Ўшлик таниқли фазогир Солижон Шарипов июн низолари ҳақида нима дейди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Доимо кўкка интилган бу инсоннинг оёғи бугун ўзи туғилиб ўсган ерга боғланиб қолган

Асли Ўшлик фазогир Солижон Шарипов икки бора фазога учган. Самода юрган кам сонли фазогирлардан бири. Аммо доимо кўкка интилган бу инсоннинг оёғи бугун ўзи туғилиб ўсган ерга боғланиб қолган. У бугун ўтган июн зўравонлигидан бери ажралиб кетган ўзбеклар ва қирғизларни яраштириш илинжида ёшлиги ўтган Ўшга, Ўзганга келиб турибди. Фазогир ҳатто зўравонликда оиласи зарар кўрган, ўқиши қолиб кетган юзлаб ўшлик ўспиринларни Россияга ўқишга жўнатган. Москвадан Ўшга жўнаб кетиши олдидан қирғизистонлик ўзбек фазогир Солижон Шарипов билан боғланиб, аввалига она юртидаги бир йил аввалги зўравонликдан илк қандай хабар топгани ҳақида сўрадик:

Солижон Шарипов: Ишда эдим. Россия ҳарбий кучларида ишлайман. Ҳали ўша воқеадан бир кун олдин ҳам Ўш ва Жалол-Ободда вазият танг деган гапларни эшитгандик. Эрталаб эса қариндошларим қўнғироқ қилишди ва Ўшда миллий низо бошланганини айтишди. Бошида кичикроқ жанжалдир, тез орада босилиб қолар, деб ўйладим. Аммо менга одамлар хадеб телефон қилишар ва аҳвол жуда жиддийлигини айтишарди. Кейин соат ўнларда Москвадаги Қирғиз элчилигига бордим. Элчихона яқинида одам кўп эди. Аммо янада кўпроқ одам яқиндаги Ўзбекистон элчихонаси олдида тўпланганди. Эсимда, 10 минг нафарча одам тўпланганди. Ҳамма мендан савол сўрар, менда эса уларга айтадиган жавоб йўқ эди. Худди ўша дақиқаларда Ўш ва Жалол-Ободда одамлар ўлаётганини билмасдим.

Би-би-си: Элчилик олдида сиз нималардан бохабар бўлдингиз?

Солижон Шарипов: Ўш ва Жалол-Ободда Ўзбеклар ўлдирилаётганини кўпчилик аллақачон биларди. Кейин Ўзбеклар ҳужум қилмаганини, балки ҳужумчилар узоқ минтақалардан келишганини ҳам билишарди. Яъни, ҳаммамиз билганимиздек, қирғизлар шаҳарга келишган ва одамларга ҳужум қилишаётганди. Элчиликка келганларнинг кўпчилиги қариндошлари ўлдирилган инсонлар эди. Кўпчилик менга қўнғироқ қилиб, ёрдам сўрарди. Мен эса, Қирғизистондаги дўстларимга телефон қилдим, Ўш ва Жалол-Обод милициясидаги ўртоқларимдан инсонларни қутқаришни сўрадим. Ўша куни милиционерлар кўплаб одамларни қутқазишди ҳам. Москвадаги элчихонада эса, ҳеч ким Қирғизистондаги вазият борасида жавоб бера олмасди.

Би-би-си: Одамларни қандай ўлдиришаётганди? Бу борада ҳам ҳикояларни эшитдингизми?

Солижон Шарипов: Мен ҳозир буни эслашга ҳам юрагим бетламайди. Даҳшатли эди. Одамларни, болаларни қандай ўлдиришгани, аёлларни қандай зўрлашгани ҳақида мен анча кейин хабар топдим. Аёллар ва кексаларни ҳам ўлдиришган. Жуда ёмон бўлган. Мен шу зўравонликдан икки-уч ҳафта ўтгач, баъзи видеотасвирларни кўрдим.

Би-би-си: Сизнинг Ўш вилоятидаги, Ўзгандаги оила аъзоларингиз омонмилар? Улар нима қилишган?

Солижон Шарипов: Барча қариндошларим Ўш ва Ўзганда яшашади. Отам, ҳамширам ва иниларим Ўзганда истиқомат қиладилар. Худога шукур, Ўзгандаги ўзбек ва қирғиз қариялари бирлашиб, ҳужумчиларни тўхтатиб қолишган. Шу асно шаҳарни асраб қолганлар. Бўлмаса, 1990 йилги миллий низода айнан Ўзган шаҳри энг қаттиқ азият чекканди.

Би-би-си: Сиз Ўшдаги зўравонликни эшитгач, у ерга боргандингиз, шундайми?

Солижон Шарипов: Мен Ўш ва Жалол-Ободга бордим. Одамлар билан учрашдим, нималар содир бўлганини ўз кўзим билан кўрдим. Нималарни кўрганимни тасвирлашга тилим айланмайди. Бу учун сўз тополмайман. Икки тарафдан ҳам кўплаб инсонлар нобуд бўлган. Аммо бир тараф ҳужум қилган, иккинчи тараф эса ўзини ҳимоя қилган.

