Ўшнинг бахти ҳам, бахтиқаролиги ҳам унинг жуғрофий жойлашувида

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ник Мегоран Марказий Осиёда миллатчиликнинг сиёсий жуғрофиясини ўрганувчи олимдир

Ўтган йил июнида юз берган фожеани фақат инсоний азоб-уқубат билан ўлчаш нотўғри. Бу воқеалар қирғиз-ўзбек чегарасидаги маданий уйғунликка саҳна бўлган уникал ҳудуднинг барбод бўлганини англатди.

Марказий Осиё жуғрофиясини ўрганган олим сифатида мен Ўш устидан 15 йил давомида тадқиқот олиб борганман. Илк маротаба мен у ерга 1995 йилда боргандим. Ҳеч кимни билмай туриб, шаҳарнинг бозорларию боғлари, маҳаллаларию идоралари, ва тоғини айланганман.

Бу бир қарашдаги муҳаббат эди, ва кўп ўтмай мен Ўшга кўчиб ўтдим.

Ўшгача мен Ўзбекистонда ва Қирғизистон шимолида яшагандим. Фарғонада мен "ўзбекчилик" нима эканини ўрганиб, ундан завқлангандим.

Ички драмага бой маҳаллалар ўз қийинчиликлари ва хурсандчиликлари билан Фарғонанинг асл мағзини менга чақиб берди.

Мен бора-бора маҳаллаларнинг ҳаддан ошиқ меҳмондўстлиги, ўзбек тилининг нозик ритми, рубоб ҳамроҳлигидаги мумтоз шеъриятнинг оҳанги, ва аския ва гурунгни севиб қолгандим.

Мен, шунингдек, шўролар остида таълим олган ўзбекларнинг интеллектуал жиҳатдан нақадар қайишқоқлигига ҳайрон қолгандим: улар марксистлар мафкураси ҳақида фикр юрита туриб, бемалол тобора авж олаётган исломий қарашлар ҳақида гурунглашишга ўтишарди.

Кейинроқ, Норинга кўчиб ўтар эканман, мен қирғиз турмуш тарзига ғарқ бўлдим. Қирғиз тилининг нақадар дангал экани, қомуз мусиқасининг жозибаси мен ром қилди. Мен бора-бора "тўкма ақинчилиқ" ва достончиликни севиб қолдим.

Чўпонлар турмуш тарзи менга асрлар оша авлоддан авлодга оғзаки ижод орқали ўтган уникал фалсафани, ва вақти келганда қоринни тўйғазиб овқат ейиш қобилиятини ўргатди.

Замонавий дунёда қандай қийин йўлни босиб ўтганлари ҳақидаги билим қирғизлар орасида миллий ғурур ҳиссини уйғотганди. Ва бу ғурур ҳисси қирғизларнинг ажойиб истеҳзоли кулгуси билан мувозанатда ушлаб туриларди. Айнан шунинг учун ҳам Ўш мен учун Марказий Осиёдаги идеал уй эди. Ўшда ўзбек маҳаллалари ва қирғиз кўчалари ёнма-ён кун кечирарди. Бир шаҳарнинг ўзида қирғиз ва ўзбек мусиқий концертлари ва театр томошалари қўйиларди, икки тилдаги университет факультетларида эса иккала анъанага ҳам бўйсунган равишда таълим бериларди.

Икки халқ ўртасидаги иқтисодий ришталарнинг рамзи бўлган бозорларда овоз кучайтиргичлардан ўзбек ва қирғиз қўшиқлари янграрди. Ўз тили ва маданиятини зўр бериб рағбатлантиришга уринаётган минтақада Ўш шаҳри Марказий Осиёнинг энг "Марказий Осиёча" маскани эди.

Бу билан ҳамма нарса рисоладагидек эди демоқчи эмасман. Ўш ҳар доим ҳам ўзаро баҳам кўрилган, ва ҳам иккига бўлинган ҳудуд бўлиб келган.

Иқтисодий тенгсизлик, тез суратларда ўзгараётган ижтимоий воқеъликлар ва абгор маҳаллий ҳокимиятдан азоб чеккан шаҳарда этник танглик келиб чиқиш хавфи ҳар доим ҳам мавжуд бўлган.

Кўп ўзбекларга ўтган бир неча ўн йилликлар ичида қирғизлар қишлоқлардан уларнинг шаҳрига кўчиб ўтиб, аста-секин Ўшни уларнинг қўлларидан тортиб олаётгандек кўринди.

