Қирғизистон хунрезлигига назар. Бир йил ўтиб...

Қирғизистонда 2010 йилнинг июн ойида жанубий Ўш ва Жалол-Обод шаҳарларида келиб чиққан ва юзлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлган миллий низоларнинг бир йиллик санаси хотирланмоқда. Июн воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан Қирғизистоннинг жанубий Ўш шаҳрида бўлиб ўтган маросимда сўзларкан, Қирғизистон президенти юз берган ҳодисалардан сабоқ чиқарилиши лозимлигини айтган. Ўтинбоева хоним Ўш шаҳрида "Оналар кўз ёши" ёдгорлигининг очилиш тантаналарида ҳам иштирок этган. "Биз келажакда ўтган йилги воқеаларнинг такрорланмаслигига умид қилиб қоламиз," деган қирғиз раҳбари. Ўтинбоева хоним одамларни бир-бирларини айблашдан тийилишга чақириб, уларни бирдамликка ундаган. Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоева мамлакати тинчлик йўлида экани, ҳукумати жанубий Ўш ва Жалол-Обод шаҳарларида ўтган йили юз берган этник низолар юзасидан адолатни қарор топтириш ва сулҳу мадорага эришиш йўлида қаттиқ иш олиб бораётганини айтган. Июн воқеаларининг бир йиллиги муносабати билан Би-би-сига берган суҳбатида Ўтинбоева хоним ҳукумати рўй берган ҳодисаларга маънавий масъулиятни ўз зиммасига олишини айтаркан, демократик ислоҳотлар йўлида олиб бораётган ишларини ҳам ҳимоя этган. Қирғизистон президентига кўра, айнан ана шу ислоҳотлар одамларнинг зўравонликлар ўрнига, мулоқот йўлини танлашларини таъминлайди. Қирғизистон жанубида қирғизлар ва ўзбеклар орасида кузатилган бир неча ойлик танглик июн ойининг бошларига келиб, тийиқсиз зўравонликларга айланиб кетганди. Апрел ойидаги қонли намойишлар ортидан президентликдан четлатилган Қурмонбек Бакиев ўрнига янгигина қудратга келган Роза Ўтинбоева бунга қарши муносиб чора кўришга муваффақ бўлолмади. Тўрт кунлик зўравонликлар давомида минглаб кишилар тан жароҳати олишди, бутунбошли маҳаллалар вайрон бўлди, юз минглаб кишилар уй-жойларини ташлаб чиқишди, кўплаб кишилар Ўзбекистонга қочиб ўтишди. Миллий низолардан бир йил ўтиб, жабрдийда аҳоли ўз ҳаётини тиклашга уринаётган эса-да, аммо ўртадаги ишончга путур етган. Орада кечган вақт мобайнида юз берган ҳодисалар юзасидан қатор текширув ишлари олиб борилди, аммо жавобгарлар ким экани борасида ҳануз якуний тўхтамга келинганича йўқ. Халқаро мустақил тергов ҳайъатининг маҳкамада мутлақ ўз тасдиғини топса, июн низолари чоғида Ўшдаги айрим маҳаллаларга қарши уюштирилган ҳужумлар инсониятга қарши жиноятга тенг, деган хулосаси Қирғизистонда баҳсу мунозараларга сабаб бўлди. Бу жанжаллар халқаро ҳайъатнинг бошқа миллат вакилларини ҳам хавфсизлик кучлари сафларига олишдан тортиб, июн ойида содир этилган кўплаб жиноятлар юзасидан муфассал тергов олиб боришга оид тавсияларини ўз сояси остида қолдириб кетди. Июн воқеаларини ўрганиш учун тузилган турли миллий комиссиялар эса, Ўзбек лидерларини бўлгинчиликка оид чиқишлари билан можарони оловлантиришда айблашди. Июн низолари билан алоқадорликда асосан ўзбекларнинг ҳибсга олиниб, ҳукм этилишлари эса, уларнинг орасида адлия тизими нохолис, деган қарашларни ҳам пайдо қилмай қўймади. Ўтган йилги ҳодисаларнинг жиддий оқибатларига қарамай, сулҳу мадорага эришишга бўлган бир интилиш ҳам бор. Масъуллар ҳам қирғин жабрдийдаларига товон пули тўлаш ёки оммавий тадбирлар уюштириш билан бу саъй-ҳаракатларни дастаклашга уринишмоқда. Лекин амалий ҳаётда нималар ўзгардию, бир йил ичида икки миллатни яраштиришнинг ўзи қанчалик имконли? Би-би-си Қирғиз Хизмати ходими Оқчўлпон Қўйчиева Қирғизистон Президенти Роза Ўтинбоевага ана шу савол билан мурожаат этган:

Роза Ўтинбоева: Мен мамлакат бугун тинчлик йўлига тушиб олди деб ўйлайман. Биз жуда фундаментал масалалалар юзасидан иш олиб бораяпмиз. Мисол учун, биз этник ярашув ҳақидаги ҳужжатни тайёрладик, маҳкама тизимини ислоҳ қилиш бўйича ишлар олиб бораяпмиз. Биз маҳаллийларидан тортиб то Олий Маҳкамага қадар, ҳаммаси бўлиб 445 та ҳакамни сайлаб олишимиз керак. Бу бизга адлия тизимимизни ислоҳ қилиш учун берилган энг катта тарихий имконият. Шу тариқа биз 2010 йил июнида юз берган фожеавий ҳодисалар юзасидан адолатни қарор топтира оламиз. Биз, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идораларини ислоҳ қилиш, полицияни тайёргарликдан ўтказиш ва турли этник гуруҳларни бирлаштириш бўйича ҳам ишлар олиб бораяпмиз. Бу ерда бошқа бир муаммо ҳам бор: одамларнинг қўлида кўплаб ўточар қуроллар тўпланиб қолган. Биз бу қурол-аслаҳаларни мусодара қилиш бўйича ҳам кўплаб ишларни қилаяпмиз. Бундан ташқари, биз ҳақиқат ва ярашиш комиссиясини таъсис этиш ниятидамиз. Бу масалада бизга халқаро тажриба керак. Умид қиламанки, бизга бундай ёрдам берилади. Биз бугунги кунда уюшган жиноятчиликка қарши қаттиқ кураш олиб бораяпмиз. Ҳозирга келиб 150 дан ортиқ инсон қамоққа ташланганини ҳам айтиб ўтишим лозим. Уларнинг баъзилари халқаро наркотик контрабандачилари сифатида танилган. Мен қирғиз жамиятида тинчлик ўрнатиш учун биз жуда кескин ва жиддий чоралар олганмиз, деб айта оламан. Аммо, айни дамда, бизда баъзи жиддий муаммолар ҳам бор. Миллатлараро можаро юз берганидан бор-йўғи бир йил ўтганини ҳам унутмаслигингизни сўрайман.

Би-би-си: Қирғизистон жанубидаги этник тўқнашувларни текшириш учун тузилган бир қатор комиссиялар айбни қисман Муваққат ҳукуматга тиркадилар. Муваққат ҳукумат раҳбари Сиз эдингиз. Бу танқидга муносабатингиз қандай? Ва юз берган ҳодисаларда ўзингизни шахсан айбдор кўрасизми?

Роза Ўтинбоева: Биз бу тўқнашувлар, 2010 йилда рўй берган ҳамма фожеавий ҳодисалар учун ахлоқий масъулиятни ўз бўйнимизга оламиз ва бу масъулиятдан қочмоқчи эмасмиз. Апрел ойининг 7чисида қудратга келган ҳукумат аввалги ҳукумат томонидан амалга оширилган қирғин оқибатларини мерос қилиб олди. Бу каби ҳодисалар, масалан, Африка қитаъсида бу йил баҳорида қабул қилиб бўлмас ва даҳшатли, дея баҳоланган бўлса, ўтган йили Қирғизистондаги воқеалар мобайнида халқаро ҳамжамият сукут сақлаганди. Ҳозирда Қурмонбек Бакиев тинчгина бошқа мамлакатда умргузаронлик қилиб келмоқда. Ўзига уй қурмоқда, иккинчи хотини билан яшаб, фарзандларини катта қилмоқда. Бакиев билан Қаддофий тақдирини солиштириб кўринг. Бакиев билан бошқа диктаторлар тақдирини солиштириб кўринг. Менимча, ҳозирда халқаро ҳамжамият Қирғизистондаги ҳодисаларга қандай муносабат кўрсатганини бир баҳолаб олиши керак. Муваққат ҳукумат қудратга келгандан кейин уч ой ичида янги конституцияни тақдим қилиш ваъдасини берди. Биз бу ваъдамизнинг устидан чиқдик. Олти ойда парламент сайловларини чақирамиз, деб ваъда бердик. Бунинг ҳам уддасидан чиқдик. Буларнинг ҳаммасини ҳозирда бошбошдоқлик ҳукм сураётган давлатлар билан солиштириб кўринг. Бизнинг энг катта муваффақиятимиз бу адолатли сайловлар ўтказа олганимиздир. Ошкора сайловлар, озод сайловлар ўтказдик. Бу 20 йиллик мустақиллик тарихимизда биринчи маротаба содир бўлди. Биз парламент бошқаруви тизимига ўтдик. Бу тўғри қарор эди. Парламентда ўтказилган икки кунлик баҳслар кланлар, сиёсий гуруҳ ва рақиблар ўртасида тўқнашувлар йўқлигини намоён этди. Биз ҳамма масалаларни бир хонада, бир парламентда муҳокама қилмоқдамиз. Ўша қонли ва фожеавий ҳодисалар атрофидаги муаммо ва масалаларнинг бу каби ёш ва ҳануз заиф бўлган мамлакатдаги муҳокамаси парламент бошқаруви остида бу каби қийин маҳалларни бошидан кечираётган давлат учун ҳам мос тизим эканлигини кўрсатди.