Би-би-си: Сиз зўравонликни тасвирлай олмаслигингизни айтдингиз. Айнан қандай ҳодиса сизни қаттиқ ларзага солган?

Солижон Шарипов: Мен кўп одамларни учратдим, улар нима бўлганини айтиб беришди. Айниқса, ёш қизларнинг зўрлангани ва ўлдирилгани ларзага солди. Бир ҳолат хотирамда михланиб қолган: Катта сондаги одамлар бир одамни ушлаб олишади-да, устидан бензин қуйиб, тириклайин ёқиб юборишади.Атрофда эса 150 нафарча одам томошабин бўлиб туради. У қийналди, оғриқдан бақирди, чақирди, қимирлашга интилди. Аммо ҳеч ким унга ёрдам бермасди, ҳамма томоша қилиб турарди. Бу даҳшатли ҳодисанинг видеотасвири ҳам бор.

Би-би-си: У ёндирилган одам ким эди?

Солижон Шарипов: У ўзбек эди. Ёшгина йигит эди.

Би-би-си: Нега бундай қилишган деб ўйлайсиз?

Солижон Шарипов: Одамлар инсоний қиёфасини йўқотиб қўйган. Бўлмаса, қандай қилиб одамлар бир инсон устидан бензин қуйиб, тириклайин ёқиб юборади. Буни тушуниш қийин. Бу жуда афсусланарли воқелик.

Би-би-си: Кўп қурбонлар ўзбеклар бўлди. Лекин қирғизлар ичида ҳам ўлганлар бўлган-ку?

Солижон Шарипов: Албатта, қирғизлар орасида ҳам қурбонлар бўлган. Бошқа миллатлар орасида ҳам ўлганлар бор. Лекин бир нарса аниқ - шаҳарларда яшаганлар бировга ҳужум қилишмаган. Улар ўзларини ҳимоя қилишга мажбур бўлишган. Уйларини, оилаларини ҳужумчилардан сақлашга интилишган. Ўз уйингни ҳимоя қилатуриб, баъзан ўша ҳужумчини ўлдириб қўйишинг ҳам мумкин. Аксарият қурбонлар ўзбеклар эди. Аммо, шаксиз, қирғизлар ичида ҳам ўлганлар бор эди. Нега ўзбеклар бунчалик кўп ўлдирилгани борасида тўхталсак, ҳужумчи тўдалар қўлида кўплаб қурол-аслаҳа бўлган. Кўчалардаги одамлар эса, фақат маҳалласини баррикада тиклаб, ҳимоя қилишган. Аммо қўлида бирон қуроли бўлган одамлар ҳалиги қуролини ишга солиб, ўзларини ҳужумчилардан ҳимоя қилишган. Аммо ўзини ҳимоя қилганлар жуда ёмон қуролланган бўлган.

Би-би-си: Аммо ўз жонини хатарга қўйиб, ўзбекларни асраган қирғизлар ҳам бўлган, шундайми?

Солижон Шарипов: Мен фақат ўзбек ёки қирғиз деб айтаётганим йўқ. Ҳар қандай миллат ичида ҳам ёмон одамлар бўлади. Қирғизлар орсида менинг яқин дўстларим кўп. Улар ўзбекларни ҳимоя қилишди. Мен бу низони ўзбек ва қирғиз ўртасидаги уруш, деб атамаган бўлардим. Ёшлар шаҳарларга ҳужум қилишди ва аёлларни, кексаларни ўлдиришди.Мен Қирғиз халқини ҳурмат қиламан. Лекин ўша пайтлари кўпчилик алданганди.

Би-би-си: Нега бу зўравонлик юзага келди, сизнингча?

Солижон Шарипов: Сабаби мана бундай, деб айтиш жуда қийин. Менимча, бу учун вақт керак, чуқур ва батафсил текширув керак.

Би-би-си: Нега Қирғиз милицияси ва ҳарбийлари ўз қуролларини ҳимоя қилмасдан, ҳужумчи тўдаларга шундоққина топшириб қўйишган?

Солижон Шарипов: Бу масала атрофида саволлар кўп. Куч тизимларида ишловчи кўпчилик қирғиз миллатига мансуб. Милицияда ишлайдиган ўзбеклар сони жуда оз. Ҳатто халқаро тадқиқотлар ҳам милиция ва ҳарбийлар ҳужумчиларга ўз қуролларини бериб қўйишганини қайд этган. Илк икки кун давомида улар оддий инсонларни ҳимоя қилишга ҳаракат қилишмади. Нимадир қилишни бошлашганида эса, жуда кеч бўлганди.

Би-би-си: Сиз бугунги кундаги энг машҳур ўшликсиз. Кутилмаганда, ўз елкангизда масъулият ҳис қилиб қолгандирсиз. Одамлар сизга келиб дардларини баён қилишгандир..?

