Эрика Марат: 'Қирғизистон ҳали узоқ йўлни босиб ўтиши керак...'

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ўтган йил октябр ойининг ёмғирли тонгларидан бирида Ўш маҳкамаси қирғиз милиция ходимини ўлдирганлар устидан жиноий ишни кўриб чиқди. Уларнинг орасида битта ўзбек ҳам бор эди.

Қурбоннинг яқинлари эса, судланувчилар қариндош-уруғларининг қачон келишларини кутиб, маҳкама биноси қаршисида пойлаб туришарди.

Ўрта ёшлардаги икки эркак ва бир аёл бинога яқинлашишлари билан, қурбоннинг яқинлари уларга ҳужум қилиб, ерга ағдариб, роса дўппослашди.

Ўша ерда турган икки милиция ходими эса, кўз ўнгиларида бўлаётган зўравонликларга парво ҳам қилишмади.

Биз милиция ходимларидан, "Нима учун уларни тўхтатишга уринмадинглар?", деб сўраганимизда, "Нима, биз одам эмасмизми," деб жавоб беришди.

Улардан бирининг менга айтишича, бундан бир неча ой бурун ҳамкасбларидан бири ўзбеклар томонидан шафқатсизларча ўлдирилган.

Шунинг учун ҳам, қотил ўзбекларни ҳимоя қилиш ниятимиз йўқ, дейишди улар менга.

Ҳам қирғиз ва ҳам ўзбек жамоалари орасида ҳануз адолатсизлик ҳисси ҳукмрон.

Қирғиз кўпчилиги ва ўзбек озчилиги орасидаги тангликни қандай қилиб юмшатиш - бугун Қирғизистон қаршисида турган энг асосий саволлардан биридир.

Бу икки миллатнинг сўз эркинлиги ва ривожланиб бораётган фуқаровий жамият муҳитида баҳамжиҳат яшашларига эришиш учун Қирғизистон фуқаролик ғоясини кучайтириши шарт.

Менимча, шундай қилган тақдирдагина, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва масъулиятлари бирламчи ўринга чиқади.

Барча фуқаролар ўзлари истаган миллатга эга бўлишади. Фақат мамлакат конституциясига зид бўлмаса бас.

Қирғизистон озчиликларга қараганда кўпроқ ҳуқуқларга эга бўлган бир миллий гуруҳнинг етакчилиги ғоясидан расман воз кечганда эса, нур устига нур бўлурди.

Лекин Қирғизистондаги саноқли сиёсий лидерларгина ушбу масалага эътибор қаратишга қодир ва ҳозирдирлар.

Ўш зўравонликларидан бир йил ўтиб ҳам, барча этник гуруҳлар орасида миллатчилик ҳисси ҳамон кучли.

Қирғиз миллати мамлакат парламенти ва ҳукуматида устунлик қилгани учун, қирғиз миллатчилари давлат миқёсида имкониятларга эгалар.

Қирғиз сиёсий лидерлари миллий картани очиқча ўйнашдан ўзларини тийишса-да, қирғиз миллатини дастаклаш учун рамзий сиёсат юритишади.

Шу пайтгача турли парламент вакиллари давлат байроғи, мадҳияси ва ҳатто, маҳаллий ҳукумат мулозимларининг номларини ўзгартириш таклифлари билан чиқишди.

Бу каби халқбоз ташаббусларнинг барчаси алал-оқибат давлатда қирғиз миллатининг устунлигига эришишга қаратилган.

Миллатчиликка юз буришлари учун Қирғизистондаги ҳар бир этник гуруҳ ўз асосларига эга.

Мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида деярли ўринлари бўлмаган ўзбеклар ўзликларини сақлаб қолиш учун хусусий тижоратларини очиш учун Қирғизистонда мавжуд бўлган нисбатан эркин бозор иқтисодидан фойдаланишди.

Тадбиркорлик эса, уларга давлатга қарамликдан қутилиш ва муайян маънода ўз келажакларининг молиявий хавфсизлигини таъминлашга имкон берарди.

