҳати олишлари билан якунланди. Жабрдийдаларнинг аксарияти ўзбеклардир. Жаъми 470 га яқин киши қурбон бўлди. Уларнинг сони янада ошиши кутилганди, аммо сўнгги рақамлар унчалик ҳам ўзгармади. Шифохоналарда 1.900 тача жабрдийдага тиббий хизмат кўрсатилди. Июн низоларидан қочиб, 111.000 киши қўшни Ўзбекистонга ўтди. 300.000 нафари эса, ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишди. Катта сондаги уй-жой ва биноларга ҳам зиён етди. Улардан аксарияти яна ўзбекларники бўлиб чиқди. Жаъми 2.800 га яқин турар-жой ва бинолар вайрон бўлди. Халқаро мустақил тергов ҳайъати этник қирғизлар берган талофатлар ҳам озмунча бўлмаганини айтади. Ҳайъатга кўра, ўз текширувлари давомида ҳар икки жамоанинг ҳам йўқотишларга учраганлигини аниқлаган.

4. Қурол-яроғларнинг қўлга киритилиши, тарқатилиши ва улардан қўлланилиши июн воқеаларининг ташвишга лойиқ жиҳатларидан биридир. Кўплаб ҳолатларда ҳужумчилар гуруҳи деярли ҳеч бир қаршиликсиз ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларининг қурол-яроғ ва ўқ-дориларини қўлга киритишган. БТР лар ҳам осонлик билан ҳужумчиларга ўтиб кетган. Халқаро мустақил тергов ҳайъати муайян хавотир билан 80 га яқин қурол-яроғ ва қарийб 19.000 та ўқ-дори ўрамасининг ҳануз топилмаганига ҳам диққат қилади. Ҳайъатга кўра, қирғизистонлик масъуллар қурол-яроғларнинг изсиз йўқолиши юзасидан рисоладагидек жиноий ва интизомий тергов ишлари олиб боришолмаган.

5. Июн воқеаларига алоқадор фактлар ва шарт-шароитлар силсиласига таяниб, халқаро мустақил тергов ҳайъати зўравонликларни халқаро қонунлар меъёрларида таснифлаб чиққан. Ҳайъатнинг назарида июн низоларини уруш жиноятлари ёки қатлиом сирасига киритиб бўлмайди. Аммо агар далиллар маҳкама томонидан тўлиқ тасдиғини топса, 11, 12 ва 13 июн кунлари Ўшдаги маҳаллаларга қилинган муайян ҳужумлар чоғида қўл урилган баъзи бир амалларни инсониятга қарши жиноятга тенглаштириш мумкинлигини айтади. Ҳайъат буларнинг сирасида қотиллик, жинсий зўрлаш, жинсий зўравонликнинг бошқа кўринишлари, жисмоний зўравонлик(бошқа бир ноинсоний амал ўлароқ) ва муайян гуруҳнинг миллий заминда таъқиб этилиши ҳолларини санаб ўтади. Аммо Жалол-Ободда содир этилган бирор бир зўравонлик амалини инсониятга қарши жиноятлар таснифига киритиб бўлмаслигини ҳам айтади. Ўз ўрнида, ҳайъатга кўра, ҳам Ўш ва ҳам Жалол-Обод шаҳарларида Қирғизистон Жиноят Кодексида жазоланиши кўзда тутилган бошқа кўплаб жиноятларга қўл урилган.

6. Июн воқеалари чоғида қўл урилган жинсий ва гендер асосдаги бошқа зўравонликлар деярли ёритилмай келмоқда ва масъуллар ҳам бу каби ҳоллар юз берганлигини тан олишмайди ҳисоб. Ҳайъат ўз текширувлари жараёнида 20 га яқин жинсий зўрлаш ва бошқа жинсий зўравонлик ҳолларини аниқлашга муваффақ бўлгани, аммо ҳақиқий рақамлар бундан кўра анча кўп экани аниқ, дейди. Июн воқеаларидан кейин ҳам аёллар жинсий ва гендер асосдаги бошқа зўравонликлардан азоб чекишда давом этишган. Жабрдийдалар расман шикоят қилишга қарор қилган камдан-кам ҳолларда эса, масъулларнинг муносабати номувофиқ бўлган ёки улар томонидан қаршилик қилинган.