Ўз навбатида, қирғизлар наздида, шундоқ ҳам рус ва шўро ҳукмронлари остида иккинчи даражали фуқароларга айланиб қолган давлатларида ўзбеклар қонуний қирғиз ҳокимиятга бўйсунмагандек намоён бўла бошладилар. Совет даврининг сўнгги йилларида бу каби қарашларнинг тўғри йўлга солинмагани 1990 йил июнида зўравонликлар келиб чиқишига сабаб бўлди.

Бироқ, Қирғизистоннинг илк Президенти Асқар Ақаев "Қирғизистон умумий уйимиз," деган шиорни тарғиб қилиб, этник алоқаларни оқилона бошқарди.

Лекин, унинг меъросхўри томонидан илгари сурилган фуқаровий миллатчилик мафкураси фожеали оқибатларга етаклади. 2009 йилга келиб ўзбеклар ва қирғизлар орасидаги кундалик муносабат таранглашганди.

Мен 2010 йил июнида содир бўлган фожеадан бироз аввал бир неча ойни Ўшда ўтказдим. Ўшни тарк этишимдан аввал шаҳардаги дўстларим учун бир ресторанни ижарага олиб базм уюштирдим.

Меҳмонларнинг деярли ярми ўзбеклар ва қирғизлар эди, қолганлар хорижлик кўмак ташкилотлари ходимлари ва этник руслар эдилар. Бирга ўйнаб кулаётган бу одамлар мен севган Ўшнинг бир кичик парчаси эди. У Ўш энди йўқ. Кўплаб ўзбек дўстларим Россияга, Ўзбекистонга ё бошқа чет мамлакатга қочишган. Ўшда қолганлари эса қўрқув ичида яшамоқдалар. Улар тўсатдан мол-мулкларининг тортиб олиниши, оғзаки ва жисмоний таҳқирлашлар ёки яна жиддий зўравонликлар юз беришидан қўрқадилар.

Кўп ўзбеклар ҳукумат идораларидаги ишларини, кўпгина ўзбек ёшлари эса университетдаги таҳсилларини ташлашган. Шаҳардаги ижтимоий ва иқтисодий ҳаётдан тобора четлаштилаётган ўзбеклар энди омон қолиш стратегияси сифатида жамоат жойларида кўринмасликка ҳаракат қиладилар.

Аммо, қўрқувда яшаётганлар фақат ўзбеклар эмас. Кўп қирғиз дўстларим ҳам ўзбекларнинг қасддан ҳужуми ёки террор ҳужумидан чўчиб, жамоатчилик ишларига кўп ҳам аралашавермайдилар.

Совет даврида ўзбеклар билан катта бўлган қирғизлар учун ҳам шаҳардаги ижтимоий уйғунликнинг барбод бўлгани, ўзбеклар учун қандай фожеа бўлса, шундай фожеа. Кўп олий таълимотли қирғизлар Бишкек ё бошқа шаҳарларга кўчиб ўтишаётганига ҳайрон бўлмаса ҳам бўлади.

Июн фожеасидан бир неча ой аввал мен Ўш шаҳри ғарб кинолари ва ҳужжатли филмларида қандай акс эттирилиши ҳақида университет талабалари билан тадқиқот олиб боргандим. Ўшлик талабалар британ томошабинлари Ўшни қолоқ ва хавфли шаҳар деб кўришидан ларзага тушгандилар.

Мен бу каби ғарбона қарашларни йўқ қилиш учун қайси маҳаллий филмни томоша қилишим кераклигини сўраганимда, қирғиз талаба ўзи севадиган ўзбек филмини мақтай кетди, баъзи ўзбек талабалар эса қирғиз филмини тавсия қилишди.

Икки халқ маданиятининг бу каби алоқаси ёки бир-биридан огоҳлиги Тошкент ёки Бишкекда ғайриоддий ҳисобланган бўларди, аммо Ўш учун бу оддий ҳол эди.

Ўшнинг айнан мана шундай чеҳраси, икки халқ ҳам биргаликда баҳам кўрадиган маскан экани менда келажак учун умид уйғотади.

Албатта, адолат ғалаба қозонсин ва буни ҳамма кўрсин. Бироқ, фақат адолатга эришиш билангина Ўшни тиклаб бўлмайди. Мен бу ажойиб шаҳар аҳлига иккига бўлинган бўлсада, яна тотув ва аҳил масканни қуришларида Худодан қувват тилаб қоламан.