Қирғизистондаги ўзбеклар ва бошқа миллий озчиликлар аксар ҳолларда ҳарбий хизматга боришмайди. Милиция сафларида ишлашни хоҳлашмайди. Улар ҳуқуқ-тартибот идораларини ҳимоя эмас, тазйиқ идораси деб билишади.

Бироқ тадбиркорликдаги муваффақиятлари кўплаб қирғизлар орасида бошқача фикрларни пайдо қилади.

Улар ўзбеклар мамлакатнинг иқтисодий захираларини ноқонуний йўллар билан эгаллаб олишган, деган фикрга боришади.

Ўз ўрнида, ўзбеклар ҳам қирғиз ҳамюртларига тижоратга уқуви йўқ ва ўзлари билан беллашишга ноқобил, деб қарашади.

Бу каби қарашлар эса, миллий озчиликларга қарши чиқишлари учун қирғизларга жудаям кучли оқлов бўлиб хизмат қилади.

Ўзбеклар эса, янада жиддийроқ сиёсий таъқибларга учраб, қилган қаттиқ меҳнатлари учун ўзларини жазолангандек ҳис қилишади.

Ораларидаги фарққа қарамай, Ўш воқеалари юзасидан қирғизлар ва ўзбекларнинг қарашлари камида икки масалада якдил.

Биринчидан, уларнинг барчаси Қирғизистон жанубидаги вазият бир кун келиб зўравонликларга айланиб кетишини кутишган. Лекин низоларнинг бу қадар тус олиб кетиши бирор кишининг хаёлида ҳам бўлмаган.

Иккинчидан, ҳар икки миллат вакиллари ҳам зўравонликларнинг олдини ололмаганликда қирғиз муваққат ҳукуматини айблашади.

Собиқ муваққат ҳукумат мулозимлари эса, имкониятларининг камлиги ва четдан ёрдамнинг йўқлигига қарамай, низоларга чек қўйиш учун қўлларидан келган барча ишни қилганликларини айтишади.

Зўравонликлардан бир йил ўтиб, Қирғизистон президенти Роза Ўтинбоева юз берган ҳодисаларга ҳукумати маънан масъул эканлигини баён қилди.

Май ойи охирларида эса, Қирғизистон парламенти июн воқеаларини ўрганган халқаро мустақил тергов ҳайъати раҳбари Киммо Килюненни persona non grata деб эълон қилди.

Халқаро ҳайъат хулосасида Қирғизистон ҳарбийлари ва ҳукумат мулозимлари зўравонликларнинг олдини олишга деярли қодир бўлмаганликлари айтилади.

Қурол-яроғларнинг ноқонуний равишда урушаётган томонларнинг қўлларига ўтиб қолишига тўсқинлик қилолмаганликлари урғуланади.

Бу эса, халқаро ҳайъат чиқарган муҳим хулосалар эди.

Киммо Килюненни исталмаган шахс, деб эълон қилиш қарори 120 нафар парламент аъзоларининг 95 таси томонидан маъқулланади.

Ўзларининг бу ҳаракатлари билан парламент аъзолари июн низолари юзасидан эркин баҳсу мунозаралар олиб боришга, юз берган воқеалар юзасидан бир тўхтамга келишга қодир эмасликларини намоён этишади.

Қирғизистон парламентининг даъво қилишича, халқаро мустақил тергов ҳайъатининг ҳисоботи нохолис ва адолатсиздир.

Агар нейтрал фуқаролик ғояси Қирғизистонда тарғиб этилаверадиган бўлса, улар давлат сиёсатини этник сиёсатдан ажратолган биринчи собиқ Шўро давлати бўлишади.

Бу хусусдаги баҳсу мунозаралар бошқа йўналишга оғиб кетса, Қирғизистон на-да жанубдаги миллий гуруҳларни яраштириш ва на-да парламент бошқарув тизимида барча миллат вакиллари намоён этилишига эриша олади.