7. Халқаро мустақил тергов ҳайъати жиноий тергов жараёни олиб боришга ҳақли бўлмагани боис, ушбу масъулият қирғизистонлик мулозимлар зиммасида қолади. Ҳайъат таъқиб этувчи идора ёки трибунал ҳам эмас. Ўз навбатида, ҳужжатлаштирилган жиноятларга жавобгар бўлган муайян шахсларни аниқлаш мавқеида ҳам эмас. Бунга бир томондан ҳайъат ваколатининг чеклангани, бошқа тарафдан ўзларига берилган вақтнинг қисқалиги, шунга яраша тергов олиб бориш имкониятларининг чеклангани ва гувоҳлик бериши учун алоҳида шахсларни чақиртиришга имконсизлиги ҳам сабаб бўлган. Ҳайъатга кўра, адолат қарор топиб, ҳар икки жамоа олган жароҳатлар битиб кетиши учун қирғизистонлик масъуллар жавобгарларни аниқлаш йўлида қўлларидан келган барча чораларни кўришлари, маҳаллий ва халқаро миқёсда ўз зиммаларига олган қонуний бурч ва вазифаларини бажаришлари ўта муҳим.

8. Халқаро ва маҳаллий тусдаги ҳужжатлаштирилган жиноятларга қўшимча ўлароқ, халқаро ҳайъат, июн воқеаларидан кейин ҳам давлат инсон ҳуқуқларига оид халқаро қонунларни қўпол равишда бузиб келаётганлигини айтади. Ҳодисалардан кейин ҳибсхоналарда қирғизистонлик масъуллар томонидан қийноқлар қўлланилганини кўрсатувчи изчил ва ишончли кўплаб ҳужжатларга эга эканлигини ҳам таъкидлайди. Халқаро ҳайъат қийноқлар ҳануз давом этаётгани ва бу каби ҳолларга масъулларнинг муносабати ўта номувофиқлигидан алоҳида хавотир изҳор этади.

9. Ҳайъатга кўра, июн воқеалари билан алоқадорликда олиб борилган жиноий тергов ишлари ва маҳкама жараёнлари халқаро қонунларга зид кечган. Судланувчиларнинг Фуқаровий ва Сиёсий Ҳуқуқларга оид Халқаро Конвенцияда кўзда тутилган адолатли маҳкамага бўлган ҳуқуқлари бузилган. 21 ва 23 июн кунлари Ўзбек маҳаллаларида уюштирилган кенг кўламли “тозалаш” амалиётлари ва бунинг ортидан олиб борилган кичик-кичик қидирув операциялари номақбул муносабатлар, ўзбошимча ҳибсга олишлар ва одамларни ҳибсхоналарга ташлаш билан якунланган. Ўзбек миллий озчилиги танлаб олиниб, жиноий таъқибга тутилган. Миллати ўзбек судланувчиларни намоён этаётган ҳимоячиларнинг фаолиятларига ноўрин аралашилган ва улар қўрқитилган.

10. Халқаро мустақил тергов ҳайъати турли сиёсатчилар ва ташкилотларнинг юз берган воқеаларга қанчалик масъул эканликларини ҳам ўрганган. Июн ҳодисаларидан икки ой бурун қудратга келган муваққат ҳукумат Қирғизистон жанубида миллатлараро муносабатлар издан чиқиб бораётганини англаб етмаган ёки вазиятга етарлича баҳо беролмаган. Президент Ўтинбоеванинг даъво қилишича, зўравонликлар яшин тезлигида юз берганидан, уни жиловлашнинг уддасидан чиқишолмаган. Бу каби изоҳи ҳукуматни ўз фуқароларини ҳимоя этишдек энг асосий вазифасидан соқит этолмайди, дейди ҳайъат. Халқаро мустақил тергов ҳайъатининг хулоса қилишича, июн ойидаги зўравонликларни мантиқан олдиндан башорат қилиш ва агар муваққат ҳукумат эҳтиёт чорасини ишлаб чиққанида, уни жиловлаши мумкин бўлган. Ҳайъат муваққат ҳукумат бу каби ғалаёнларга бас кела олишлари учун, айниқса, хавфсизлик кучларини рисоладагидек тайёргарликдан ўтказиш ва лозим жиҳозлар билан таъминлашга масъул бўлганини ҳам эслатади.