Солижон Шарипов: Одамлар кимга бориб шикоят қилишни билишмасди. Мен Ўшга борганимда ҳамма менинг олдимга келар ва шикоятлари ёзилган қоғозларни тутқазишарди. Чунки ўша пайтлари милиция ва маҳкамалар одамларнинг шикоятларини қабул қилишмади. Ҳеч ким бу одамларни ҳимоя қилмаган. Улар ўзларини ўзлари ҳимоя қилишга мажбур эдилар. Менда ҳали-ҳамон даста-даста шикоятлар турибди. Инсонлар бошларига тушган кўргуликларни ёзишган. Мен баъзи шикоятларни президент Роза Ўтинбоева билан учрашганимда унга топширдим. Чунки мен шахсан ўзим президент билан учрашиб, гаплашишим зарур, деган фикрга келгандим. Айрим шикоятлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотига, Оврўпога жўнатилди.

Би-би-си: Президент сиз айтиб берган ҳикояларни эшитиб, кўнгли бузилдими, ларзага тушдими?

Солижон Шарипов: У кўп ҳолатларни биларди. У мени тушунгандек туюлди. Аммо ўша кўргулик бошига тушган одамдан эшитиш бошқа, иккинчи бир оғиздан эшитиш бошқа. Президент чора кўришга ваъда берганди. Лекин нималар кечаётганини у биларди.

Би-би-си: Мана, Ўшда икки миллатни яраштириш йўлида махсус ҳафталик ўтказаяпсизлар. Бу саъй-ҳаракатлар бирон самара беришига ишонасизми? Чунки Ўшда инсонлар ҳамон кўчага чиқишга қўрқиб яшашмоқда.

Солижон Шарипов: Умид қиламан, ҳаммаси яхши бўлади. Лекин ҳамма нарсани унутиш учун вақт керак.

Би-би-си: Қандай қилиб бу каби зўравонликни унутиш мумкин?

Солижон Шарипов: Вақт ўзи ҳаммасига ҳаким, деган гап бор. Бу бизнинг ватанимиз. Биз бирга яшашимиз керак. Қирғизистонда фақат қирғиз ва ўзбек яшамайди. Руслар, татарлар ва бошқалар ҳам истиқомат қиладилар. Ўзбеклар ичида ҳам, қирғизлар ичида ҳам кўпчилик тинч яшашни истайди. Одамлар болалари келажагини, бахтини кўришни ният қилишади. Умидимиз шу - одамлар яна аввалгидек тинч-тотув яшаб кетишади. Тўғри, бу гапни айтиш қийин, лекин энди вақт ўзи ҳаким ҳаммасига.

Би-би-си: Сиз фазогир сифатида инсон зоти эришиши мумкин бўлган энг юксак муваффақиятларни қўлга киритдингиз. Айни пайтда, мана, одамзод бир-бирига муносабатда қанчалик тубан кетишига ҳам гувоҳ бўлиб турибсиз. Бунчалик тескари икки ҳақиқат ўртасида ўзингизни қандай ҳис қиласиз?

Солижон Шарипов: Мен Совет Иттифоқида туғилиб, ўсдим. У пайтлар бошқача эди. Одамлар илмга талпинарди, ўқишга интиларди. Янги авлод эса йўлини йўқотиб қўйди. Кўплаб ёшлар олий таълим олиш имконига эга эмас. Давлатда умуммамлакат мафкураси йўқ. Ёшлар ўқишни эмас, пул топишни ўйлашади. Улар халқаро қонунларни, ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишмайди. Кейин бошқаларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳам поймол этишади. Мен кичиккина бир шаҳарчадан чиқиб, шунчаликка эришдим, фазога учдим. Кўплаб ёшлар бугун фазогир бўлишни исташмайди. Ҳатто, Россияда ҳам ё тижоратчи, ё адвокат бўламан, деб интилишади. Лекин ҳозир Ўзбекистон ва ё Қирғизистон каби мамлакатлардан фазогир чиқиши жуда қийин. Бу учун ўша мамлакатда катта пул бўлиши керак. Балки, бир кун яна бирон марказий осиёлик фазога учар...

Би-би-си: Ўш фожеасига қайтсак, бу яна қайтарилиши мумкинми? Чунки 21 йил олдин ҳам Жанубий Қирғизистонда шундайин зўравонлик содир этилганди.

Солижон Шарипов: Бу қайтарилмаслиги керак. Аммо ҳозир бирон башорат қилиш ҳам қийин. Чунки бу энди ҳукуматга, раҳбарларга боғлиқ. Балиқ бошидан сасийди, деган мақол бор. Шу боис, ҳамма нарса тепада ўтирган одамларга бориб тақалади. Совет Иттифоқи қулаши ортидан ҳокимиятга келганлар халқни ўйлашмади. Ишсизилк кучайди. Одамлар бола-чақаларини боқа олмай қолишди. Кейин миллатчилар пайдо бўлишди. Улар барча муаммолар учун бошқа миллатларни айбдор қилиб кўрсатишди. Менимча, ана шу учун ҳозиргидек бир аҳвол юзага келди. Агар ҳокимиятдагилар рисоладагидек яшаш учун керакли шароитларни яратишса, одамлар ҳам урушишмайди.