Би-би-си: Июн воқеалари юзасидан ўз текширув ишларини олиб борган халқаро мустақил тергов ҳайъатининг хулосаси Қирғизистондаги кўпчилик сиёсатчилар томонидан танқидларга учради. Халқаро ҳайъат Қирғизистон жанубида ўзбек тилига хос мақом берилиши, ўзбекларни мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига кўпроқ жалб этиш каби кўплаб тавсиялар ҳам берганди. Сизнинг бу тавсияларга муносабатингиз қандай?

Роза Ўтинбоева: Умуман олиб қарайдиган бўлсак, халқаро мустақил тергов ҳайъати муҳим иш қилди. Юз берган ҳодисаларга имкон қадар холис баҳо берилди. Катта халқаро тажрибага эга бўлган саккиз хорижий давлат вакиллари июн воқеаларига ўз баҳоларини беришди. Олиб борган жиддий фаолияти учун биз халқаро ҳайъатдан миннатдор бўлишимиз керак. Халқаро ҳайъатнинг тавсияларига келсак, улардан айримлари қирғиз аҳолисининг ғашига тегди. Дейлик, Қирғиз республикаси номини Қирғизистон Республикаси қилиб ўзгартириш каби. Бу мутлақ Қирғизистоннинг ички иши. Бу масалани ҳеч кимнинг ташқаридан туриб ҳал қилишга ҳаққи йўқ. Бахтга қарши, шу каби тавсиялар Қирғизистонда сиёсатчилар орасида гап-сўзларга сабаб бўлди. Халқаро ҳайъат тавсияларининг аксарияти ўта сиёсийлаштириб юборилди. Инқироздан чиққан, нисбатан заиф бўлган давлатда бу каби акс-садонинг бўлиши балки табиий ҳамдир. Атрофимиздаги кўплаб йирик ўйинчи давлатлар Қирғизистоннинг мустақиллиги атрофида гап-сўзларни қизитишди. Қирғизистоннинг мустақиллигини савол остига олишди. Гўёки уни иккига бўлиб, бир қисмини Қозоғистонга бериш, бошқасини эса яна кимга...Қирғизистонни таҳқирловчи кўп нарсалар бўлди. Буларнинг барчаси миллатчи кучларнинг ғашига тегмай қўймади. Миллатчи кучлар ортиқ буларга парво қилмай, бирлашиб олиб, халқаро ҳайъатнинг хулосаларига ҳам қарши чиқишмоқда. Халқаро ёки миллий ҳайъатнинг бошқа тавсияларига келсак, биз уларга тўғри кўз билан қараб, инобатга олишимиз лозим. Улар ниҳоятда муҳим. Ўзбек ёшлари қуролли кучлар, куч ишлатар тизимлар сафларида бўлишлари шарт. Бу ҳақда гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Би-би-си: Сўнгги савол шуки, бу ҳодисалар юзасидан маҳкама ишлари бир томонлама кечганига доир кўплаб хавотирлар изҳор қилинди. Маҳкамага тортилганларнинг аксарияти ўзбек миллатига мансуб экани айтилди. Айтингчи, бу масала борасида аниқ бир амалга қўл урасизми?

Роза Ўтинбоева: Ҳа, албатта, уч мингдан ортиқ жиноий ишларни ўрганиб чиқиш учун Қирғизистон Бош прокуратураси идораси ҳуқуқ-тартибот идоралари ва хавфсизлик хизмати билан биргаликда иш олиб бормоқда. Уларнинг ҳамкорликдаги фаолиятлари сўнгги пайтга келиб янада кучайган. Бош прокуратура идораси тергов жараёнларини жуда кучли назорат этмоқда. Сўзсиз, маҳкамага тортилаётганлар сонида номувофиқлик бор. Улардан аксарияти ўзбеклар ва кўпчилиги Қирғизистонда эмас. Аммо гумондор деб кўрилаётган қирғизлар ҳам озмунча эмас. Демоқчиманки, ушбу масала бизнинг жиддий кузатувимиз остида. Ҳар ой улар бизга тергов жараёнлари қандай кетаётгани хусусида ҳисоб бериб туришади. Мен ушбу жараённи ўз назоратимга олганман.