11. Халқаро мустақил тергов ҳайъати қирғизистонлик бошқа масъулларнинг хатти-ҳаракатлари ҳам номувофиқ бўлганини айтади. Ўша пайтда муваққат ҳукуматнинг Қирғизистон жанубидаги махсус вакили генерал Исмоил Исҳоқов Ўш шаҳри ва вилоятидаги штаблар ва хавфсизлик кучларига қўмондонликни қабул қилиб олади. Аммо хавфсизлик кучларини сафарбар этишда уларга аниқ йўл-йўриқ беролмайди. 11 июн ва ундан кейинги кунлари куч қўллашга изн бермагани эса, жиддий хато бўлган. Ўш шаҳар ва вилояти коменданти Бақит Алимбеков эса, генерал Исҳоқов фойдасига қонунга зид равишда ҳуқуқ-тартибот кучлари устидан назоратни ўз қўлига олмаган. Тартиб ўрнатиш жараёнида инсон ҳуқуқларининг таъминланишини кафолатлаш каби масъулиятининг уддасидан чиқолмаган. Жалол-Обод коменданти Қубатбек Байбулов вилоятдаги зўравонликларга барҳам бериш учун ўз қудрати имкон берган даражада барча чораларни кўрмаган. Ҳозир Бош прокурор лавозимида экани чоғида эса, июн воқеаларига алоқадор жиноятлар устидан олиб борилаётган тергов ва маҳкама жараёнларининг маҳаллий ва халқаро қонунларга мувофиқ ўтишини таъминлай олмаган. Ўш шаҳар ҳокими Мелис Мирзакматовнинг миллатчи руҳдаги чиқишлари эса, миллатлараро тангликни юмшатишга хизмат қилмайди.

12. Хавфсизлик кучлари июн воқеалари чоғида жиддийгина ўрин тутишган. Муваққат ҳукумат қўмондонлиги остида бўлган ҳарбий хизматчиларнинг сони 2.000 та бўлган. Халқаро мустақил тергов ҳайъатига кўра, агар уларга тўғри йўл-йўриқ бериб, рисоладагидек сафарбар этилганларида, зўравонликларнинг олдини олиш ёки уларга чек қўйиш, Ўш шаҳрини чекка қишлоқлардан келаётган ҳужумчилардан ҳимоя этиш мумкин бўлган. Хавфсизлик кучларининг ўз қурол-яроғларини ҳимоя этолмаганликлари эса, бевосита бўлсин ёки билвосита, уларнинг ҳодисалардаги иштирокига оид саволларни пайдо қилади. Бундан ташқари, баъзи бир ҳарбийлар маҳаллаларга қарши уюштирилган муайян ҳужумларда ҳам иштирок этишган, дейди ҳайъат.

13. Халқаро мустақил тергов ҳайъати ўз ваколати доирасида янги можароларнинг олдини олиш ва сулҳу мадорага эришиш, жавобгарларнинг маҳкамага тортилиши ва уларнинг жазосиз қолмасликлари хусусида ўз тавсияларини ҳам беради.

