Тошкентдаги Қирғизистон элчилиги қаршисида норозилик тадбири уюштирилди

Image caption Тошкент милицияси Қирғизистон элчихонаси биноси рўпарасида норозилик пикети уюштирилишига қарши бўлган

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари Тошкентдаги Қирғизистон элчихонаси қаршисида норозилик тадбири ташкил этганлар, ўтган йили Қирғизистоннинг жанубида рўй берган хунрезликларнинг айбдорлари жазоланишини талаб қилганлар.

Қонли ҳодисалар бошланганининг бир йиллиги муносабати билан норозилик амалиёти уюштирилиши ҳақида Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти эълон қилган эди.

Тошкентдаги Қирғиз элчилиги биноси қаршисида йигирма нафар атрофида "Эзгулик" жамияти аъзолари ва бошқа фаоллар йиғилишган.

"Бу тадбирдан мақсадимиз қонли ҳодисаларга бир йил тўлдики, халқаро текширувлар бўлиб ўтдики, жуда кўп мамлакатлар ҳукуматлари, парламентларида муҳокамалар бўлдики, ҳамон Қирғизистон ҳукумати бу воқеаларга жиддий баҳо бермади. Аксинча ўзининг ҳаракатсизлиги ва ноқонуний амаллари билан жиноий гуруҳларнинг ҳаракатларини қўллаб-қувватлади. Минглаб ўзбекларнинг ўлдирилгани, минглаб ўзбекларнинг бошпанасиз қолгани, аёлларнинг зўрлангани, норасида гўдакларнинг ёқиб юборилганига жавобгар ҳукумат идораларига мансуб бўлган шахслар ҳам жавобгарликка тортилмади. Биз бунга ўз норозилигимизни билдирдик", деди Васила Иноятова.

Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси мулозими норозилик тадбири иштирокчиларидан айримлари билан учрашган.

"Эзгулик" раҳбари Васила Иноятованинг айтишича, элчихона қаршисидаги амалиётга Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида яшайдиган фаоллар ҳам иштирок этиш ниятида бўлганлар, бироқ Ўзбек ҳуқуқ-тартибот органлари фаолларнинг Тошкентга боришларига изн бермаганлар.

Тошкент милицияси Қирғизистон элчихонаси биноси рўпарасида норозилик пикети уюштирилишига қарши бўлган.

Фаолларга кўра, Тошкент милициясидагилар бу норозилик тадбири Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги сиёсий муносабатларга путур етказиши мумкин, шу ойда Қирғизистон ҳайъатининг Тошкентга бориши мўлжаллангани ва бу пикет пайтида "айрим экстремистик кучлар бирор нарса уюштириши мумкинлиги"ни важ қилиб кўрсатишган.

Лекин бунга қарамасдан, элчихона қаршисида норозилик амалиёти уюштирилган, милиция фаоллардан айримларини Ички ишлар бўлимига олиб кетган.