14. Янги низоларнинг олдини олиш ва муросага эришилиши ҳақида сўз кетганда, ҳайъат кўпмиллатлиликка асосланган давлатчиликни қарор топтириш, тил, маданият, маориф, яхши бошқарув, хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик, матбуот, аҳоли ҳимояси ва хавфсизлик, шунингдек, фуқаролар қўлида бўлган қурол-яроғларга ҳам эътибор қаратади. Ҳайъатга кўра, Қирғизистон ўта миллатчилик ва миллат ажратиш ҳолларига қарши ошкора кескин мавқеъда туриши керак. “Қирғизистон Республикаси” номини қайта тиклаш бунга қандай қилиб эришиш масаласида яққол бир мисол бўлиши лозим. Қирғизистон жанубида ўзбек тилига маҳаллий ва минтақавий мақом берилиши лозим. Зўравонликлар чоғида вайрон этилган мактаблар, театрлар ва бошқа маданий иншоотлар қайта тикланиши керак. Ўқув дастурлари турли маданият, тил ва тарихий анъаналарни ўз ичига олмоғи лозим. Хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенгликни тарғиб этиш учун мустақил давлат ташкилоти барпо этиши керак. Аёлларга қарши зўравонликларга мутлақ тоқат қилинмаслигини кўзда тутувчи сиёсатни қабул этмоғи лозим. Хавфсизлик кучлари кимгадир мойилликларидан келиб чиқиб эмас, қонунга мувофиқ ўз вазифаларини ижро этишлари лозим. Одамларнинг қўлларида бўлган ноқонуний қурол-яроғларни йиғиштириб олиш учун ҳукумат самарали қуролсизланиш кампаниясини уюштириши керак.

15. Жавобгарлик ҳақида сўз кетганда, халқаро мустақил тергов ҳайъати жиноий ва интизомий жавобгарлик, гендер асосидаги зўравонликлар, инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳоллари ва адолатли маҳкама тамойиллари, халқаро қонунларга риоя этилиши масаласига эътибор қаратади. Ҳукумат миллатига қарамай, содир этилган жиноятлар ва бошқа инсон ҳуқуқларининг оёқ-ости қилиниши ҳоллари юзасидан мукаммал, мустақил ва холис тергов ишлари олиб борилишини таъминлаши, лозим бўлса, халқаро ёрдам сўраши кераклигини ҳам айтади. Қирғиз ҳукумати хавфсизлик кучларининг хатти-ҳаракатлари, айниқса, ҳарбийлар ва милиция ҳодимларининг ўз қурол-яроғлари ва ўқ-дориларини қандай қилиб олдириб қўйганликлари юзасидан зудлик билан текширув ишлари бошлаши кераклигини урғулайди. Ҳайъатга кўра, ҳукумат инсониятга қарши жиноятларни Қирғизистон Жиноят Кодексига киритиши ва Рим низомини ратификация этиши лозим. Жинсий зўравонликлар ва гендер асосдаги бошқа зўравонликларга қўл урган шахсларнинг жавобгарликка тортилишига ҳам эришиши керак. Ҳукумат зудлик билан ўзбошимча ҳибслар, ҳибсхоналардаги қийноқлар ва бошқа инсон ҳуқуқларининг бузилиш ҳолларига барҳам бериши лозим. Халқаро мустақил тергов ҳайъати ўз тавсияларининг ҳаётга тадбиқ этилишини назорат этиш ва уларнинг ижроси юзасидан ҳисоб бериш учун ҳукумат Бирлашган Миллатлар Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги, Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Миллий озчиликлар бўйича комиссари ва бошқа алоқадор халқаро ташкилотлардан кўмак сўраши кераклигини ҳам айтади.

16. Жазога тортилмаслик масаласига келганда, халқаро мустақил тергов ҳайъати ҳақиқатни қарор топтириш, сулҳу мадорага эришиш ва етказилган зиённинг ўрни қопланиши лозимлигига эътибор қаратди. Июн воқеалари сабаблари ва оқибатларини халқаро ҳамжамиятнинг дастаги ва фаол кўмаги билан ўрганиши учун ҳукумат ҳақиқат ва муроса ҳайъатини қарор топтириши кераклигини айтади. Жабрдийларга кўрган зиёнларини қоплаш учун товон пули берилишини кўзда тутувчи кенг кўламли дастур ишлаб чиқилиши, қайта тиклаш ишлари устивор масала бўлиши лозимлигини урғулайди.